Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
2015 йил 6 июль, Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, унинг номидан «Ўзбектуризм» Миллий компанияси ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати, унинг номидан Туризм вазирлиги, бундан буён «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилган ҳолда,
туризм секторининг иқтисодий ривожланишда муҳим эканлигини англаб,
туризмнинг Томонлар давлатлари халқлари ўртасида ўзаро тушунишни кучайтиришда муҳим омил эканлигини тан олиб,
тенглик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат тамойилларига асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида келишдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатлари фуқароларини икки мамлакат халқларининг тарих ва маданият соҳасидаги ютуқлари, шунингдек табиати ҳамда диққатга сазовар жойлари, тарихий обидалари ва миллий анъаналари билан таништириш мақсадида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар давлатлари миллий қонунчилиги асосида ўз фуқароларининг ҳар иккала мамлакатларга сафарларини рағбатлантирадилар. Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида манфаатдор туристик ташкилотлар ўртасида бевосита алоқаларни ва ҳамжиҳатликни кўллаб-қувватлайдилар.
3-модда
Томонлар мазкур Битим доирасида қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиладилар:
а) туризм соҳасига оид маълумотлар билан алмашиш;
б) кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш мақсадида мутахассислар билан алмашиниш дастурларини ташкил этиш;
в) туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, шу жумладан Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ тақдим этиладиган инвестициявий имтиёзлар тўғрисида ахборот алмашиниш;
г) Томонлар давлатлари туроператорлари ва туризм соҳасида фаолият юритувчи етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўзаро махсус ташрифлар уюштириш;
д) тарғибот, маркетинг ва тўхташ жойларини ривожлантириш ҳамда бошқариш соҳасида тажриба алмашиш;
ё)ҳар иккала Томон давлатларида ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш;
ж) хавфсиз ва барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш.
4-модда
Томонлар мазкур Битим ижросини таъминлаш юзасидан фикр алмашиш мақсадида таркибига ҳар икки Томондан тенг миқдорда аъзолар киритиладиган Қўшма ишчи гуруҳ тузишлари мумкин.
Қўшма ишчи гуруҳ ўз даврий учрашувларини ҳар икки йилда бир маротаба Томонлар олдиндан ўзаро келишган муддатларда навбат асосида ўтказади. Томонлар мазкур учрашувларга туризм соҳасида фаолият юритадиган компаниялар вакилларини таклиф этишлари мумкин.
5-модда
Қўшма ишчи гуруҳ учрашувини ўтказишда юборувчи Томон сафар билан боғлиқ йўл ва яшаш ҳаражатларини қоплайди. Учрашувни ташкил этиш билан боғлиқ барча ҳаражатларни қабул қилувчи Томон қоплайди.
6-модда
Мазкур Битим Томонлар ва уларнинг давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
7-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ дипломатик каналлар орқали ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ёзма ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш, амалга ошириш ва/ёки қўллашда юзага келадиган қар қандай келишмовчиликлар Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали ўзаро маслаҳатлашув ёки музокаралар йўли билан ҳал этилади.
9-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим беш (5) йил давомида амал қилади ва Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали тегишли муддат тугашидан олти (6) ой аввал ушбу Битимни тугатиш нияти тўғрисида ёзма равишда бошқа Томонни хабардор қилмагунига кадар унинг амал қилиши ўз-ўзидан кейинги шундай муддатларга узаяверади.
Бунинг тасдиғи сифатида тегишли Ҳукуматлар томонидан ўрнатилган тартибда ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
2015 йил 6 июлда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада, хар бири ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)