Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Б.Ю. Ҳодиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.А. Ҳаитовнинг касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Б.Ю. Ҳодиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.А. Ҳаитовнинг касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, мазкур масалани ҳал этиш учун Ўзбекистонда зарур ҳуқуқий асос яратилган, меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ мутахассислар тайёрлашни амалга оширувчи ўқув юртлари тизими шакллантирилган, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари рўёбга чиқарилмоқда.
Таълим муассасаларини битираётган ёшларни ишга жойлаштириш мақсадида Олий Мажлис томонидан тасдиқланган Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ 2011 йилнинг январь – ноябрь ойларида ташкил этилган 927,4 мингта иш ўрнидан 484,4 мингтаси ёки 52,2 фоизи ёшларни ишга жойлаштириш учун мўлжалланган.
Таъкидлаш жоизки, иш ўринларининг катта қисми касб-ҳунар коллежларини битирувчилар сони энг кўп бўлган минтақаларда – Андижон (41 мингта иш ўрни), Фарғона (47 минг), Самарқанд (46 минг), Қашқадарё (43 минг), Тошкент (42 минг), Наманган (36 минг) ва Бухоро (36 минг) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (42 мингта иш ўрни) ташкил этилди.
954 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, уларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 142 минг нафари ишга йўлланма олди.
Бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг мавжуд базасидан, шунингдек «mexnat.uz» сайти орқали иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш имкониятлари ҳақида ахборот олишнинг электрон тизимидан фаол фойдаланилмоқда.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда улар ўз ишини ташкил этиши ҳамда уларни кичик бизнес, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, оилавий бизнес, касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш асосида тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш амалиёти қўлланилмоқда. Мана шу мақсадлар учун жорий йилда тижорат банкларининг 21 млрд. сўмдан зиёд кредити ажратилди.
«Ўрта махсус касб-ҳунар-техника таълимининг тайёрлов йўналишлари, касблар ихтисосликлари умумдавлат таснифлагичи»га киритилган 250 тадан зиёд касб Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Иқтисодиёт, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари билан биргаликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиёт тармоқларининг талаб ва эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди, 51 та касб унификация қилиниб, 24 тагача қисқартирилди.
Инвентаризация натижаларига мувофиқ 343 та касб-ҳунар коллежида 34 та мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш тўхтатилган. Айни вақтда 576 та касб-ҳунар коллежида 133 та мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш бошланган.
Меҳнат бозори эҳтиёжларига, иқтисодиёт тармоқларидаги таркибий ўзгаришларга мувофиқ кадрлар тайёрлашни яхшилаш мақсадида 59 та касб-ҳунар коллежи қайта ихтисослаштирилган.
Шу билан бирга касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини улар танлаган мутахассисликни ҳисобга олган ҳолда ишга жойлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига янада кенгроқ жалб этиш, бу ишни айниқса қишлоқ жойларида ривожлантириш жуда муҳим ва долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
2010-2011 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг умумий кўрсаткичи жорий йил 1 декабрдаги ҳолатга кўра 92,2 фоизни ташкил этди.
Бироқ, бир қатор минтақаларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштириш кўрсаткичлари паст: Жиззах вилоятида — 27,2 фоиз, Хоразм вилоятида — 29,6 фоиз, Сурхондарё вилоятида — 31,6 фоиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Б.Ю. Ҳодиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.А. Ҳаитовнинг касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси касб-ҳунар коллежларида талаб этилган йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлашни, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан, шу жумладан эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлашни ўз ичига олувчи чора-тадбирлар комплекси изчил амалга оширилишини ташкил этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда таълим йўналишларини янада унификация қилиш, касб-ҳунар коллежларини қайта ихтисослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиққан ҳолда умумий таълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олиш юзасидан тизимли иш олиб борилишини таъминласин;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ундан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини амалга оширишни бундан буён ҳам давом эттирсин;
касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўз мутахассисликлари бўйича ишлаб чиқариш амалиётини аниқ иш жойларида ўташларини ташкил этсин;
мутахассислар тайёрлашнинг сифат даражасини оширишга қаратилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими стандартларини, ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштирсин;
касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар учун юқори касб малакасига эга бўлган раҳбар ҳамда педагог кадрлар танлаш ва мазкур таълим муассасаларини шундай кадрлар билан тўлиқ таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:
касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ мавжуд бўш, захира (квоталанган) ва янги ташкил этилаётган иш ўринларига, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари, битирувчилар ва корхоналар ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида ишга жойлаштиришни ташкил этсин;
касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари жойлардаги бўш (вакант), квоталанган ва янги иш ўринлари тўғрисида хабардор қилинишини таъминласин.
5. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги касб-ҳунар коллежлари, иш берувчилар ўртасида касб-ҳунар коллежларида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш, энг аввало, эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан ижтимоий шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг норматив-ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси тегишли вазирликлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари билан биргаликда таълим муассасалари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштиришга қаратилган зарур чора-тадбирлар кўрсин ва 2012 йил якунлари бўйича бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ахборот берсин.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2011 йил 21 декабрь,
423- II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 1-сон, 6-модда)