Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Андижон шаҳрида рўй берган воқеаларни текшириш бўйича мустақил комиссияси ишининг якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Андижон шаҳрида рўй берган воқеаларни текшириш бўйича мустақил комиссияси ишининг якунлари тўғрисидаги ҳисоботни эшитиб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2005 йил 12-13 май кунлари Андижон шаҳрида рўй берган воқеаларни текшириш бўйича мустақил комиссияси ишининг якунлари тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
2. Таъкидлансинки, Комиссия ишининг якунлари Андижон шаҳридаги террорчилик ҳаракатлари пухта режалаштирилганлиги ва мувофиқлаштирилганлигидан далолат беради, бу ҳаракатлар ташқаридан қўллаб-қувватланган ҳолда уюштирилган ҳамда Ўзбекистоннинг мустақил сиёсатига қарши қаратилган. Бунда ташкилотчилар алоҳида олинган минтақада ҳокимиятни қўлга киритиш, мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш, мавжуд конституциявий тузумни ўзгартириш ва ислом давлати тузиш каби узоқни кўзловчи мақсадларга эга бўлганлар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг ўз вақтида, вазминлик ва изчиллик билан қилган ҳаракатлари туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан террорчиларнинг Конституцияга зид хатти-ҳаракатларига барҳам бериш юзасидан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилди.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда аҳоли ўртасида мустақил Комиссия ишининг якунларини, ҳушёрликни ошириш ва турли экстремистик гуруҳларнинг Ўзбекистон миллий манфаатларига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларига тўсиқ қўйиш зарурлигини тушунтириш борасидаги фаол ишларини давом эттирсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Андижон шаҳрида рўй берган воқеаларни текшириш бўйича мустақил комиссияси ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариб бўлганлиги муносабати билан унинг фаолияти тугатилган, деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 18 октябрь,
382-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 10-сон, 555-модда)