Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши раёсатининг
Қарори
БАНДИХОН РАЙОНИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. Сурхондарё вилояти ҳокимининг таклифи ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг хулосасига розилик билдириб, Сурхондарё вилоятида маъмурий маркази Бандихон аҳоли пунктида бўлган Бандихон райони тузилсин.
Бандихон райони таркибига Бойсун районининг Ғаллакор Қумқўрғон районининг Қизириқ қишлоқлари ва шунингдек Ленин йўли районидаги Олмазор қишлоғи ҳудудининг «Тошкент» давлат хўжалиги фойдаланиб келаётган ерлардан иборат қисми берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Бойсун, Қумқўрғон ва Ленин йўли район Советларининг Бандихон районига берилган ҳудудларда жойлашган сайлов округларидан сайланган депутатлари халқ депутатлари Бандихон район Советининг депутатлари ҳисобланадилар.
3. Халқ депутатлари Бандихон район Совети янги тузилган Бандихон райони давлат ҳокимиятининг мухтор вакиллик идораси деб ҳисоблансин.
4. Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1992 йил 8 май,
589-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 7-сон, 293-модда)