Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг Сенат ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича 2010-2011 йиллар ҳамда 2012 йилнинг ўтган даври мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмини такомиллаштириш ва улар фаолиятини янада кучайтириш бўйича муайян ишлар қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (бундан буён матнда Сенат комиссияси деб юритилади) фаолиятининг асосий йўналишлари Сенат Кенгашининг 2010 йил 31 мартдаги Қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга доир 2010 – 2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури, Сенат Кенгашининг 2010 йил 7 майдаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2010 йил 26 январдаги Сенатнинг биринчи мажлисидаги, 2010 йил 27 январдаги Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир» номли маърузаларининг асосий қоида ва хулосаларини рўёбга чиқариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракат дастури, Сенатнинг 2010 йил 3 декабрдаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасининг асосий қоидалари ва хулосаларини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиқадиган талабларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг чора-тадбирлар дастури билан белгиланган. Шунингдек, Сенат комиссиясининг фаолияти йиллик иш режалари асосида амалга оширилган.
2010 йилга режалаштирилган тадбирлар доирасида жойларда Сенат комиссиясининг аъзолари бўлган сенаторлар бошчилигида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларидан иборат Сенат комиссиясига ёрдам берувчи ўн тўртта ишчи гуруҳ ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилган. Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги айрим ишчи гуруҳларнинг фаолияти вақти-вақти билан Сенат комиссияси мажлисларида кўриб чиқилган. Чунончи, 2010 йил июнда Сенат комиссияси Андижон вилояти Сенат комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги фаолияти тўғрисидаги, шунингдек Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларнинг иш режаларини тузишда амалий ёрдам бериш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиққан. 2011 йил 27 декабрда Сенат комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида тузиладиган Сенат комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳларнинг фаолият тартиби ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
Сенат комиссияси томонидан халқ депутатлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоят Кенгашлари билан биргаликда 2010 йил июнь ойида тинчлик ва барқарорликка трансчегаравий таҳдидларга қарши курашиш вазифаларини муҳокама қилиш мақсадида Фарғона водийси вилоятларининг чегара олди туманларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарларининг иштирокида «Огоҳлик – давр талаби» мавзуида семинарлар ўтказилган. 2010 йил сентябрда Сенат комиссияси Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан биргаликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлиги масаласи бўйича давра суҳбати ўтказган.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий саводхонлигини оширишга қаратилган тадбирларни рўёбга чиқариш Сенат комиссияси фаолиятида муҳим йўналишдир. Ана шу мақсадларда Сенат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури билан биргаликда Жиззах ва Наманган вилоятларида вакиллик ҳокимияти органлари фаолият юритишининг ҳуқуқий асослари бўйича минтақавий семинар-тренинглар ўтказилишини ташкил этган. Бундан ташқари, Сенат комиссиясининг ташаббуси билан марказий вақтли нашрларда «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида» рукни очилган, сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш масалалари бўйича семинар-тренинглар ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасининг қоидалари ва хулосаларини тушунтириш мақсадида 2011 йил февралда Сенат комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси билан биргаликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари учун минтақавий ўқув семинарлари ва давра суҳбатлари ҳамда 2011 йил июлда Андижон ва Бухоро вилоятларида амалдаги қонунларда назарда тутилган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш вазифаларининг маҳаллалар томонидан амалга оширилиши юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, «Маҳалла» жамғармаси ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари вакилларини жалб қилган ҳолда семинарлар ўтказилган. Шунингдек, 2011 йил июлда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Инқирозга қарши чораларнинг 2009 – 2012 йилларга мўлжалланган дастурини рўёбга чиқаришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг роли тўғрисида минтақавий ўқув семинарлари ўтказилган.
2011 йилда Сенат комиссиясининг ташаббуси билан ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан парламент назорати институтини такомиллаштириш (Андижон, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри), ижтимоий шерикликнинг турли шаклларини ривожлантириш, маҳаллий ҳокимият органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлиги (Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси), марказда ва жойларда ижро этувчи ҳокимият органлари устидан назоратни амалга ошириш соҳасида Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлиги механизмини янада такомиллаштириш (Хоразм вилояти), шунингдек «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш (мамлакатнинг барча минтақаларида) масалалари бўйича ҳам тадбирлар ташкил этилган ва ўтказилган.
Сенат Кенгашининг 2011 йил 30 декабрдаги 284–II-сонли Қарори билан тасдиқланган Сенат комиссиясининг 2012 йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ 2012 йил мартда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатларининг фаолиятини ташкил этиш масалалари» мавзуида минтақавий семинар-тренинглар ўтказилган.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссиялари фаолиятининг норматив асоси бирхиллаштирилишини, улар зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишга ягона ва тизимли ёндашувга эришилишини таъминлаш учун Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисида намунавий низом янгидан ишлаб чиқилган ва Сенат Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги мажлисида тасдиқланганидан кейин жойларга юборилган. Вакиллик ҳокимиятининг вазифалари тўғрисидаги билимларни шакллантириш ва чуқурлаштириш мақсадида 2010 йилда «Парламент фаолиятининг асослари» қўлланмаси нашр этилган, 2012 йилда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари фаолиятини ташкил этишнинг айрим жиҳатлари бўйича услубий тавсиялар» номли амалий қўлланма нашрга тайёрланган.
