Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА ЕНГИЛ САНОАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА БОШҚАРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 мартдаги 164-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 декабрдаги ПФ-5285-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика енгил саноатини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида» 2002 йил 1 июлдаги ПФ-3102-сон Фармонини бажариш ҳамда тўқимачилик, трикотаж, тикувчилик ва чинни саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, тармоқ корхоналарини акциялаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ва уни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо комплекси, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2005 йилгача бўлган даврда тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш Концепцияси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзбекенгилсаноат» («Oʼzbekyengilsanoat») давлат-акциядорлик компанияси бошқарувига Вазирлар Маҳкамасининг Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо комплекси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда, зарурат бўлганда 2005 йилгача бўлган даврда тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш Концепциясида назарда тутилган инвестиция лойиҳалари рўйхатига ўзгартиришлар киритишга рухсат этилсин.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 февралдаги 112-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 4-сон, 42-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилансинки:
«Ўзбекенгилсаноат» («Oʼzbekyengilsanoat») енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш давлат-акциядорлик компанияси «Ўзбекенгилсаноат» уюшмасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
«Ўзбекенгилсаноат» («Oʼzbekyengilsanoat») давлат-акциядорлик компанияси таркибига мулкчиликнинг турли шаклларидаги, пахта толасини қайта ишлаш, трикотаж, тикувчилик ва чинни буюмлар ишлаб чиқариш, шунингдек компания уставига зид бўлмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар кириши мумкин;
«Ўзбекенгилсаноат» («Oʼzbekyengilsanoat») давлат-акциядорлик компанияси аппарати таъминоти ўз хўжалик фаолияти ва унинг таркибига шартнома асосида кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўтказиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
3. Қуйидагилар:
*3-илова берилмайди.
ходимларининг чекланган сони (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) 58 кишидан иборат бўлган ижро этувчи аппарати тузилмаси 4-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекенгилсаноат» («Oʼzbekyengilsanoat») енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш давлат-акциядорлик компаниясининг бошланғич устав сармояси компаниянинг устав сармоясидаги давлат улуши ҳисобига 5-иловага* мувофиқ акциядорлик жамиятларининг компанияга (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) бериладиган акциялари давлат пакетлари, шунингдек қайта ташкил этилаётган «Ўзбекенгилсаноат» уюшмаси мол-мулки ҳисобига шакллантирилади.
*5-илова берилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси қайта ташкил этилаётган «Ўзбекенгилсаноат» уюшмаси билан биргаликда акциядорлик жамиятларидаги акцияларнинг давлат пакетларини ва компания таркибига кирувчи қўшма корхоналардаги улушларни «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компаниясига беришни белгиланган тартибда бир ой муддатда расмийлаштирсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси бошқаруви тўққиз кишидан, шу жумладан раис ва унинг уч нафар ўринбосаридан иборат бўлади, ўринбосарлардан бири биринчи ўринбосар ҳисобланади. Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари белгиланган тартибда компаниянинг юқори бошқарув органлари томонидан сайланади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси бошқаруви раиси мақоми, маиший таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари — вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари эса — вазир ўринбосарларига тенглаштирилсин.
«Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси бошқаруви раисига зарурат бўлганда ижро этувчи аппарат тузилмасига белгиланган штатлар сони доирасида ўзгартиришлар киритишга рухсат берилсин.
6. «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси корхоналари 2005 йилгача бўлган даврда тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш Концепциясига кирган объектларни қуриш ва техника билан қайта жиҳозлаш учун келтириладиган технология асбоб-ускуналари ва асбоб-ускуналарга эҳтиёт қисмлар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) истисно тариқасида 2006 йил 1 январгача озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 8-иловага мувофиқ қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.З. Усмонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 2 июль,
240-сон
2005 йилгача бўлган даврда тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш
Концепцияси
Кириш
Тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш Концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 27 мартдаги топшириғига мувофиқ, иккинчи чақириқ Олий Мажлис I сессиясида белгиланган иқтисодиётдаги ислоҳотлар ва қайта ўзгартиришларни чуқурлаштиришнинг умумдавлат стратегияси доирасида ишлаб чиқилган.
