Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Исроил Давлати Ҳукумати, куйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталади,
халқлар ўртасида ўзаро англашувга ва иккала мамлакат ўртасида туризм соҳасида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган муддаоларини изҳор этиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашишди:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар икки мамлакат ўртасида туризмни ривожлантиришга кўмаклашишга ҳаракат қиладилар, ва хусусан иккала мамлакатдаги туристик бошқарув тизимлари, туристик ассоциациялари ва ташкилотлари ўртасида муносабатлар ўрнатилишини ва туристик ҳаракатларнинг амалга оширилишини фаол кўллаб-қувватлайдилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар туристик инвестицияларни, шу жумладан, туризм соҳасида хусусий инвестициялар қўйиш билан шуғулланадиганларни кўллаб-қувватлайдилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар қуйидаги соҳаларда икки томонлама туристик ҳамкорликни ривожлантиришга рози бўлишди: соғломлаштириш туризми, ишчи гуруҳларни тайёрлаш, дастурларни, сайр-саёҳат бўйича экспертларни, касб-ахборот материалларини, ҳужжатларини, статистик, туристик адабиётлар ва тааллуқли материалларни ўзаро айирбошлаш. Реклама ва ҳужжатлар тоифасига кирадиган материаллар икки мамлакат ўртасида айирбошлаш жараёнида божхона йиғимларидан озод этилади. Мазкур шартлар туристик ярмаркалар ва кўргазмалар учун юбориладиган экспонатларга ҳам амал қилади, бунда уларнинг тижорий қиймати ҳисобга олинмайди.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар халқаро туристик ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қиладилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битимнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида, туризм соҳасида шуғулланадиган ўз давлатлари тизимларига Битимнинг бажарилиши ва бажарилиши устидан назорат қилиш бўйича ишчи дастурини ташкил қилиш мақсадида зарур барча нарсани тўплаш вазифасини топширадилар.
6-модда
Мазкур Битимнинг ижроси учун «Ўзбектуризм» миллий компанияси ва Исроил Давлати Туризм вазирлиги масъулдир.
7-модда
Ушбу Битим Томонлар мазкур Битимнинг амалга оширилиши учун зарур юридик ички талаблар бажарилганлиги ҳақида бир-бирларини ёзма равишда дипломатик йўллар орқали хабардор этадиган ноталар олишлари билан кучга киради.
Мазкур Битим беш йил давомида кучда бўлади ва башарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири иккинчи Томонни Битим тугашига олти ой қолгунига кадар ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор этмаса, Битим ҳаракат муддати тўғридан-тўғри навбатдаги беш йилга узайтирилади.
Тошкент шаҳрида, 1994 йил 4 июлда, 5754 йилга мувофиқ, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, иврит ва инглиз тилларида имзоланди. Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар туғилган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)