Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги учрашувларини ташкил этиш ва қонунларнинг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш тўғрисида
Давлат дастурлари ва қонунларнинг жойларда амалда рўёбга чиқарилиши даражасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганилиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2010 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир», шунингдек 2010 йил 29 январда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2010 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликларига бағишланган мажлисидаги «Асосий вазифамиз — Ватанимиз тараққиёти ва халқ фаровонлигини янада юксалтиришдир» мавзуидаги маърузаларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурининг 2.1-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. 2010 йилнинг 28 майидан 6 июнигача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ишлари сайлов округларида амалга оширилсин.
2. Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги учрашувларини ташкил этиш бўйича масъул қўмита этиб белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан тақдим этилган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш режаси тасдиқлансин.
Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи ўз дастурий вазифаларига асосланган ҳолда махсус ишлаб чиққан режа бўйича жойларда айрим қонунлар ижросининг боришини ўрганиши маълумот учун қабул қилинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчилар билан учрашувлар вақтида:
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2010 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир», шунингдек 2010 йил 29 январда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2010 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликларига бағишланган мажлисидаги «Асосий вазифамиз — Ватанимиз тараққиёти ва халқ фаровонлигини янада юксалтиришдир» мавзуидаги маърузаларидан келиб чиқадиган устувор вазифаларнинг моҳияти ва мазмунини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратсинлар;
мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, қабул қилинган қонунларнинг моҳияти ва мазмунини, амалга оширилаётган ўзгаришларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда парламентнинг ролини, эришилган ижтимоий-иқтисодий натижаларнинг аҳамиятини, Ўзбекистон раҳбариятининг жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида танлаган ривожланиш стратегиясининг тўғрилигини ва мамлакатда амалга оширилаётган инқирозга қарши дастурнинг самарадорлигини кенг тушунтирсинлар;
фуқаролик жамияти институтини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган қонунлар нормаларининг жойларда ижро этилиши ҳолатини чуқур ўргансинлар;
«Баркамол авлод йили» Давлат дастурининг ҳамда 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилиши жараёнига эътибор қаратсинлар;
тушунтириш ишларида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан самарали фойдалансинлар;
халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларини ишга кенг жалб этсинлар;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатлари бузилганлиги ёки бошқа қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига мувофиқ тегишли давлат органларига ва мансабдор шахсларга бундай қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича жадал чоралар кўриш талаби билан мурожаат қилсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳига:
сиёсий партияларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни рўёбга чиқаришдаги роли ва таъсирини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларида ишлаши чоғида маҳаллий партия ташкилотлари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати тузилмаларининг имкониятларидан самаралироқ фойдаланиш;
қонунларнинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижро қилиниши устидан назоратни кучайтириш бўйича чоралар кўриш;
депутатлар томонидан сайлов округларида амалга оширилган ишларнинг натижаларини 2010 йилнинг 10 июнига қадар ўз мажлисларида муҳокама қилиш ва якуний ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига тақдим этиш тавсия қилинсин.
6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва «Халқ сўзи» — «Народное слово» газеталари таҳририятларига депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари боришини махсус рукнларда кенг ёритиб бориш тавсия қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони сайлов округларидаги ишларнинг самарали амалга оширилиши учун депутатлар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришлари юзасидан уларга ахборот, ташкилий ва техникавий ёрдам кўрсатишни кучайтирсин.
8. Депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари ташкил этилиши ва ушбу қарорнинг бажарилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Вафоев зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2010 йил 26 май,
86-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 5-сон, 223-модда)