Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига маъқуллаш учун келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йил 7 майдаги 42-II-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2010 йил 26 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги, 2010 йил 27 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузаларининг асосий қоида ва хулосаларини рўёбга чиқариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракат дастури 1.2-бандининг 1.2.1-кичик бандини ижро этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига маъқуллаш учун келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2006 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралда бўлиб ўтган йиғилишидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 24 февралда ўтказилган бешинчи ялпи мажлисидаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш — фаолиятимиз мезони бўлиши даркор» маърузаларининг асосий қоидаларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни бажаришга оид Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ҳаракат дастурининг 8.4, 9.1, 9.2, ва 9.3-бандларини амалга ошириш тўғрисида»ги 199-I-сонли қарорининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 29 октябрь,
106-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 29 октябрдаги 106-II-сонли қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига маъқуллаш учун келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига маъқуллаш учун келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига мувофиқ ишлаб чиқилган.
2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) қабул қилган ва Сенатга маъқуллаш учун келиб тушган қонунларни (бундан буён матнда қонунлар деб юритилади) дастлабки тарзда кўриб чиқиш, қонунларни кўриб чиқиш ҳамда маъқулланган қонунларни имзолаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юбориш билан боғлиқ Сенат қарорларини ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қонун Сенат Девонида рўйхатга олинган кундан бошлаб Сенатга киритилган ҳисобланади. Қонунни Сенатга киритиш чоғида унга қуйидаги материаллар илова қилинади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
а) Қонунчилик палатасининг қонунни қабул қилиш тўғрисидаги қарори;
б) Қонунчилик палатаси қабул қилган қонун;
в) қонуннинг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати;
г) қонун қабул қилиниши муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек улар ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақидаги қонун;
д) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши керак бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати;
е) моддий харажатлар талаб қилинадиган қонунлар учун молиявий-иқтисодий асослар;
ж) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
з) қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъект томонидан қонун лойиҳаси билан бирга Қонунчилик палатасига тақдим этилган материаллар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Келиб тушган қонун унга илова қилинган материаллар билан бирга Сенат Раисига берилади. Сенат Раиси қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқадиган масъул Сенат қўмитасини (бундан буён матнда масъул қўмита дейилади) белгилайди.
Сенат Раиси қонунни Сенатнинг бир нечта қўмитасига топшириб, улар орасидан қонунни кўриб чиқиш учун масъул қўмитани белгилашга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Қонун унга илова қилинган материаллар билан бирга нусха кўчириш ҳамда Сенат Раисининг топшириғида кўрсатилган шахсларга топшириш учун Сенат Девонининг Умумий бўлимига қайтарилади.
6. Қонун унга илова қилинган материаллар билан бирга Сенат Девонининг Раҳбарига берилади, уларнинг нусхалари эса Сенат Раисига, Сенат Раисининг ўринбосарига, масъул қўмитага, Сенат Девонининг Юридик бўлимига, Назорат-ахборот бўлимига, Матбуот ва таржима бўлимига, Сенатнинг матбуот котибига берилиши шарт. Агар қонун Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация ёки денонсация қилишга оид бўлса, қонуннинг нусхаси Халқаро алоқалар бўлимига ҳам берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқишда Сенат Раиси, Сенат Раисининг ўринбосари, Сенат Кенгаши, Сенат қўмиталари раислари ва Сенат қўмиталарининг ваколатлари
7. Сенат Раиси Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарликни амалга оширади, қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш юзасидан Сенат қўмиталарининг фаолиятини мувофиқлаштиради, Сенат ва унинг Кенгаши қарорларини имзолайди, Сенат маъқуллаган қонунларни имзолаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборади, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
8. Сенат Раисининг ўринбосари Сенат Раисининг топшириғига мувофиқ Сенат қўмиталари томонидан қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш муддатларига риоя этилишини, қонунларни Сенат қўмиталари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги ахборотнинг умумлаштирилишини назорат қилади, зарур бўлганда қонунларни кўриб чиқиш бўйича қўмиталар ишчи гуруҳлари мажлисларида раислик қилади, қонунлар юзасидан Сенат қарорларининг лойиҳаларига виза қўяди, Сенат қўмиталари ва Сенат Девонининг фаолиятини мувофиқлаштиради, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