Концепцияда тармоқнинг ҳозирги аҳволига баҳо берилган ва 2005 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон енгил саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланган.
I. Тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш Концепциясининг мақсади ва вазифалари
1.1. 2005 йилгача бўлган даврда республикада енгил саноатни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари бўйича ягона сиёсат стратегиясини белгилаш ушбу Концепциянинг мақсадидир.
Қуйидагилар енгил саноатни ривожлантириш Концепциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
мамлакатнинг иқтисодий мустақиллиги манфаатларини кўзлаб ип-газлама маҳсулотларини аҳоли, иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ва соҳалари, мудофаа ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортчилари эҳтиёжларини қондириш имконини берадиган ҳажмларда ишлаб чиқаришни таъминлаш;
тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини техника билан қайта жиҳозлаш ва замонавийлаштиришни амалга ошириш, маҳаллий хом ашё-пахта толасини чуқур қайта ишлашни кўпайтиришни таъминлайдиган янги, юқори самарали технологияларни жорий этиш;
маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва унинг турларини кенгайтириш, унинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлилигини ошириш, тармоқнинг экспорт потенциалини анча ўстириш;
тармоқда янги иш ўринлари яратиш, экология жиҳатидан хавфсиз ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, тўқимачилик ва енгил саноат ходимларининг таълим даражасини ва махсус билимларини ошириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўзаро боғлиқ тармоқлар, шу жумладан кичик бизнесни ривожлантириш учун моддий-техник базани шакллантириш.
(1.1-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 январдаги 28-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 3-сон, 31-модда)
1.2. Қўйилган мақсадга эришиш тармоқда таркибий қайта ўзгартиришлар, ишлаётган корхоналарни техник жиҳатдан янгилаш ва замонавийлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда янги, замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, ишлаб чиқаришни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этиш билан боғлиқ бўлган вазифаларни ҳал қилишни назарда тутади.
Концепцияни рўёбга чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш фондлари ишга солинади ва тўқимачилик саноати объектларининг илгари бошланган қурилишлари ниҳоясига етказилади.
II. Тармоқнинг ҳозирги аҳволини баҳолаш ва Концепцияни амалга ошириш заминлари
2.1. 90-йиллар бошида енгил саноат корхоналари асосан маънавий ва физик жиҳатдан эскирган, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қодир бўлмаган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган эди. Ушбу корхоналарда ўрнатилган технологик асбоб-ускуналар ва умуман меҳнат шароитлари замонавий талабларга жавоб бермасди.
Ишлаб чиқаришда 973,3 минг дона урчуқ ишга солинганди ва республикада тайёрланадиган пахта толасининг 10 фоиздан камроғи қайта ишланарди. Маҳсулотни экспорт қилиш 7,7 млн. АҚШ долларидан ошмасди.
Умуман минтақага хом ашё базаси сифатида қараларди, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тармоғи (тикувчилик ва трикотаж тармоғи) ривожланмади.
2.2. Мустақилликка эришилгач ва Ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши туфайли тармоқда туб ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Енгил ва маҳаллий саноатни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1996 йил 29 апрелдаги 166-сон қарори тармоқ корхоналарини техника билан қайта жиҳозлаш ва янги қувватларни ишга тушириш дастури бўлди.
