Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКАГА ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ НОҚОНУНИЙ ОЛИБ КЕЛИНИШИ ВА СОТИЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сонли «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига истеъмол товарлари олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида» 2002 йил 11 июлдаги ПФ 3105-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 20 сентябрдаги 327-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 17-18-сон, 138-модда)
2. 2002 йил 1 августдан бошлаб товар-хом ашё биржаларида республикага истеъмол товарлари олиб келинишини назарда тутувчи битишувларни амалга ошириш тақиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси кўрсатиб ўтилган операциялар божхонада расмийлаштирилишини тақиқласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига бундай ҳоллар аниқланган тақдирда кўрсатиб ўтилган товарларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиш учун олиб қўйишга рухсат берилсин.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 16 октябрдаги 446-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 20-сон, 187-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали олиб келинадиган истеъмол товарлари рўйхатини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар, бунда технология эҳтиёжлари учун товарлар ва ярим тайёр маҳсулотлар истисно қилинсин.
4. «Отчопар буюм бозори», «Карвон бозор», «Чорсу» бозори каби буюм бозорларида жисмоний шахслар томонидан сотиладиган барча импорт истеъмол товарларига республиканинг божхона чегараси орқали ўтишда улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар — гувоҳнома тақдим этилиши тартиби белгилансин.
Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда импорт истеъмол товарлари белгиланган тартибда олиб қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда импорт истеъмол товарларини божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг амалдаги механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин.
Шу билан биргаликда истеъмол товарларини олиб ўтиш ва божхонада расмийлаштиришнинг белгиланган нормалари ва тартиби бузилишига йўл қўяётган юридик ва жисмоний шахсларнинг масъулияти даражаси оширилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 19 июль,
257-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 14-сон, 109-модда, 17-18-сон, 138-модда; 2003 й., 20-сон, 187-модда; 2012 й., 35-сон, 403-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2018 й., 06/18/5303/0579-сон)