9. Сенат Кенгаши Сенат қўмиталарининг ишини, Сенат ялпи мажлисларининг кун тартиби юзасидан таклифлар тайёрлашни мувофиқлаштиради, қонунлар Сенат қўмиталари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилишини ташкил этади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
10. Масъул қўмита раиси:
а) қонунларни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарур материалларни тайёрлашни ташкил этади, қўмита мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;
б) қўмита аъзоларига топшириқлар беради, уларга қонунларни кўриб чиқиш билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;
в) қонунларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар ишида қатнашиш учун қўмита аъзоларини белгилайди;
г) қўмита ишида қатнашиш учун давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни, жамоатчилик ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар вакилларини, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакилларини таклиф этади;
д) қонунларни қўмитада кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган ахборотни умумлаштиради, тегишли ҳужжатлар (қонунларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар йиғилишларининг баённомалари ва бошқалар) расмийлаштирилишини ташкил этади;
е) Сенат ялпи мажлислари, Сенат Кенгаши мажлисларида, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан муносабатларда қўмитанинг номидан иш кўради;
ж) Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат Раиси ва Сенат Раисининг ўринбосарига қонунларни кўриб чиқиш билан боғлиқ топшириқларнинг бажарилиши ҳақида ахборот беради;
з) қўмита аъзоларига уларнинг тавсияларини кўриб чиқиш ҳақида ахборот беради;
и) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
11. Сенат қўмиталари Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат Раисининг ва Сенат Раиси ўринбосарининг топшириқлари ҳамда тавсияларига мувофиқ қонунларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади. Қонунларни кўриб чиқиш жараёнида Сенат қўмиталари:
а) қонунлар юзасидан хулосалар беради;
б) Сенат қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқади;
в) қонунни Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақида ёки унинг устидаги ишларни давом эттириш ҳақида ёхуд қонунни рад этиш ҳақида Сенат Кенгашига асослантирилган таклифлар киритади;
г) давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, эксперт хулосалари ва бошқа хулосаларни, статистик ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олади;
д) қонунларни кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳлар тузади, улар таркибига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларини жалб этади;
е) рад этиш учун Сенат ялпи мажлисига киритилаётган қонунларнинг матнларини ўзгартириш ёки уларга қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. Қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиб-таомили
1-§. Қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқишга тайёргарлик кўриш бўйича умумий масалалар
12. Қонунни масъул қўмита томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқиш муддати, қоида тариқасида, қонун қўмитага келиб тушган санадан бошлаб ўн беш кундан ошмаслиги керак.
Зарур ҳолларда Сенат Раиси масъул қўмита раисининг билдиргиси асосида қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш муддатини узайтириши мумкин.
13. Масъул қўмита қонун келиб тушган кундан эътиборан икки кун ичида қонун нусхаларини манфаатдор давлат органларига, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар ва илмий муассасаларга фикрномалар тайёрлаш учун юборади. Қонун нусхалари юбориладиган ташкилотлар рўйхати масъул қўмита раиси томонидан белгиланади.
14. Масъул қўмита раиси қонун келиб тушган кундан эътиборан икки кун ичида қонун нусхаларини ҳудудий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ўрганиш ва таклифлар бериш учун жойларда ишлаётган масъул қўмита аъзоларига юбориши мумкин. Барча материаллар электрон почта орқали юборилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Масъул қўмита аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, корхоналарда, муассасаларда ва ташкилотларда қонунни муҳокама қилиш бўйича тадбирларни ташкил этиши мумкин. Ўтказилаётган тадбирлар жараёнида тушган таклифлар масъул қўмита аъзолари томонидан ўрганилади ҳамда умумлаштирилади ва масъул қўмитага берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Қўмита аъзолари давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларидан, корхона, муассаса, ташкилотлардан, мансабдор шахслардан қонун бўйича таклифлар тайёрлаш учун зарур ҳужжатлар, эксперт хулосалари ва бошқа хулосаларни, статистик ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин.