Тармоқда 35 тадан ортиқ инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, 152 млрд сўмлик капитал қўйилмалар, шу жумладан 644,4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Пахта толасини қайта ишлашнинг йиллик ҳажми 240 минг тоннага (тайёрланган ҳажмнинг 24 фоизи) етказилди. 814 минг дона ип йигириш урчуқлари — замонавий, юқори самарали тўқимачилик асбоб-ускунаси ишга туширилди. Бу мавжуд технологик асбоб-ускуналар паркининг 83,7 фоизини ташкил қилди. 733 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Қўшимча равишда 32 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Хорижий инвестицияларини жалб этган ҳолда Тошкент ва Тўйтепа шаҳарларидаги иккита йирик фабрикани бирлаштирган «Қабул-Ўзбек КО» ҚК, «Қабул-Фарғона Ко» ҚК, «Чиноз тўқимачи» ҚК, «Оқсарой тўқимачи Лтд» ҚК, «Косонсой Текмен» ҚК, «Папфен» ҚК ташкил этилди, «Наманган тўқимачи» АЖ, «Аснам тўқимачи» АЖ, «Қаштўқимачи», «Гурлан», «Антўқимачи» тўқимачилик комплекслари, «Қоракўлтўқимачи» ҚК, «Мидатўқимачи» ҚК ва бошқалар техника билан қайта жиҳозланди.
Маҳаллий маблағлар ҳисобига «Бухоротўқимачи» АЖ, «Чинобод ПТФ» АЖ, «Тоштўқимачи» АЖ, «Яккабоғ тўқувчилик фабрикаси» АЖ, Тошкент вилоятидаги крахмал ишлаб чиқариш заводида техника билан қайта жиҳозлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилди.
Енгил саноат корхоналарида инвестицияларнинг ўсиши қуйидаги рақамлар билан белгиланади — 1994 йилда енгил саноат корхоналарида хорижий инвестициялар ҳажми 5,25 млн. АҚШ долларини ташкил қилди, 2001 йилда ўсиш даражаси 644,4 млн. АҚШ долларига етди, 2002 йилда эса унинг 829,7 млн. АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
Ҳозирги вақтда тармоқда 17 та қўшма корхона ишлаяпти, улар ишлаб чиқарган маҳсулотнинг тармоқда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги салмоғи 2 фоиздан 30 фоизгача, экспорт салмоғи эса 17 фоиздан 88,1 фоизгача кўпайди.
2001 йилда «Хива гилами» АЖ базасида 2,3 млн. кв. м гилам ишлаб чиқариш бўйича «Хива карпет» ҚК лойиҳасини амалга ошириш бошланди, Фарғона вилоятида 7,2 минг тонна калава ишлаб чиқариш бўйича «Бестекс» ҚК лойиҳасини ишлаб чиқиш тўлиқ тугалланди.
2002 йилда Бўка шаҳридаги (Тошкент вилояти) қурилиши тугалланмаган объектлар базасида Ўзбекистон-Корея ва Ўзбекистон-Япония қўшма корхоналари ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бошланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида енгил саноат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмлари ошди. 2001 йилда маҳсулот экспорт қилиш 1994 йилдагига нисбатан 15,5 баравардан кўпроққа ошди ва 136,1 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. 2002 йилда ушбу кўрсаткични 167,9 млн. АҚШ долларигача етказиш мўлжалланмоқда.
III. Тўқимачилик ва енгил саноатни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва устуворликлари
3.1. 2005 йилгача бўлган даврда тармоқнинг 40 та корхонасида техника билан қайта жиҳозлаш ва қурилишни тугаллаш назарда тутилмоқда, бу 2005 йилда пахта толасини қайта ишлаш бўйича қувватларни 469,1 минг тоннагача кўпайтириш имконини беради, улар 2005 йилгача босқичма-босқич ишга туширилади.
Ип-газлама ишлаб чиқариш тармоғида 2005 йилгача 24 та ишлаб турган корхонани техника билан қайта жиҳозлаш, 14 та объект қурилишини таъминлаш мўлжалланган, бу ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш ва уларнинг турларини кенгайтириш имконини беради. Тўқимачилик соҳасига капитал қўйилмалар миқдори 2002—2005 йилларда 1033,8 млн. АҚШ долларини ташкил қилади (1-жадвал*).
*1-жадвал берилмайди.
