ўзбекистон республикаси олий кенгаши раёсатининг
Қарори
ЖУМҲУРИЯТ ИЖРОИЯ ҲОКИМИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўртоқ И. А. Каримовнинг ягона ижроия ҳокимиятини вужудга келтириш, бошқарув идораларини такомиллаштириш ва давлат, хўжалик ҳамда ижтимоий-маданий қурилиш соҳасида уларнинг масъулиятини кучайтириш тўғрисидаги таклифни қараб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгашини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига айлантириб, жумҳуриятда президентлик ва ижроия ҳокимиятини бирлаштириш тўғрисидаги таклифига рози бўлинсин.
2. Жумҳуриятда ижроия ҳокимиятини такомиллаштириш масалаларига ёндашувларни тамомила янгичасига қайта кўриб чиқиш зарур деб ҳисоблансин, шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тайёрланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг учинчи сессияси муҳокамасига киритилмасин.
3. Қонунчилик, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот масалалари, Конституциявий назорат қўмиталарига бўлиб ўтган фикр алмашувни ҳисобга олган ҳолда жумҳурият Президентининг аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида ижроия ҳокимиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши учинчи сессиясининг муҳокамасига киритиш топширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Тошкент ш.,
1990 йил 26 октябр
123-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1990 й., 28-30-сон, 343-модда; 1991 й., 11-сон, 273-модда)