Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида
Битим
Илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида
Бундан кейин «Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати:
1991 йил 19 декабрда Анқарада имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни ва 1991 йил 19 декабрда Анқарада имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида 1992-1993 йиллар мобайнида маданият, таълим ва фан соҳасида айирбошлаш Протоколини эътиборга олган ҳолда,
фан ва техника соҳасидаги ҳамкорликни ўзаро ривожлантириш истагини билдириб,
илмий-техник ҳамкорлик ҳар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг асосий принципларидан бири ва бундай муносабатларнинг барқарорлиги нуқтаи назаридан муҳим омил эканлигини ҳисобга олган ҳолда,
илмий ахборот жадал ривожланаётган ва тез тарқалаётган ҳамда илмий тадқиқотлар халқаро аҳамият касб этаётган бир даврда бундай ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш зарурлигини тан олиб,
Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва умуман жаҳоннинг турли минтақаларидаги интеграция жараёнларига тааллуқли янги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазиятларда фан ва техника соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни уйғунлаштиришга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўзаро фойдалилик ва тенглик асосида биргаликда белгиланадиган соҳаларида илмий-техник ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар ўз миллий устуворлигини, фан ва техника соҳасида тўпланган тажриба ва мавжуд муносабатларни хисобга олган холда қуйидаги соҳаларда илмий-техник ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида зьтибор берадилар:
фундаментал фанлар (математика, физика, кимё, биология, астрономия ва ҳоказо);
ахборот технологиялари ва телекомуникациялар;
илғор технологик материаллар;
ген муҳандислиги ва биотехнология;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика;
ақлий мулк, саноат мулки обьектларини ва патентларни муҳофазалаш;
қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш;
қурилиш технологияси;
тиббиёт фани.
Томонлар уларнинг тегишли ташкилотлари ўртасида бевосита ўзаро ишларни олиб бориш учун ушбу Битим доирасида махсус протоколлар тузишда кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар ҳозирги ва келгусидаги халқаро тадкиқот дастурларининг асосини ташкил этадиган ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг ривожлантирилишига кўмаклашадилар.
4-модда
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик куйидаги шаклларда бўлиши мумкин:
тадқиқот материаллари ва ускуналарини бир-бирларига бериш воситасида илмий-тадқиқот ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш;
ўзаро асосда олимлар ва экспертлар билан алмашиш;
қўшма илмий анжуманлар, симпозиумлар ва семинарлар ташкил этиш;
илмий-техник ахборот ва ҳужжатлар билан алмашиш;
ушбу Битим асосидаги икки томонлама протоколлар доирасида илмий-техникавий марказ ва қурилмаларни барпо қилиш ва ундан фойдаланиш;
иккала мамлакатда саноат маҳсулотларининг қўшма ярмарка ва кўргазмаларини ташкил қилиш ва қувватлаш.
Ушбу Битимни амал қилиши давомида ташкилотлар олган муҳим фикрлар ва бошқа илмий ва техникавий ҳужжатлар, ҳужжатларни берган ташкилот розилигисиз бошқа жисмоний ва/ёки юридик шахсларга берилиши мумкин эмас.
5-модда
Томонлар Ўзбекистон Реслубликаси Фан ва Техника бўйича давлат қўмитаси ва Туркия Жумҳурияти илмий ва техникавий тадқиқотлар бўйича Туркия Кенгаши (ТUВIТАК) томонидан тайинланадиган ҳар бир Томондан тўрттадан вакилдан иборат доимий фаолият кўрсатувчи Қўшма комиссия тузадилар, улар:
ўзаро манфаатли тадкиқот дастурларини ишлаб чиқади ва бу доираларда хусусий сектор жалб қилинган қўшма лойиҳаларни ажратади;
ижрочи-ташкилотлар ўртасида бевосита муносабатларни ривожлантиришни мувофиқлаштиради ва ёрдам беради.
6-модда
Олим ва экспертларнинг делегациялари билан алмашишда йўлловчи Томон халқаро йўл харажатларини ўз зиммасига олади, қабул қилувчи Томон эса овқатланиш, турар жой ва маҳаллий транспорт харажатларини кўтаради.
7-модда
Ушбу Битим халқаро шартномаларнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиблари бажарилганлиги тўғрисида охирги билдиришнома юборилган кундан кучга киради ва беш йил давомида кучда бўлади. Агар Томонлардан бири Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан олти ой илгари иккинчи Томонга уни бекор қилиш тўғрисида ўз истагини ёзма равишда хабар қилмаса, Битимнинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан кейинги икки йиллик даврларга узаяверади.
8-модда
Мазкур Битим амал қилишининг тўхтатилиши шу Битим асосида ҳамкорлик соҳасида тузилган протоколларнинг тўхтатилишига олиб келмайди.
Тошкент шаҳрида, 1995 йил 9 июлда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга зга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар бўлса, инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)