Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида
Протокол
Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия тузиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов ва Қирғизистон Республикаси Президенти А.Акаев 1996 йил 24-25 декабрида Қирғизистон Республикаси Президенти А.Акаевнинг Ўзбекистон Республикасига қилган расмий ташрифи давомида эришилган икки томонлама шартлашувлар натижаларини рўёбга чиқариш, Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашдилар:
1-модда
Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия (кейинги ўринларда Қўшма комиссия дейилади) тузилсин, унинг мақсади:
иқтисодиёт, савдо, илм-фан ва технология, алоқа, транспорт коммуникациялари, ахборот, таълим, туризм ва маданият соҳасидаги ўзаро манфаатларни ифодаловчи масалаларни ўрганиш;
юқорида айтиб ўтилган соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш;
иккала мамлакат ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамкорликка тегишли бўлган бошқа масалаларни кўриб чиқиш ҳисобланади.
2-модда
Иккала мамлакат ҳукуматларига тенглик асосларида комиссия таркибини тасдиқлаш, Қўшма комиссия тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилсин.
3-модда
Мазкур Протоколга, зарур бўлган ҳолларда, Томонларнинг розилигига кўра ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
4-модда
Мазкур Протокол имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амалда бўлади. Агар Томонлардан бири унинг навбатдаги муддати тугагунга қадар 6 ой олдин унинг амалда бўлишини тўхтатмоқчи бўлганлиги ҳақидаги ўз ниятини ёзма равишда иккинчи Томонга хабар қилмаса, мазкур Протоколнинг амалда бўлиш муддати ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврга узаяверади.
1996 йил 24 декабрда, Тошкент шаҳрида, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир. Мазкур Протокол қоидаларини талқин қилиш учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)