Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2010 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2010 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2010 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2010 йил биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 21,2 млрд cўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиётнинг юқори ва барқарор ўсиш суръатларини, самарадорлигини ва макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлаш мақсадида самарали инвестиция сиёсати ўтказилишини ва етакчи тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар амалга оширилишини, рақобат муҳити изчил ривожлантирилишини, иқтисодий ночор корхоналарнинг молиявий соғломлаштирилишини, солиқ тушумлари механизми такомиллаштирилишини, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини ва бюджет интизомига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилишини, шунингдек иш ҳақи, стипендиялар, нафақалар ҳамда аҳолига бошқа ижтимоий тўловлар тўлаш учун бюджет харажатлари тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилишини, «Баркамол авлод йили» Давлат дастурининг ҳамда 2010 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилишига доир тадбирлар ўтказилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурининг сўзсиз бажарилишига, иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ўсишини таъминлашга ҳамда шу асосда тегишли минтақалар бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишига эришишга қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2010 йил 25 май,
83-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 5-сон, 190-модда)