Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахбороти ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунида белгиланган ваколатларга мувофиқ Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Тасдиқланган Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан 2012 йил январь – июнь ойларида демографик ўзгаришлар ва иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгартиришларнинг меҳнат бозорига таъсири инобатга олинган ҳолда ҳудудларнинг ва иқтисодиёт тармоқларининг иқтисодий салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусини рағбатлантириш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги муаммоларни изчил ҳал қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу давр ичида 510,5 мингта иш ўрни (прогноз кўрсаткичларининг 105,5 фоизи), шу жумладан қишлоқ жойларда 345 мингта иш ўрни ташкил этилди.
Кичик бизнесни ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга ошириш натижасида 244,6 мингта (101,3 фоиз); касаначиликни ривожлантириш натижасида 122,2 мингта (105 фоиз); қишлоқда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш натижасида 69,5 мингта (108,4 фоиз); ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантириш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини кенгайтириш натижасида 38,6 мингта (108,9 фоиз); саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастурни, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, техника ва технология жиҳатидан қайта қуроллантириш дастурларини, Инвестиция дастурини, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини, ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожланиш ҳудудий дастурларини, минтақавий инвестиция дастурларини амалга ошириш натижасида 28,9 мингта (113,6 фоиз); вақтинча ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш натижасида 6,8 мингта (109,4 фоиз) иш ўрни ташкил этилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, касаначиликни, оилавий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари 2011 йилга қараганда 1,4 марта кўп, умумий суммаси 2,9 трлн сўмга тенг кредитлар ажратди.
Айни бир вақтда ушбу даврда мамлакатимизнинг бир қатор туманларида Дастурнинг прогноз параметрлари бажарилмади. Масалан, прогноз параметрлари Андижон туманида 95 фоизга, Чортоқ туманида 96 фоизга, Боғдод туманида 95 фоизга, Янгибозор туманида 97,5 фоизга бажарилди. Айрим шаҳарлар ва туманларда 2011-2012 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирганларни ишга жойлаштириш тўлиқ амалга оширилди, деб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури сўзсиз бажарилиши юзасидан чора-тадбирлар кўриш;
Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, техника ва технология жиҳатидан қайта қуроллантириш дастурларини, Инвестиция дастурини, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини, ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожланиш ҳудудий дастурларини, минтақавий инвестиция дастурларини амалга ошириш вақтида янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;
зарурат тақозо этса, меҳнат ва бандлик соҳасида давлат кафолатларини янада мустаҳкамлаш, таълим муассасалари битирувчиларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини янада кучайтириш мақсадида тегишли қонун ҳужжатларига янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашни рағбатлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:
кейинги йилларга мўлжаллаб тайёрланадиган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларига доир қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури амалга оширилишининг мониторингини давом эттирсин ва танқидий таҳлилини таъминласин;
иш билан банд бўлмаган аҳолини, айниқса қишлоқ жойлардаги иш билан банд бўлмаганларни, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган тоифаларини, биринчи навбатда, кўп болали аёлларни, ногиронларни, таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш, касбга қайта тайёрлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилишига кўмаклашсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банкларининг балансига ўтказилган вақтинча ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўрилишига кўмаклашсин.
5. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари:
кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқарилишини кенгайтириш дастурлари доирасида янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, идораларга қарашли ишлаб турган корхоналар ва ташкилотларни модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳисобига 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг параметрлари тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар;
касаначиликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этишга ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратсинлар.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг иш ўринлари ташкил этиш борасидаги ҳудудий параметрларига доир қисми бажарилишининг боришини мониторинг қилишни ва ҳар ойда кўриб чиқишни давом эттирсинлар;
ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожланиш ҳудудий дастурларини, қишлоқ жойларда хизматлар кўрсатиш, якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини ва пудратга асосланган қурилиш ишларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, фермер хўжаликларини янада ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизация қилиш доирасида ишчи кучига нисбатан талаб ва таклифнинг мутаносиблигини, айниқса ишчи кучи кўп бўлган минтақаларда, қишлоқ жойларда бундай мутаносибликни таъминлаган ҳолда меҳнат бозорининг ҳудудий тузилмасини такомиллаштирсинлар;
инфратузилма барпо этиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг коммуникация тармоқларига уланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратсинлар;
инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисидаги дастурни, ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни бажариш доирасида аҳолини инфратузилма лойиҳаларини ҳамда ободонлаштириш ишларини амалга оширишга жалб этишни, шу жумладан ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш йўли билан жалб этишни кенгайтирсинлар;
иш билан банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан аҳолининг кам таъминланган тоифаларини, биринчи навбатда, кўп болали аёллар, ногиронлар ва ишсизларни, бўшаб қолган ходимларни, таълим муассасаларининг битирувчиларини, аввало, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштиришни йирик шаҳарлар ва туманларда бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказиш, мунтазам амал қилиб турувчи «корхона-коллеж» алоқаларини йўлга қўйиш орқали таъминласинлар;
ўз саъй-ҳаракатларини меҳнат қилиш борасидаги тенгликни ва ишнинг эркин танланишини, ташкил этилаётган иш ўринларининг сақланиши ва барқарорлигини таъминлашга қаратсинлар;
тегишли ҳудудларда 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрларининг сифатли, ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига тўсқинлик қилаётган сабабларни аниқлаб, уларни атрофлича таҳлил этсинлар ҳамда бартараф этиш чора-тадбирларини кўрсинлар;
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг рўёбга чиқарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда жалб этсинлар;
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишига кўмаклашиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини рўёбга чиқариш устидан назоратни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг фаол иштирок этишини таъминласинлар.
8. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2012 йил 19 сентябрь,
535-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 9/2-сон, 248-модда)