Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Кипр Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Кипр Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасидаги алоқаларни тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида янада ривожлантиришни истаб,
иккала мамлакат ўртасида иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда туризмнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки мамлакатнинг турмуш тарзи, тарихи ва маданияти билан ўзаро танишиш ҳамда туристлар алмашинувни кучайтириш мақсадида туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар ва кенгайтирадилар.
2-модда
Томонлар икки мамлакат ўртасида туристлар оқимини кучайтириш мақсадида ўзларининг амалдаги миллий қонунлари доирасида виза олиш билан боғлиқ жараёнларни соддалаштириш имкониятларини ўрганиб чиқадилар.
3-модда
Томонлар икки давлат ўртасида туризмни, хусусан гуруҳ ва якка тартибдаги туризм, тематик туризм ҳамда конгресслар, симпозиумлар, кўргазмалар, спорт анжуманлари, мусиқий ва театрлаштирилган фестиваллар каби ихтисослаштирилган туристик гуруҳларни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берадилар.
4-модда
Ўзбекистон Республикаси томонидан «Ўзбектуризм» Миллий Компанияси ва Кипр Республикаси томонидан Кипр Туризм Ташкилоти Томонларнинг туризм соҳасидаги ваколатли органлари ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича фаолият олиб борадилар.
5-модда
Томонлар туризм соҳасидаги ваколатли органлар билан туристик ташкилотлари ҳамда туризмни ривожлантиришда иштирок этувчи бошқа ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида фаолият олиб борадилар.
6-модда
Томонлар туристлар оқимини кучайтириш мақсадида нашриёт, реклама, босма ва аудио материаллар алмашинуви ёрдамида ҳамда кўргазмаларда иштирок этиш орқали туризмга оид маълумотлар тарқатиш масалаларини ижобий ҳал этадилар.
7-модда
Томонлар меҳмонхоналар ва бошқа муассасаларда кадрлар тайёрлашни ҳамда туризмни ривожлантиришга оид лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этувчи давлат муассасалари ва хусусий ташкилотлар ўртасида шартномалар имзолашни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалаларини ижобий ҳал этадилар.
8-модда
Томонлар ўз ваколатли органларининг халқаро туризм ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантиришга интиладилар ва мазкур соҳадаги ютуқлари бўйича ўзаро маълумот алмашадилар.
9-модда
Томонлар ўзларининг туризм соҳасидаги ваколатли органлари ва ташкилотлари ўртасида туризм бўйича билим, тажриба, маълумот ва бошқа ҳужжатлар билан алмашинувнинг муваффақиятли амалга оширилишига алоҳида аҳамият берадилар.
10-модда
Ушбу Битимнинг қўлланилиши ва талқин этилиши юзасидан келиб чиқадиган барча келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
11-модда
Ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар Томонларнинг ўзаро ёзма келишуви асосида унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар кўринишида киритилиши мумкин.
12-модда
Ушбу Битим Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш йил давомида амалда бўлади ва агар Томонлардан бири ўзининг ушбу Битимни амал қилишини тўхтатиш мақсади тўғрисида иккинчи Томонни тегишли муддат тугашидан камида олти ой илгари ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврларга узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 2012 йил 5 апрелда ҳар бири ўзбек, грек ва инглиз тилларида бўлган икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)