2-§. Қонуннинг масъул қўмита томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилиши
17. Фикр билдириш учун юборилган қонун юзасидан таклиф ва мулоҳазалар келганидан кейин масъул қўмита раиси қонунни кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳ ташкил этиш зарурлигини белгилайди. Қонун юзасидан масалалар юзага келмаган тақдирда, ишчи гуруҳ тузилмаслиги мумкин.
18. Ишчи гуруҳ вужудга келган масалаларни ҳал қилиш ҳамда қонун юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазаларни муҳокама этиш учун тузилади. Ишчи гуруҳ таркибига сенаторлар, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий муассасалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти вакиллари, мутахассислар ва олимлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари киритилади.
19. Башарти, қонун бир нечта қўмитада кўриб чиқилаётган бўлса, улар томонидан қўшма ишчи гуруҳ тузилиши мумкин.
20. Минтақаларни ривожлантиришнинг ҳал қилиниши кўриб чиқилаётган қонун билан боғлиқ масалаларини ечиш учун ишчи гуруҳлар таркибига сенаторлар — масъул қўмитанинг жойларда ишлаётган аъзолари жалб этилиши мумкин.
21. Ишчи гуруҳ мажлисларига Қонунчилик палатаси депутатлари ва қонунни Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари таклиф қилиниши мумкин.
22. Зарур ҳолларда масъул қўмита қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш чоғида юзага келадиган саволлар бўйича фикр-мулоҳазаларини олиш учун экспертлар, мутахассислар, олимларни жалб этиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Масъул қўмита қонун юзасидан тушган мулоҳаза ва таклифларнинг ҳисобини юритади, умумлаштиради, ўрганади ва таҳлил қилади.
24. Ишчи гуруҳнинг мажлислари ўтказиладиган санани ва мажлислар сонини масъул қўмита раиси қонуннинг мураккаблигига ҳамда қонун юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазалар сонига қараб белгилайди.
25. Ишчи гуруҳ аъзоларига ишчи гуруҳ мажлиси ўтказиладиган сана ҳақида олдиндан хабар берилади. Ишчи гуруҳ аъзоларига ёки улар ишлайдиган ташкилотга юбориладиган хат ёки телефонограмма масъул қўмита раиси томонидан имзоланади.
26. Ишчи гуруҳнинг мажлисига масъул қўмита раиси ёки унинг топшириғига мувофиқ Сенатда доимий асосда ишлайдиган қўмита аъзоси раҳбарлик қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Ишчи гуруҳнинг мажлислари ҳозир бўлганларнинг фамилиясини, исми, отасининг исмини, иш жойини ва лавозимини аниқлашдан бошланади. Масъул қўмитанинг раиси, у бўлмаганда эса — унинг ўринбосари ёки қўмитанинг бошқа аъзоси мажлиснинг умумий боришига раҳбарлик қилади, ишчи гуруҳ аъзоларига сўз беради, муҳокама қилинаётган масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритади ва мулоҳазалар билдиради, қонун юзасидан билдирилган фикрларни ҳисобга олиб боради. Ишчи гуруҳ мажлисларида масъул қўмита аъзоларининг таклиф ва мулоҳазалари, тегишли ташкилотларнинг фикрномалари, экспертлар, мутахассислар ва олимларнинг фикрлари муҳокама қилинади.
Мажлис давомида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ёки конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ўтказиш чоғида билдирилган таклифлар ҳам муҳокама қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28. Ишчи гуруҳ мажлисларида баённома юритилиб, раислик қилувчи томонидан имзоланади.
29. Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш жараёнида масъул қўмита қўмита хулосасининг таркибий қисми ҳисобланадиган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, қонунчилик техникаси қоидаларига, халқаро принциплар ва нормаларга мувофиқлигини белгилайди.
30. Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижалари бўйича масъул қўмита раиси томонидан қўмита хулосасининг лойиҳаси тайёрланади. Масъул қўмитанинг хулосасида ушбу Низомнинг 29-бандида назарда тутилгандан ташқари, қоида тариқасида, қуйидагилар кўрсатилади:
а) қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан Қонунчилик палатасига киритилган сана, Қонунчилик палатаси қонунни қабул қилган сана ва қонун Сенатга келиб тушган сана;
б) қонуннинг мақсади ёки асосий вазифалари;
в) қонунни қабул қилиш зарурлигини асослаш, шу жумладан қонунни қўллаш амалиётини ўрганиш ва ҳисобга олиш масалалари, ҳуқуқий тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёжни аниқлаш, қонунчиликнинг самарадорлигига таъсир кўрсатадиган сабаблар ва шароитлар;
г) қонуннинг тузилиши (моддалар, боблар, бўлимлар сони ва уларнинг асосий мазмуни);
д) қонуннинг илгари амал қилган ёки ҳозирги кунда амал қилиб турган, шу хилдаги муносабатларни тартибга соладиган қонун ҳужжатларидан фарқи (янги нормалар ва қоидалар киритилганлиги);
е) давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг, шунингдек фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий муассасалар, олимлар ва мутахассисларнинг тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситаларидан олинган маълумотларни умумлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш масалалари;
ж) бошқа давлатларнинг қонунчилик йўли билан тартибга солиш тажрибасини ҳисобга олиш масалалари;
з) Сенат Кенгашига тавсиялар.
3-§. Қонунни дастлабки тарзда муҳокама қилиш бўйича масъул қўмита мажлисини ўтказиш
31. Масъул қўмита хулосасининг лойиҳаси масъул қўмита мажлисида муҳокама қилинади ва масъул қўмита раиси томонидан имзоланади.
32. Масъул қўмита мажлислари, агар уларда қўмита таркибининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.
33. Масъул қўмита мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганда қўмита ёпиқ мажлис ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.
34. Масъул қўмита мажлисларига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.
35. Масъул қўмита кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қўмита аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.
36. Масъул қўмитанинг қонун юзасидан қарорида қуйидагилар тўғрисида ахборот берилади:
а) қонун юзасидан қўмита хулосасининг лойиҳасини кўриб чиқиш натижалари;
б) қонун юзасидан масъул қўмита хулосасини ўқиб эшиттирадиган сенатор;
в) қонун юзасидан уни муҳокама қилиш тартибида сўзга чиқадиган сенаторлар.
37. Масъул қўмитанинг хулосасида қонунни маъқуллаш ёки рад этиш ҳақида тавсия билан қонун баҳоланган бўлиши керак. Қонунни рад этиш зарурлиги ҳақидаги хулосада масъул қўмита қонунни рад этиш зарур деб ҳисоблашининг важлари баён этилган бўлиши керак.
38. Қонунни рад этиш учун унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва бошқа қонун ҳужжатларига мос эмаслиги, қонун нормалари ўртасида номувофиқликлар ва қарама-қаршиликлар борлиги, қонунни қабул қилишга зарурат йўқлиги, қонуннинг қонунчилик техникаси қоидаларига, халқаро принциплар ва нормаларга мувофиқ эмаслиги асос бўлади.
4-§. Қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида Сенат қарори лойиҳасини тайёрлаш
39. Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижаларига қараб, масъул қўмита қонунни маъқуллаш ёки уни рад этиш тўғрисида Сенат қарорининг лойиҳасини тайёрлайди.
40. Қонунни рад этиш ҳақидаги Сенат қарорининг лойиҳаси қонунни рад этиш тўғрисидаги таклифни ёки қонунни рад этиш, айни вақтда келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклифни ўз ичига олган бўлади.
41. Келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклиф қонуннинг айрим нормалари юзасидан келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда, шу жумладан:
а) қонун матнида атамашунослик ва стилистик йўналишдаги ноаниқликлар бўлганида;
б) қонунни техник жиҳатдан расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар мавжуд бўлганда;
в) қонунчилик техникаси қоидалари бузилганда;
г) қонун нормалари ўртасида қарама-қаршиликлар келиб чиққанда;
д) қонун нормалари билан амалдаги қонун ҳужжатлари ўртасида қарама-қаршиликлар бўлганида;
е) қонуннинг битта ёки бир нечта нормаси рад этилганида;
ж) бошқа асослар мавжуд бўлганида киритилади.
42. Агар қўмитанинг фикрича, вужудга келган келишмовчиликлар бўйича бир фикрга келиш мумкин бўлмаса ёки қонунни концептуал даражада тўла қайта ишлаб чиқиш талаб қилинса, келишув комиссиясини тузмасдан қонунни рад этиш ҳақида таклиф киритилади. Келишув комиссиясининг иш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2005 йил 8 ноябрдаги 152-I-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2005 йил 3 декабрдаги 112-I-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг келишув комиссиясини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-§. Сенат Кенгаши томонидан масъул қўмита хулосасининг кўриб чиқилиши
43. Масъул қўмитанинг қонунни Сенат ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш мумкинлиги ҳақида ёки қонун устида ишни давом эттириш зарурлиги ҳақида таклиф билдирилган хулосаси Сенат Кенгашининг муҳокамасига тақдим этилади.
44. Сенат Кенгаши масъул қўмита хулосасини муҳокама қилиш натижалари бўйича қонунни муҳокама қилиш учун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш ёки киритмаслик ҳақида қарор қабул қилади.
45. Қонунни Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2005 йил 6 майда қабул қилинган 29-I-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-§. Қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш бўйича масъул қўмиталарнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш
46. Масъул қўмиталар қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш борасидаги ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб борадилар. Масъул қўмиталар ва ишчи гуруҳлар мажлисларига оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилиши мумкин.
47. Масъул қўмиталарнинг қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборот ва улар томонидан қабул қилинган қарорлар Сенатнинг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида жойлаштирилиши, «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.
IV. Қонунларга илова қилинадиган ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби
48. Масъул қўмита раиси, Сенат Девонининг Раҳбари, Юридик бўлим мудири, Матбуот ва таржима бўлими мудири, агар қонун Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация ёки денонсация қилишга оид бўлса, Халқаро алоқалар бўлими мудирининг визаси қўйилган қонун юзасидан Сенат қарорининг лойиҳаси Сенат Раисининг ўринбосарига топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Сенат Раисининг ўринбосари томонидан виза қўйилган Сенат қарорининг лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилади.
49. Қонун юзасидан белгиланган тартибда виза қўйилган Сенат қарорининг лойиҳаси ва масъул қўмита хулосаси қўмита раиси томонидан Сенат Девонининг Раҳбарига топширилади.
50. Қонун юзасидан Сенат қарори лойиҳасининг, масъул қўмита хулосасининг, қонун матнининг нусхалари ва Қонунчилик палатасидан қонун билан бирга келиб тушган бошқа ҳужжатлар Умумий бўлим ходимлари томонидан кўпайтирилади ҳамда Назорат-ахборот бўлимига берилади.
51. Масъул қўмита томонидан қонун юзасидан Сенат қарорининг лойиҳаси билан бир вақтда ушбу қарорни тарқатиш варағи тайёрланиб, у Сенат Девонининг Раҳбари билан келишилади.
52. Сенатнинг ҳар бир аъзосига Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасида иштирок этиш учун қонун юзасидан Сенат қарорининг лойиҳаси, масъул қўмита хулосаси, қонун матни ва Қонунчилик палатасидан қонун билан бирга келиб тушган бошқа ҳужжатлар берилади.
