Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
«Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мамлакат минтақаларидаги ижроси» юзасидан парламент эшитуви тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиқадиган талабларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг чора-тадбирлар дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мамлакат минтақаларидаги ижроси юзасидан парламент эшитуви ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. Хаитов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси М.Хужамбердиевнинг ахборотини тинглаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор вазирликлар, тармоқларнинг хўжалик бошқаруви органлари, барча босқичлардаги ҳокимликлар билан биргаликда 2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури олтита йўналишининг ҳаммаси бўйича мамлакат минтақаларида тизимли ишлар амалга оширилган. Хусусан, инвестиция дастурларини, маҳаллийлаштириш дастурларини, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технология билан қайта жиҳозлаш, кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш, хусусий тадбиркорликни, уй меҳнатининг барча шаклларини, халқ ҳунармандчилигини, шунингдек оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ҳамда кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, вақтинча ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш тармоқ дастурлари доирасида иш ўринлари ташкил этишнинг тасдиқланган параметрлари бажарилган.
2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури 101,5 фоизга бажарилган, яъни 970,9 мингта ёки кўзда тутилганидан 14,6 мингта кўп иш ўрни ташкил этилган.
«Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури, кичик бизнесни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурлари, кичик бизнес субъектлари учун қулай тадбиркорлик муҳитини, шунингдек улар товар-хом ашё ресурсларидан фойдаланиши учун шароитларни яратишга, кичик бизнесни кредитлашни кенгайтиришга қаратилган қонун ҳужжатлари бажарилиши ҳам Дастурни рўёбга чиқаришни рағбатлантирувчи омиллардан бири бўлди. Натижада 15 мингдан ортиқ кичик корхона ва микрофирма фаолият юрита бошлаган ва тегишинча 368,5 мингта иш ўрни (100,7 фоиз) ташкил этилган. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорликнинг ривожланиши муносабати билан 113,1 мингта янги иш ўрни (101,1 фоиз) ташкил этилган.
Қишлоқда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалигини ва унинг таркибидаги тармоқлар ва ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, чорвачиликка, паррандачиликка, балиқчиликка, боғдорчиликка, мева-сабзавот маҳсулотини қайта ишлаш ва сақлашга ихтисослашган фермер ҳамда деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ва кенгайтириш, иссиқхона хўжаликларини барпо этиш 126,6 мингта иш ўрни (103,4 фоиз) ташкил этилишини таъминлаган.
Коллежларнинг 430,3 минг нафар битирувчисининг бандлигини таъминлаш юзасидан уларнинг тегишли корхоналарга ишга жойлаштирилишини назарда тутадиган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Коллежларнинг битирувчиларини ишга жойлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4232-сонли Фармони билан белгиланган имтиёзлар кенг қўлланилганлиги, коллежларнинг битирувчиларига ўз бизнесини очишда тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар берилганлиги ҳамда турли давлат тузилмалари ёрдам кўрсатганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2011 йил охиригача битирувчиларнинг 402,4 минг нафари ёки 93,6 фоизи ишга жойлаштирилган.
Аҳолининг кам таъминланган тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилган. 2011 йилда захираланган (квоталанган) иш ўринларига 9,6 минг нафар ногирон (2010 йилдагига қараганда 2 баравар кўп), 3,7 минг нафар ёш болали ишламайдиган аёл (133 фоиз), 5,5 минг нафар муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахс (122,3 фоиз) ишга жойлаштирилган.
Керакли мутахассисликлар (тикувчилар, тўқувчилар, электриклар, пайвандчилар, бўёқчилар, сувоқчилар, компьютер техникаси операторлари, гиламдўзлик, ганчкорлик, чарм, ёғоч, металл, шишадан бадиий буюмлар тайёрлаш, миллий қандолатчилик ва бошқалар бўйича мутахассислар) бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш мақсадида 24,2 минг нафар ишсизни касбга тайёрлаш амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг тизимли мониторинги амалга оширилган. Эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда мониторинг жараёнида айрим туманларда тасдиқланган параметрлар йил давомида ўз вақтида бажарилмаётганлиги аниқланган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу туманларда 2011 йил якунлари бўйича иш ўринлари ташкил этиш параметрлари ўз вақтида бажарилган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудий меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига белгилаб қўйилган енгилликлар, имтиёзлар ва преференциялар берилишини ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни ўз вақтида рўёбга чиқариш, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлик ривожланиши учун зарур шароитлар яратиш масалаларига етарли эътибор берилмаган. Оқибатда бу соҳада иш ўринлари ташкил этишнинг прогноз параметрлари Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида (94,9 фоиз), Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида (96,5 фоиз), Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида (96,6 фоиз), Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида (96,6 фоиз), Наманган вилоятининг Мингбулоқ (97,6 фоиз) ва Учқўрғон (98,8 фоиз) туманларида тўлиқ бажарилмаган. Камчиликларни бартараф этиш учун юқоридаги туманларнинг ҳокимликлари билан биргаликда иш режалари ишлаб чиқилган бўлиб, уларга мувофиқ 2012 йилда ушбу туманларда 27,4 мингта иш ўрни ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши устидан прокурор назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни таҳлил қилиш бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан ишсиз фуқароларни ишга жойлаштиришга расмиятчилик билан қараш мавжудлигини, улар томонидан иш ўринлари ташкил этилганлиги ҳақида ёлғон ҳисоботлар берилганлигини, Давлат бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари талон-торож қилинганлигини ва бошқа ҳуқуқбузарликлар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, ташкил этилган иш ўринлари мониторингини ва ҳисобини юритишда камчиликлар, шунингдек иш ўринлари ташкил этиш тўғрисидаги ҳисобот маълумотларини ошириб кўрсатиш ҳоллари Навоий вилоятининг Хатирчи туманида, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида аниқланган. Кўрилган чоралар натижасида иш ўринлари ташкил этилганлиги ҳақидаги тасдиқланмаган маълумотлар ҳисоботлардан чиқарилган, бу камчиликларга йўл қўйган масъул ходимлар жавобгарликка тортилган.
