Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Англашув Меморандуми
Жавахарлал Неру номидаги Ўзбек-Ҳинд ахборот технологиялари марказини модернизациялаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар),
ахборот-коммуникация технологиялари (кейинги ўринларда — АКТ) соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истагида,
Тошкент шаҳридаги Жавахарлал Неру номидаги Ўзбек-Ҳинд ахборот технологиялари марказини модернизациялаш орқали Ўзбекистонда АКТ ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича Ҳиндистон Республикаси Ҳукуматининг таклифини қайд этган ҳолда,
шунингдек, Тошкент шаҳридаги Жавахарлал Неру номидаги Ўзбек-Ҳинд ахборот технологиялари марказини (кейинги ўринларда — АТМ) модернизациялаш орқали Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига АКТни ривожлантириш мақсадида кўмак бериш тўғрисида Ҳиндистон Республикаси Ҳукуматининг қарори қабул қилинганлигини таъкидлаб,
қуйидагилар тўғрисида ўзаро англашувга эришдилар:
Мақсад
Ўзбекистонга инвестициялар ҳажмини ошириш ва дастурий маҳсулотлар экспортидан даромад олиш мақсадида ахборот технологиялари (бундан кейин — АТ) соҳасида жаҳон даражасидаги етук мутахассисларини тайёрлаш орқали малакали ходимлар захирасини яратиш ва иш ўринларини кенгайтириш.
Вазифалар
Тошкентдаги АТМни модернизациялаш.
АТМга охирги АТ ускуналари/дастурий таъминотни етказиш ва ўрнатиш, ҳамда курс материаллари ва дарсликлар билан таъминлаш.
АТМда АТ бўйича бошланғич, ўрта ва юқори даражада модулли сертификатлаш курсларида таълим беришни ташкил қилиш.
Ўзбекистонда таълим бериш дастурлари бўйича ўқитувчилар ва АТ мутахассислари малакасини ошириш.
АТМни Илғор компьютер технологияларини ривожлантириш марказининг (бундан кейин — ИКТРМ) ваколатли ўқув маркази этиб белгилаш ҳамда ИКТРМ ва АТМнинг қўшма сертификатларини тақдим этишни йўлга қўйиш.
Ўқитувчиларни Ҳиндистонда АТ бўйича малакасини ошириш.
Ҳиндистондан экспертларни юбориш орқали АТМга ўз фаолиятини мувофиқлаштиришда кўмак бериш ва ўқитиш курсларини ташкил этиш.
Ўзбекистонда электрон таълим ва таълимни бошқариш тизими орқали ўқитишни ташкил этиш.
АТ таълими, электрон таълим ва таълимни бошқариш тизими ҳамда лойиҳани бошқариш учун Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида мутахассислар билан алмашиш.
1-модда
Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати техник экспертизани амалга ошириш, АТМни ИКТРМнинг ваколатли ўқув маркази этиб тайинлаш, ИКТРМнинг электрон таълим ва таълимни бошқариш дастурий таъминотини тақдим этиш ва ўрнатиш; Ўзбекистон ўқитувчиларининг Ҳиндистонда таълим олишини ташкил қилиш, марказ фаолиятини мувофиқлаштириш ва таълим дастурлари/дарсликлари билан таъминлаш мақсадида ИКТРМ экспертларини юбориш орқали ҳамкорликни амалга оширади, шу жумладан:
1. ИКТРМни Ҳиндистон Ҳукумати номидан лойиҳани амалга ошириш бўйича ижрочи ташкилот сифатида белгилаш.
2. Замонавий АТ ускуна/дастурий таъминотни ва таълим дастурларини тақдим қилиш ва ўрнатиш орқали АТМнинг мавжуд АТ инфратузилмасини ва курс материаллари/дарсликларини модернизациялаш.
3. Ўзбекистондан ўн нафар ўқитувчига Ҳиндистонда ИКТРМнинг илғор АТ курсларида олти ой давомида таълим бериш.
4. Марказни мувофиқлаштириш ва курсларни олиб боришда кўмаклашиш мақсадида ИКТРМнинг икки нафар экспертини олти ой муддатга Ўзбекистонга юбориш.
5. АТМни ИКТРМнинг ваколатли ўқув маркази этиб белгилаш ҳамда ИКТРМ ва АТМ қўшма сертификатларини тақдим этиш.
6. Саноатга мўлжалланган замонавий дастурий таъминот/АТ ускуналар асосидаги таълим дастурларини тақдим этиш орқали АТМ курсларини модернизация қилиш.
7. Ўзбекистонда талабалар/мутахассислар учун ИКТРМнинг электрон таълим дастурий таъминоти ва таълимни бошқариш тизимини тақдим этиш, ўрнатиш ва ўқитишни ташкил этиш.
8. Ўзбекистон ва Ҳиндистонда юқоридаги таълим дастурларини амалга ошириш, электрон таълим, таълимни бошқариш тизими ва лойиҳани амалга ошириш мақсадида ИКТРМнинг соҳа экспертлари билан таъминлашда кўмак бериш.
