Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 169-моддасига ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти»нинг 211-моддасига мувофиқ кўриб чиқди. Мазкур ҳисоботнинг парламент қуйи палатаси сиёсий партиялар фракцияларидаги, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳидаги ва қўмиталаридаги муҳокамасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2015 йил биринчи чорагида давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 23,1 млрд сўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодий дастурнинг 2015 йилга мўлжалланган энг устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни Давлат бюджетининг 2015 йил учун тасдиқланган кўрсаткичлари сўзсиз бажарилишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз назорат-таҳлил фаолиятида, хусусан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш чоғида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш бўйича тавсиялар киритсин.
4. Сиёсий партиялар фракцияларига, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижроси масалаларини кўриб чиқиш чоғида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши бўйича аниқ таклифлар киритиш тавсия этилсин.
5. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 11 июнь,
156-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 й., 6-сон, 234-модда)