Тикувчилик-трикотаж тармоғида 2005 йилгача трикотаж буюмлар ишлаб чиқаришни 89,2 млн. донагача (3 баравар) кўпайтириш мўлжалланмоқда. Тикувчилик-трикотаж тармоғига капитал қўйилмалар ҳажми 12,5 млн. АҚШ долларидан ошади.
3.2. Барча бўғинларни бошқариш тизимларини янада такомиллаштириш, ташкилий тузилмаларни қайта ўзгартириш ва бозор асосидаги ишлаб чиқариш муносабатларини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Енгил саноат корхоналарини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Ўзбекистон енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш давлат уюшмаси («Ўзбекенгилсаноат»)ни «Ўзбекенгилсаноат» («Oʼzbekyengilsanoat») енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш давлат-акциядорлик компаниясига айлантириш назарда тутилмоқда, унга қуйидаги асосий вазифалар ва фаолият йўналишлари юкланади:
тармоқни ривожлантиришнинг ягона техник, молиявий ва технологик сиёсатини ташкил этиш, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ошириш, тармоқда келишилган инвестиция сиёсатини ўтказиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, илғор саноат технологияларини жорий этиш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун корхоналарни замонавийлаштириш ва техника билан қайта жиҳозлаш;
ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштиришни ривожлантиришда енгил саноатнинг тўқимачилик, трикотаж ва тикувчилик тармоқлари корхоналарини кооперациялашга кўмаклашиш, янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва улардан фойдаланишга, маҳаллий капитал қўйилмаларни ва хорижий инвестицияларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи хўжалик фаолиятини амалга ошириш;
тармоқда иқтисодий ислоҳотлар жараёнларини чуқурлаштириш, корхоналарни кенг кўламда акциялаштириш, Давлат акциядорлик компанияси таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари ва корхоналарини бошқаришда, уларнинг фаоллигини оширишда қатнашиш, умумий манфаатларга риоя этиш ва тармоқни сифатли таркибий қайта ўзгартириш жараёнларини жадаллаштириш устидан ягона назоратни амалга ошириш;
пахта толасини қайта ишлаш, корхоналарни зарур материаллар, техника ресурслари билан таъминлаш, тайёр маҳсулотни экспортга сотиш соҳасида кооперациялашнинг янги ташкилий шаклларини ривожлантириш;
аҳоли эҳтиёжлари ва талабини шакллантиришнинг ижтимоий аспектларини ишлаб чиқиш, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, аҳоли эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш масалаларини ҳал этишда саноат ва савдонинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
тўқимачилик саноати маҳсулотларини кўргазма, реклама, маркетинг фаолиятини самарали амалга оширишни таъминловчи ихтисослаштирилган тузилмалар орқали ҳам ички бозорга, ҳам хорижий мамлакатлар бозорларига фаол киритиш.
3.3. Концепцияни амалга ошириш 2001 йилдагига нисбатан ип-калавалар ишлаб чиқаришни 406,0 минг тоннагача етказиш, уни 3,2 баравар кўпайтириш, хом сурп ишлаб чиқаришни 520,0 млн. узала метргача (1,7 баравар) кўпайтириш, трикотаж газламалар ишлаб чиқаришни 6,8 баравар, трикотаж, гилам ва тикувчилик буюмларини тегишли равишда 3; 2,6 ва 1,5 баравар кўпайтириш имконини беради (2-жадвал*). Уюшманинг экспорт потенциали 2000 йилдагига нисбатан 4,7 баравар кўпайтирилади ва 2005 йилда 650,0 млн. АҚШ долларигача етказилади.
*2-жадвал берилмайди.
IV. Ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш натижалари ва иқтисодий самарадорлиги
Пахта толасини чуқур қайта ишлаш қувватларини оширишни назарда тутувчи Концепцияни амалга ошириш натижасида Ўзбекистон тўқимачилик саноатида ишлаб чиқаришларни технологиялар ва техника билан жиҳозлашни сифат жиҳатидан янгилаш назарда тутилмоқда.
