Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг эълон қилиниши Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қўмиталари ва комиссиялари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан бозор иқтисодиётига ўтиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқий ислоҳот ўтказишга мувофиқ келадиган янги қонунлар ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларини ана шу талабларга мослаб такомиллаштириш борасидаги ишларига тубдан таъсир кўрсатди.
Бироқ, мустақил давлатлар ташкил этилганлиги, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятига кирганлиги муносабати билан рўй бераётган жараёнлар амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқишни ва бошқаришнинг иқтисодий услубларини жорий этишга, жамиятни, унинг иқтисодиётини, ижтимоий ва бошқа соҳаларини сифат жиҳатдан янги ҳолатга келтиришга кўмаклашувчи янги қонунлар қабул қилиш жараёнларини тезлатишни тақозо этмоқда.
1. Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари тармоққа доир қонун ҳужжатларини ўрганиб чиқиш, таҳлил этиш ва тегишли қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун билимдон мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлари тузсинлар.
Ишчи гуруҳларига раҳбарлик қилиш ва уларнинг ишини назорат қилиш вазифаси вазирнинг, давлат қўмитаси раисининг ёки идора раҳбарининг муовинларидан бири зиммасига юклатилсин.
Ишчи гуруҳлари тармоққа доир қонунларни, Олий Кенгашларнинг, шу жумладан собиқ ССР Иттифоқи Олий Кенгашининг фармонлари, қарорлари ва бошқа ҳужжатларини ўрганиб чиқиши, жамиятнинг ҳозирги босқичдаги ривожига зид келувчи қонун нормаларини аниқлаш ва Янги қонун ҳужжатлари ишлаб чиқиш тўғрисида ёхуд Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида таклифлар тайёрлаши белгилаб қўйилсин. Ана шу таклифлар асосида яқин йиллар ичида ва истиқболда ишлаб чиқилиши лозим бўлган устувор қонун лойиҳалари аниқлаб олинган ҳолда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш режаси тузилади. Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш режаси ҳайъат томонидан тасдиқланиши лозим.
2. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларга юридик услубий ёрдам кўрсатиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 1992 йилнинг 1 июлига қадар вазирликлар ва идоралар ишчи гуруҳларининг аъзолари билан тармоққа доир қонунларни такомиллаштириш масаласи юзасидан семинар ўтказсин.
3. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва тақдим этишда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг 1991 йил 10 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва муҳокама этиш ҳамда уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш қоидалари»га амал қилсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қўмиталари ва комиссиялари тақдим этилган қонун лойиҳаларини белгиланган тартибда қараб чиқсинлар ҳамда умумдавлат манфаатларига асосланган ҳолда республиканинг давлат, хўжалик ва ижтимоий-маданий қурилишига доир масалаларни қонун йўли билан тартибга солиш чоғида тор идоравий ёндошувга йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратсинлар.
5. Ушбу қарорнинг ижроси устидан назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қўмиталари ва комиссиялари зиммасига юклатилсин.