Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 январдаги мажлисида баён этилган «2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади» мавзуидаги маърузадан келиб чиқадиган вазифалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 январда бўлиб ўтган 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган мажлисида баён этилган «2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади» мавзуидаги маърузани муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида юзага келаётган инқироз жараёнлари ва муаммоларга қарамай, халқимизнинг фидокорона меҳнати, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш дастурининг изчил амалга оширилиши, мамлакат иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари ва барқарор ривожланиши, муваффақиятли тузилмавий ўзгаришлар, молия-банк соҳасининг ишончлилиги ва барқарорлиги туфайли ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган йўлнинг тўғрилигини қатъий таъкидлаш учун барча асослар мавжуддир.
Ўзбекистоннинг мамлакатни модернизация қилиш йўлидан ишончли ижтимоий ҳимоя билан уйғунликда илгарилаш борасида эришган ютуқлари бутун аҳоли томонидан маъқулланмоқда, жаҳон жамоатчилигининг эътирофига сазовор бўлмоқда ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда, бу Ўзбекистонга жаҳоннинг энг жўшқин ривожланаётган мамлакатлари қаторига кириш имконини берди.
Давлатимиз бошлиғи томонидан қўйилган вазифаларни самарали бажариш, Ўзбекистон Республикаси Президенти таклиф этган мамлакатни ривожлантириш стратегиясини ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 январдаги 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан баён этилган «2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади» мавзуидаги маъруза дастурий ҳужжат сифатида қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг 2012 йил 23 январдаги 15-сонли Фармойиши билан тузилган ишчи гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан ижро этилиши юзасидан ўн кунлик муддат ичида таклифлар киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятининг асосий йўналишларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг мажлисида қайд этилган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириш, ишлаб турган қувватларни модернизация қилиш жараёнини жадаллаштириш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини илдам ривожлантиришдан иборат устувор йўналишларни инобатга олсин;
тадбирларни ўтказиш чоғида ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш самарадорлигини оширишга қаратилган, Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини, шунингдек 2012 йил Мустаҳкам оила йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастурини амалга оширишга доир таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратсин.
4. Сиёсий партиялар фракцияларига, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳига ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов томонидан Ҳукуматнинг 2012 йил 19 январдаги мажлисида баён этилган маърузанинг асосий қоидаларидан келиб чиқиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш вақтида, шунингдек бошқа тадбирларда иштирок этиш чоғида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳада эришган ютуқлари тўғрисида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида кўрсатилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан фаол тушунтириш ишлари олиб борсинлар.
6. Ушбу қарорнинг ижроси устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2012 йил 31 январь,
437-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 1-сон, 16-модда)