Назорат фаолияти доирасида Сенат комиссияси томонидан халқ депутатлари Сурхондарё ва Фарғона вилоят Кенгашларининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги масала кўриб чиқилган. 2011 йил майда Сенат комиссияси ҳамда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси халқ депутатлари Жиззах ҳамда Сирдарё вилоят Кенгашлари билан биргаликда Сенатнинг 2009 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 27 мартдаги «Инқирозга қарши чораларнинг 2009 – 2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида»ги 624–I-сонли Қарорининг ижро этилиши ҳақида»ги Қарорининг бажарилиши масаласи юзасидан сайёр мажлислар ўтказган.
2011 йилдан бошлаб Сенат комиссияси томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг мониторинги янада тизимли равишда амалга оширилмоқда. Ҳар ярим йилликда Сенат комиссиясининг мажлисларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини мониторинг қилиш якунлари кўриб чиқилмоқда. Чунончи, 2011 йил ноябрда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан биргаликда халқ депутатлари Андижон ва Самарқанд вилоят Кенгашларининг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларни рўёбга чиқаришда, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда ҳокимият вакиллик органларининг ролини оширишдаги иштироки тўғрисидаги масала ўрганиб чиқилган. 2011 йил декабрда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг веб-сайтлар очиш бўйича фаолияти мониторинги ўтказилган, Навоий вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ижро этувчи ҳокимият ҳудудий органларининг фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш борасидаги иш тажрибаси ўрганилган. Бундан ташқари, Сенат комиссиясининг Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан биргаликда ўтказилган мажлисида қуйи турувчи прокурорларнинг қонунийликнинг ва жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисидаги тегишли халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги ахборотини муҳокама қилиш якунлари чиқарилган. Мажлисларнинг якунлари бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ишининг самарадорлигини ошириш бўйича тавсияларни ўз ичига олган қарорлар қабул қилинган.
2012 йил февралда Сенатнинг 2010 йил 3 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузаси ҳамда мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда Олий Мажлис Сенати, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини кучайтириш борасидаги 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган вазифалар тўғрисида»ги 116–II-сонли Қарори халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ижро этилишини мониторинг қилиш якунларини ўрганиш билан боғлиқ тадбирлар рўёбга чиқарилган.
Сенат Кенгашининг 2010 йил 31 мартдаги 30–II-сонли Қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга доир 2010 – 2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига мувофиқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг 2011 йилдаги фаолиятининг комплекс мониторингини ўтказиш ташкил этилган. 2012 йил февралда Сенат комиссиясининг мажлисида «Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашларини белгилаш ҳамда уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Сенат комиссияси ва Сенат қўмиталарининг қўшма мажлисларини ўтказиш амалиёти давом эттирилган.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолияти самарали ташкил этилиши учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, улар доимий комиссиялари раҳбарларининг масъулиятини ошириш мақсадида Сенат комиссияси томонидан халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг 2011 йилдаги фаолиятини ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш якунлари Сенат комиссиясининг 2012 йил мартда Қашқадарё вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган сайёр мажлисида кўриб чиқилган. 2012 йил майда халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши доимий комиссиялари раисларининг Сенатнинг 2009 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 27 мартдаги «Инқирозга қарши чораларнинг 2009 – 2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида»ги 624–I-сонли Қарорининг ижро этилиши ҳақида»ги Қарорининг халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан бажарилиши тўғрисидаги ахбороти тингланган.
Намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг фаолиятини кучайтириш мақсадида 2012 йил майда Сенат комиссияси томонидан 2012 йил 18 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашларини белгилаш ҳамда уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги 04–II-сонли қарори ижро этилишини таъминлаш учун Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар фаолиятини янада кучайтиришни назарда тутадиган 07–II-сонли қарор қабул қилинган. Намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Намунавий тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва халқ депутатлари Кенгашларига юборилган.
Сенат комиссияси ўзи қабул қилаётган қарорлар ижросининг тизимли мониторинги ўтказилишини ташкил этган. Чунончи, Сенат комиссиясининг 2012 йил майда бўлиб ўтган мажлисида Сенат комиссиясининг 2011 йил 14 декабрдаги «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг веб-саҳифалари ҳолати юзасидан мониторинг натижалари тўғрисида»ги 09–II-сонли қарорининг ижро этилиши масалалари кўриб чиқилган. Сенат комиссиясининг мажлисларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатларининг 2012 йил январь – апрель ойлари даврида оммавий ахборот воситаларида чиқишларининг якунлари кўриб чиқилган. Сенат комиссиясининг 2012 йил 18 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашларини белгилаш ҳамда уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги 04–II-сонли қарорининг ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган, шунингдек Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар раҳбарларининг 2012 йил январь – апрель ойлари даврида қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланган.