4.1. Умуман олганда тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш Концепцияси амалга оширилганда қуйидаги асосий натижаларга эришилади:
тўқимачилик саноатининг 26 та ишлаб турган корхонаси техника билан қайта жиҳозланади ва 14 та янги объекти қурилади (3-жадвал*);
*3-жадвал берилмайди.
тармоқ корхоналари томонидан пахта толасини қайта ишлашнинг республика бўйича умумий ҳажмдаги салмоғи 2001 йилдаги 24 фоиздан 2005 йилда 50 фоизгача кўпаяди;
саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 баравар кўпаяди ва 2005 йилда 430,0 млрд. сўмни ташкил қилади;
тармоқ корхоналари оладиган фойда 5,3 баравар ошади ва 50,9 млрд. сўмни ташкил қилади;
қўшимча равишда 24,7 минг, шу жумладан қишлоқ жойларда — 13,1 минг иш ўринлари ташкил этилади;
ҳар йилги экспорт ҳажми 650 млн. АҚШ долларидан, шу жумладан ип-газламалар бўйича 180 млн. АҚШ долларидан (ўсиш 4,6 баравар), тайёр буюмлар бўйича 26,6 млн. АҚШ долларидан ошади ёки 4,3 баравар кўпаяди (4-жадвал*).
*4-жадвал берилмайди.
4.2. Республикада пахта толасини қайта ишлашнинг кўпайиши жаҳон бозорида пахта толасидан фойдаланиш балансининг қайта тақсимланишига олиб келади ва бу:
тўқимачилик саноати асосий ишлаб чиқаришлари Ўзбекистонда кўпайишини рағбатлантиришга ва республикага қўшимча инвестициялар жалб этилишига;
қарийб 1046 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кўплаб капитал қўйилмаларнинг жалб этилишига ва ўзлаштирилишига олиб келади, бу республикада тўқимачилик машинасозлигини ривожлантиришга замин яратади, чунки эҳтиёт қисмларга, бутловчи узеллар ва деталларга бўлган ҳар йилги эҳтиёж 2005 йилдаёқ камида 200 млн. АҚШ долларини ташкил қилади;
жаҳон бозорида рақобатга бардошли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда тўқимачилик саноатининг бўёқлар, синтетик толалар ва бошқа ёрдамчи материалларга эҳтиёжи республикада кимё саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун асос бўлади;
Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ва узоқ хорижий мамлакатлар бозорларида тўқимачилик саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича устун мавқени эгаллайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Oʼzbekyengilsanoat»енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш давлат-акциядорлик компаниясининг
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Oʼzbekyengilsanoat» енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш давлат- акциядорлик компанияси бошқаруви ижроия аппарати
ТУЗИЛМАСИ
ТУЗИЛМАСИ
Ҳаммаси — 58 нафар
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ҳукуматнинг тўлиқ ёки қисман ўз кучини йўқотган қарорлари рўйхати
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон енгил саноат моллари ишлаб чиқариш давлат уюшмаси («Ўзбекенгилсаноат») масалалари тўғрисида» 1991 йил 20 майдаги 139-сон қарори.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон енгил саноат моллари ишлаб чиқариш давлат уюшмаси («Ўзбекенгилсаноат») бошқарув тузилмасини такомиллаштириш ҳамда унинг корхоналари ва ташкилотларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1992 йил 28 ноябрдаги 558-сон қарори 1-бандининг иккинчи хатбоши, қарорнинг 2, 3, 5, 7, 8-бандлари.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Енгил ва маҳаллий саноатни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1996 йил 29 апрелдаги 166-сон қарорининг 11-банди.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 13-сон, 103-модда; 2003 й., 4-сон, 42-модда; 2004 й., 3-сон, 31-модда, 12-сон, 145-модда; 2010 й., 23-сон, 183-модда; 2014 й., 1-сон, 6-модда)