Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши РАЁСАТИНИНГ
Қарори
ШУ ЙИЛНИНГ ЯНВАРЬ ОЙИДА ТОШКЕНТДАГИ ТАЛАБАЛАР ШАҲАРЧАСИДА РЎЙ БЕРГАН ВОҚЕАЛАР БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ РАЁСАТИ ТУЗГАН РЕСПУБЛИКА ВА ДЕПУТАТЛАР КОМИССИЯЛАРИНИНГ АХБОРОТИ ТЎҒРИСИДА
Республика комиссиясининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. М. Муталовнинг, шу комиссия ишчи гуруҳлари раҳбарларининг ва Олий Кенгаши Раёсати депутатлар комиссияси раҳбарининг ҳамда республика Прокурорининг ушбу масалага доир ҳисоботини тинглаб ва муҳокама этиб Олий Кенгаш Раёсати шуни қайд этадики, республика ва депутатлар комиссиялари тергов гуруҳлари воқеаларнинг сабабларини ҳар томонлама ўрганиш ҳамда аниқ таклифларни ишлаб чиқиш борасида сезиларли ишларни амалга оширдилар.
Шу нарса аниқландики, бир неча йил давомида кўплаб ётоқхоналар ҳолати қониқарсизлигича қолаверди, талабаларга коммунал-маиший ва транспорт хизмати кўрсатиш паст савияда бўлган, ошхоналар ва буфетлардаги озиқ-овқатлар билан таомларнинг сифати ва турлари аксарият ҳолларда талабга жавоб бермаган.
Буларнинг барчаси ўқув юртлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарларининг эътиборидан четда қолган ва талабаларнинг асосли эътирозларини келтириб чиқарган. Бу ҳам етмагандек, талабаларга бериладиган стипендиялар ва купонларни ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш ва тарқатиш ишлари суст бажарилган. Ноиложликдан нарх-наво оширилаётган бир шароитда Президент ва Ҳукумат талабаларга моддий мадад кўрсатиш юзасидан кўраётган чора-тадбирлар кўпчилик талабалар эътиборига етказилмаган.
Комиссиялар шунингдек, айрим профессор-ўқитувчиларнинг билим даражаси паст эканлигини таъкидлади. Педагогларнинг айримлари ўқув жараёнини талабаларни ихтисослаштириш дастурига мувофиқ олиб бориш ўрнига дарс вақтида уларни сиёсий мавзулардаги бефойда сафсатабозликка жалб этганлар, эндигина ҳаётга қадам қўйган ёшларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, уларнинг онгига республикадаги ишларнинг аҳволи хусусида нотўғри тасаввур, озодлик ва демократия ҳақиқий моҳиятининг бузиб кўрсатилган тамойилини сингдира борганлар. Шунинг оқибатида талабаларнинг айрим жамоаларида танг маънавий-руҳий вазият таркиб топган, интизом кескин сустлашган ва талабалар шаҳарчасида жиноятчилик қилиш учун вазият кескин кучайган.
Нияти бузуқ шахслар юзага келган вазиятдан фойдаланиб, талабаларнинг бир қисмини оммавий тартибсизликка, автобус бекатларини, савдо шохобчаларини ҳамда айнан талабаларга хизмат қилишга мўлжалланган бошқа объектларни яксон қилишга ҳамда ёқиб юборишга тортганлар. Бунга жавоб тариқасида, тартибни сақлаш ва ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларнинг авж олишини тўхтатиш учун талабалар шаҳарчасига кучлар ташланган.
Ҳозирги пайтда республика бюджетидан ажратилган маблағлар эвазига ҳамда тегишли вазирликлар ва идораларни фаол жалб этган ҳолда талабалар моддий-маиший ва транспорт хизмати кўрсатишни, уларнинг овқатланиши ҳамда дам олишини уюштиришни яхшилаш, шунингдек шаҳарчада умумий вазиятни соғломлаштириш юзасидан кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилган. Бир қатор ўқув юртларининг, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг раҳбарияти мустаҳкамланди, ўқув-тарбиявий ишларнинг савиясини ва ўқитувчилар масъулиятини ошириш тадбирлари кўрилмоқда.
Оммавий тартибсизликлар ҳамда қурол қўлланганлиги ҳодисаси юзасидан республика Прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган ва муфассал тергов ўтказилмоқда.
Ҳозирнинг ўзидаёқ бир неча минг гувоҳ билан суҳбатлашилди қурол кўллашда айбдор бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида тегишли лаборатория экспертизалари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати қарор қилади:
1. Республика ва депутатлар комиссияларининг шу йил январь ойида талабалар норозиликларини келтириб чиқарган сабабларни ўрганиш натижалари тўғрисидаги ҳамда комиссиялар амалга оширган ишлар ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига талаба ёшларнинг муаммолари билан шуғулланувчи вазирликлар ва идораларнинг фаолияти устидан алоҳида назорат ўрнатиш, талабаларни ижтимоий муҳофазалашга қаратилган аниқ тадбирларни ишлаб чиқиш ва илдам амалга оширишни давом эттириш таклиф этилсин.
2. Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги (Ж. Абдуллаев), Халқ таълими вазирлиги (Ж. Ғ. Йўлдошев), шунингдек ўз ўқув юртларига эга бўлган тармоқ вазирликлари ва идоралари ўқув юртлар раҳбарияти билан ҳамкорликда таълим беришнинг сифати ва талабаларнинг билими учун профессор-ўқитувчилар масъулиятини сезиларли даражада оширишнинг таъсирчан чора-тадбирларини кўрсинлар, кадрларни мунтазам аттестациядан ўтказиш тажрибасини жорий этсинлар. Малака даражаси замон талабларига жавоб бермайдиган, ҳаракатлари билан талабалар жамоаларидаги маънавий-руҳий муҳитининг ҳолатига салбий таъсир ўтказадиган ўқитувчилардан фойдаланиш мувофиқ эмаслигига алоҳида эътибор қаратилсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари талабаларга кўрсатилаётган тиббий, савдо, маиший, транспорт ва бошқа кўринишдаги хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишни таъминласинлар. Белгиланган тадбирларнинг амалда бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар, талабалар жамоаларида соғлом маънавий-руҳий муҳит сақлаб турилишига алоҳида эътибор берсинлар. Бу ишга халқ депутатлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, жамоатчилик кенг жалб этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Прокурорининг талабалар шаҳарчасидаги тартибсизликларга доир ҳамда ўқ отиш қуролидан фойдаланганлик хусусидаги фактлар бўйича олиб борилаётган тергов тугаш арафасида эканлиги тўғрисидаги маълумоти эътиборга олинсин. Айбдор шахслар жавобгарликдан четда қолишига йўл қўймайдиган даражада муфассал ва холис тергов қилинишини таъминлаш Б. Мустафоевга топширилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг шу йил 17 ва 25 январдаги қарорлари билан тузилган Республика ва депутатлар комиссияларининг иши якунланган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1992 йил 25 июнь,
603-ХII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 8-сон, 318-модда)