53. Қонун юзасидан Сенат қарорининг рус тилидаги электрон нусхаси Умумий бўлимда, давлат тилидаги нусхаси эса Матбуот ва таржима бўлимида сақланиб, бу бўлимлар Сенатнинг ялпи мажлисида қабул қилинган Сенат қарори тегишли бланкада чиқарилишини таъминлайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
54. Сенат Раисининг ўринбосари, масъул қўмита раиси, Сенат Девонининг Раҳбари, Юридик бўлим мудири, Матбуот ва таржима бўлимининг мудири шунингдек, агар қонун Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация ёки денонсация қилишга оид бўлса, Халқаро алоқалар бўлимининг мудири виза қўйган қонун юзасидан Сенат қарори масъул қўмита раиси томонидан Сенат Раисига имзолаш учун топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
55. Сенат томонидан маъқулланган ва белгиланган тартибда визалар қўйилган қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига юборилади. Бунда қонунга қонуннинг тўртта нусхаси ва Сенат қарорининг Умумий бўлим муҳри билан тасдиқланган нусхаси, қонуннинг электрон нусхаси, Сенат масъул қўмитаси хулосасининг нусхаси илова қилинади. Айни вақтда юборилган ҳужжатларнинг нусхалари Сенат Раисига, Сенат Раисининг ўринбосарига, Сенат Девонининг Раҳбарига, масъул қўмита раисига, Юридик бўлимга, Матбуот ва таржима бўлимига берилади. Агар қонун Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация ёки денонсация қилишга оид бўлса, мазкур ҳужжатларнинг нусхалари Халқаро алоқалар бўлимига ҳам топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
56. Қонун ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ҳужжат олинганлигини тасдиқловчи имзо билан топширилади. Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига топширишни Сенат Девонининг Раҳбари ташкил этади. Бунда илова хатнинг бир нусхаси Умумий бўлимга берилади, иккинчи нусхаси эса, ҳужжатлар олинганлигини тасдиқловчи имзо билан масъул қўмитага топширилади.
57. Қонунни маъқуллаш тўғрисидаги Сенат қарорининг Умумий бўлим муҳри билан тасдиқланган нусхаси қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.
58. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланганидан кейин қонунни кўриб чиқиш билан боғлиқ ҳужжатлар (Сенат қарори, тарқатиш варағи, масъул қўмита хулосаси, Қонунчилик палатасидан келган ҳужжатлар) масъул қўмита томонидан беш кун ичида Умумий бўлимнинг баённомалар шуъбасига топширилади. Бунда ишчи гуруҳлар ва масъул қўмита мажлисларининг иш материаллари йиғмажилдга жойланиб, бу йиғмажилд Сенат архивига топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
59. Қонунни рад этиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун матни ҳамда масъул қўмита хулосасининг нусхаси билан бирга Қонунчилик палатасига қайтарилади. Ҳужжатларни Қонунчилик палатасига топширишни Сенат Девонининг Раҳбари ташкил этади. Бунда илова хатнинг бир нусхаси Умумий бўлимга топширилади, иккинчи нусхаси эса, ҳужжатлар олинганлигини тасдиқловчи имзо билан ишга оид материалларга тикиб қўйилади.
V. Якунловчи қоидалар
60. Масъул қўмиталарнинг қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолиятини ташкилий жиҳатдан, ахборот билан, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Сенат Девони томонидан амалга оширилади.
61. Масъул қўмиталарнинг қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолиятини таъминлаш деганда юридик ва лингвистик экспертизани амалга ошириш, қонунларнинг нусхаларини кўпайтиришни ташкил этиш ҳамда манфаатдор вазирликларга, давлат қўмиталари, идоралар, илмий муассасаларга, шунингдек бошқа ташкилотларга юбориш, ишчи гуруҳ мажлисига таклиф этилган шахслар рўйхатини тайёрлаш ва уларни тегишли милиция постларига топшириш, телефонограммалар ва тегишли хатлар жўнатилишини ташкил этиш, ишчи гуруҳлар мажлисларининг баённомаларини тайёрлаш тушунилади.
62. Сенат Девони бўлимларининг фаолиятини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг 2010 йил 22 июлдаги 85-сонли Фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Девонининг бўлимлари тўғрисидаги низомлар билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 10-сон, 401-модда; 2015 й., 6-сон, 261-модда)