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. Хаитов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси М. Хужамбердиевнинг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мамлакат минтақаларидаги ижроси тўғрисидаги ахборотида қайд этилганларни эътиборга олиб ҳамда сенаторлар ва ушбу парламент эшитувининг бошқа иштирокчилари томонидан билдирилган таклифларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига:
ушбу қарорни Вазирлик ҳайъатининг мажлисида муҳокама қилиш ҳамда қарорда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш;
аҳолини бўш иш ўринлари тўғрисида хабардор қилиш, ишсизлик бўйича нафақаларни тўлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида бошқа хизматлар кўрсатиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф қилиш ва 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини бажаришда уларга йўл қўйилмаслигини алоҳида назоратга олиш ҳамда бу борада минтақаларга амалий ёрдам бериш;
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини бажариш мақсадида ҳудудий бўлинмалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларнинг ҳокимликлари билан биргаликда ушбу дастурни рўёбга чиқаришга доир ахборотнинг ҳар ойлик мониторингини юритиш, таҳлил қилиш амалиётини йўлга қўйиш, шунингдек йўл қўйилаётган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини рўёбга чиқаришнинг боришини оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритиш бўйича чоралар кўриш, хусусан зарур ахборотни аҳолига ўз вақтида етказиш мақсадида давлат ва нодавлат телерадио эшиттириш ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича чоралар кўриш тавсия этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг тизимли мониторингини амалга ошириш, барча минтақалар ва йўналишлар бўйича иш ўринлари ташкил этиш тўғрисидаги ҳисоботларнинг тўғрилигини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан биргаликда жорий йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирларни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ҳамда улар сўзсиз бажарилишини таъминласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг раҳбарлари, тегишли соҳа қўмиталари ва доимий комиссиялари раислари:
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилишини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида, тегишли соҳа қўмиталари ва доимий комиссияларининг мажлисларида муҳокама қилиш жараёни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет тармоғи орқали кенг ёритилишини таъминласин;
фуқаролик жамияти институтлари ва тижорат тузилмалари билан ижтимоий шериклик асосида 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг мониторингини амалга оширсин, уларни мазкур масалани Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида, тегишли соҳа қўмиталари ва доимий комиссиялари мажлисларида муҳокама қилишга жалб этсин;
йилнинг ҳар чорагида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида, тегишли соҳа қўмиталари ва доимий комиссияларининг мажлисларида 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши учун масъул бўлган ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб борсин, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хизматлар ва сервис соҳасини, уй меҳнатининг барча шаклларини, янги ишлаб чиқариш объектлари, инфратузилма объектларини қуришни ва ишлаб турганларини кенгайтиришни, ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклашни ривожлантиришга алоҳида эътиборни қаратсин;
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг параметрлари рўёбга чиқарилиши устидан депутатлик назорати амалга оширилиши самарадорлигига эътиборни кучайтирсин;
коллежларнинг битирувчилари аниқ корхоналарга бириктириб қўйилиши, улар ишлаб чиқариш амалиётини ўтаб, кейинчалик ишга жойлашиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши тўғрисидаги масаланинг мониторинги ўтказилишини ва тегишли соҳа қўмиталари ҳамда комиссиялари мажлисларида муҳокама қилинишини ташкил этсин, битирувчиларга ўз ишини ташкил этишда ёрдам беришга доир чораларни рўёбга чиқарсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири (А. Хаитов), Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири (Г. Саидова), Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири (Б. Ходиев), Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (Б. Тўраев), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашлари ушбу қарорни ижро этишнинг бориши тўғрисида 2013 йил 10 февралгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ахборот тақдим этсин.
6. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (М. Хужамбердиев) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 24 март,
СҚ-306-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 3-сон, 78-модда)