Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2006 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2006 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2006 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,0 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қатъий пул-кредит сиёсати ўтказиш, солиқ тушумлари механизмини такомиллаштириш, миллий валюта курсини мустаҳкамлаш асосида Давлат бюджети харажатлари самарадорлиги янада оширилишини ва унинг ижтимоий йўналтирилганлиги кучайтирилишини таъминласин, бунда Мактаб таълимини ривожлантиришнинг 2004 — 2009 йилларга мўлжалланган давлат умуммиллий дастурини ҳамда «Ҳомийлар ва шифокорлар йили» давлат дастурини амалга оширишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджет тўловлари тўлиқ тушишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш, минтақаларнинг молиявий салоҳиятини мустаҳкамлаш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари молиялаштирилишини таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 29 ноябрь,
417-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 11-сон, 609-модда)