Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2012 йил биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 39,2 млрд cўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
макроиқтисодий барқарорликка ҳамда иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишига ва рақобатбардошлилигига эришилишини, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича стратегик аҳамиятга молик ва самарали инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, экспорт тузилмасини диверсификация қилиш ҳамда янги ташқи савдо бозорлари фаол ўзлаштирилишини, банк тизимининг ресурслар базаси кўпайтирилиши ва банкларнинг инвестициявий фаоллиги кучайтирилишини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича шарт-шароитлар яратилишини, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун харажатлар тўлиқ ҳамда ўз вақтида молиялаштирилишини, солиқ тушумлари механизмининг мақбуллаштирилиши ва такомиллаштирилишини бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини ҳамда бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилишини, «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурининг ҳамда 2012 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлашга, шунингдек бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришга, солиқ базасини ва минтақаларнинг молиявий салоҳиятини кенгайтириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетлар харажатларининг тўлиқ молиялаштирилишини таъминлашга қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2012 йил 15 июнь,
487-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 6-сон, 147-модда)