Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Фуқаролар йиғинлари, маҳаллалар раислари ва котибларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини, масъулиятларини янада ошириш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Фуқаролар йиғинлари, маҳаллалар раислари ва котибларининг маошлари иш ҳақи тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича 1998 йилнинг 1 майидан бошлаб иловага мувофиқ икки разрядга оширилсин. Маошларни тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Катта ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида алоҳида обрў эътиборга эга бўлган кишиларни ижтимоий фаолиятга кенг жалб этиш мақсадида 1998 йилнинг 1 майидан бошлаб фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг нафақадаги раисларига нафақалар тўла миқдорда тўлансин. Нафақаларни тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар пенсия жамғармаси ҳисобидан қоплансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур масалаларнинг амалга оширилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия, Меҳнат ва Ижтимоий таъминот вазирликлари зиммасига юклатилсин.
4. Фуқаролар йиғинлари ва маҳаллалар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган ваколатларини амалга оширишлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари:
1998 йилнинг охиригача фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, уларга амалий ёрдам бериш тадбирларини жорий этсинлар;
маҳаллалар ва фуқаролар йиғинлари самарали фаолият кўрсатишлари учун етарли шарт-шароит яратиб бериб, уланинг асосий фаолиятини аҳолини ижтимоий-сиёсий ҳаётга кенг жалб этишни таъминлашга, маиший-хўжалик, маданий-маърифий масалаларни ҳал қилишга йўналтирсинлар;
жойлардаги жамоат ташкилотларининг иш фаолиятларини маҳаллалар билан узвий боғланган ҳолда олиб боришни ташкил қилсинлар.
Юқоридаги вазифаларни амалга оширишда шахсан ҳокимликларнинг масъул эканликлари таъкидлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 23 апрель,
ПФ-1990-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 4-сон, 65-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 29-сон, 356-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.12.2018 й., 06/18/5597/2300-сон)