9. Лойиҳани амалга ошириш давомида АТМни модернизациялашда ИКТРМ томонидан маслаҳатлар бериш ва лойиҳани бошқаришда кўмаклашиш.
2-модда
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати лойиҳани амалга оширишда қуйидагилар бўйича кўмаклашади:
1. ИКТРМ Тошкент ахборот технологиялари университетининг таркибий қисми эканлигини инобатга олган холда, мазкур Университетни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан лойиҳани амалга ошириш бўйича ижрочи ташкилот сифатида белгилаш.
2. АТМнинг мавжуд биносида зарур жой, бино ички интерьери, мебель, алоқа воситалари (телефон/факс/интернет), электр энергияси, сув, иситиш ва совутиш жиҳозлари билан таъминлаш.
3. Лойиҳани амалга ошириш доирасида ИКТРМ томонидан юбориладиган экспертларни қулай шароитларга эга бўлган бепул турар жой, транспорт, алоқа воситалари ва тиббий хизматлар билан таъминлаш.
4. Лойиҳа доирасида юбориладиган ИКТРМ экспертларини офис, алоқа воситалари билан таъминлаш, уларга бепул виза олишда кўмаклашиш, шунингдек, хорижий ишчи кучларини жалб қилишда рухсатномалар бериш ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқлаш.
5. АТМни ривожлантириш доирасида:
лойиҳани амалга ошириш учун олиб кириладиган товарларни божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни қўшилган қиймат солиғидан ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ва Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича бюджетдан ташқари жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод қилиш.
Божхона йиғимлари ўзбек томонининг ижрочи ташкилоти тарафидан қопланади.
6. Мазкур лойиҳа бўйича Ҳиндистондан / учинчи давлатлардан келтириладиган ускуналарнинг божхона тозаловини ва АТМга қисқа муддатда етказилишини таъминлаш.
7. Лойиҳани ишга тушириш ва ўқитиш мобайнида маҳаллий фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда зарур жиҳоз ва анжомлар, маҳаллий ходимлар ва бошқалар билан таъминлаш.
8. Ҳиндистонда малака ошириш ва АТМнинг самарали фаолият юритишини бошқариш ҳамда келгусида АТМда камида икки йил ишлашни ташкил қилиш мақсадида ходимлар билан таъминлаш.
9. Ўзбекистон ҳудудида АТМга доимий молиявий ва бошқарув соҳасида кўмак бериш.
3-модда
Лойиҳанинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, лойиҳани амалга оширишда кўмаклашиш ва ИКТРМ томонидан бажарилаётган ишлар жараёнини кузатиб бориш учун Ўзбекистон ва Ҳиндистон вакилларидан иборат Ўзбек-Ҳинд қўшма мониторинг қўмитаси ташкил этилади.
4-модда
Мазкур Меморандум доирасида ҳамкорлик мобайнида интеллектуал мулк ҳуқуқи юзага келганда тақдирда, ҳар бир Томон ўз давлати миллий қонунчилиги ва халқаро нормаларга мувофиқ ҳар бир алоҳида ҳолатда мазкур ҳуқуққа риоя этилишини таъминлайди.
Башарти ИКТРМ ҳар қандай дастурий таъминот, ускуна, ўқув материаллари, ўқув қўлланмалари / услубларни ишлаб чиқса, мазкур ҳолатларга нисбатан интеллектуал мулк ҳуқуқи Ҳиндистон Ҳукумати Ахборот технологиялари Департаментининг ИКТРМга тегишли бўлади.
Томонлар мазкур Меморандум доирасида ўзлари ва ўз вакиллари қабул қилган илмий-техник маълумотлар ва ҳужжатларни Томонлар ўртасидаги расмий розиликсиз ҳар қандай учинчи томонга бермасликни кафолатлайдилар.
5-модда
Марказнинг ишчи тили инглиз тили ҳисобланади ҳамда барча дастурий таъминотлар, курс материаллари, таълим бериш ва ҳоказолар инглиз тилида амалга оширилади.
6-модда
Мазкур Меморандумни талқин қилиш ва амалга оширишда вужудга келадиган низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
7-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви асосида мазкур Меморандумга ўзгартиш ва қўшимчалар унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ва мазкур Меморандум қоидаларига асосан кучга киради.
8-модда
Мазкур Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Меморандумнинг амал қилиши Томонлар лойиҳанинг якунлангани тўғрисида расмий тасдиқлаганларидан сўнг тўхтатилади.
9-модда
Мазкур Меморандумни амалга ошириш учун лойиҳа харажатлари, жадвали, АТ ускуналар / дастурий таъминот рўйхати, электрон таълим ва таълимни бошқариш тизими ҳамда бошқа масалалар ҳар бир алоҳида ҳолатда Томонлар тарафидан келишиб олинади. Мазкур Меморандумни амалга ошириш ва ривожлантириш мақсадида чоп этилган барча ҳужжатлар Меморандумнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ушбуни тасдиқлаш учун Томонларнинг қуйида имзо чекувчи вакиллари ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ тегишли равишда ваколатлантирилиб, мазкур Мемарандумни имзоладилар.
2012 йил 22 майда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)