2012 йил майда Сенат комиссияси, Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қўшма мажлисида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш якунлари муҳокама қилинган.
Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда Давлат раҳбари томонидан мамлакатимиз парламенти аъзолари олдига қўйилган вазифалар бажарилишини таъминлаш мақсадида 2012 йил 8 июнда Сенат комиссияси, Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қўшма мажлисида «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинган.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ишида ижобий натижалар мавжудлигига қарамай, Сенат комиссиясининг фаолиятида фойдаланилмаган захиралар ва имкониятлар бор.
Сенат комиссиясининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолияти тўғрисидаги ахборотини тинглаш бўйича ваколатлари амалга оширилмай қолмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини мониторинг қилишнинг мавжуд тизими қайта кўриб чиқилиши талаб қилинади. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг фаолиятини мониторинг қилишга етарли эътибор қаратилмаётир. Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни рўёбга чиқаришда ташаббус ва фаоллик кўрсатмаётирлар, Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат қўмиталари ва Сенат комиссиясининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига тааллуқли қарорлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ўз вақтида рўёбга чиқарилиши устидан мониторинг амалга оширилишига етарли эътибор бермаётирлар.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг Сенат ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича 2010-2011 йиллар ҳамда 2012 йилнинг ўтган даври мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Сенат комиссияси (М. Раджабова):
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасида баён этилган асосий қоида ва хулосаларни тарғиб қилиш бўйича фаолиятини янада кучайтириш юзасидан қўшимча чоралар кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 февралдаги ПҚ–1717-сонли қарори билан тасдиқланган «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурининг ижро этилиши бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини мониторинг қилишга кўпроқ эътибор берсин;
ўз мажлисларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг фаолияти тўғрисида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раҳбарларини тинглаш амалиётини кучайтирсин;
Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар фаолиятини кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўрсин;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг фаолияти устидан тизимли мониторинг ўтказиш сифатини оширсин;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ишлашига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқсин;
ҳар чоракда ўз мажлисларида Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар фаолиятининг якунларини муҳокама қилиб борсин;
конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар тайёрлаш ҳамда ўтказиш тизимини такомиллаштирсин, тегишли услубий ва тарқатма материаллар тайёрланишини таъминласин;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолияти тўғрисида услубий қўлланмалар ва бошқа материаллар тайёрлаш борасидаги ишни давом эттирсин.
3. Сенат қўмиталари:
Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат қўмиталари ва Сенат комиссиясининг қарорлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ўз вақтида амалга оширилиши устидан назоратни кучайтирсин;
жойларда конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларни ўтказиш амалиётини кенгроқ қўлласин;
Сенат комиссияси ва Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар аъзоларини назорат тадбирлари ҳамда бошқа тадбирларни ўтказишга фаолроқ жалб этсин.
4. Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар:
Сенат комиссиясининг иш режаларига мувофиқ тадбирларни рўёбга чиқаришда янада фаолроқ иштирок этсин;
Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат қўмиталари ва Сенат комиссиясининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига тааллуқли қарорлари ўз вақтида ижро этилиши бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссияларига самарали тарзда амалий ҳамда услубий ёрдам кўрсатилишини таъминласин;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини режалаштириш ҳамда такомиллаштиришга доир таклифларни Сенат комиссияси муҳокамасига олиб чиқиш бўйича кўпроқ ташаббус кўрсатсин;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашларига амалий ёрдам кўрсатилишини кучайтирсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари:
Сенат, Сенат Кенгашининг, Сенат қўмиталари ҳамда Сенат комиссиясининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига тааллуқли қарорлари сифатли ижро этилишини ҳамда уларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ахборотлар умумлаштириш учун белгиланган муддатларда Сенат Девонига тақдим этилишини таъминласин;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашларига амалий ёрдам бериш масаласига эътиборни кучайтирсин;
ҳокимликларнинг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтларининг веб-саҳифаларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ва депутатлари тўғрисидаги ахборотлар жойлаштирилишини ва мунтазам янгилаб борилишини таъминласин;
Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар фаолиятини кучайтириш учун зарур бўлган тегишли ташкилий-техникавий ёрдамларни кўрсатсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, Сенат комиссиясига ёрдам берувчи жойлардаги ишчи гуруҳлар ушбу қарорнинг ижро этилиши ҳақида 2013 йил 10 январга қадар Сенат комиссиясига ахборот тақдим этсин.
7. Ушбу қарорнинг ижро этилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари, Сенат комиссияси раиси М. Раджабова 2013 йилнинг март ойида Сенат Кенгашига ахборот тақдим этсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 29 август,
КҚ-32-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 8-сон, 235-модда)