Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
Қарори
Жиноят ишларини судлар томонидан кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги 43-сонли «Жиноят ишларини судлар томонидан кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Жиноят ишларини кассация тартибида юргизиш-юқори судлар томонидан судлов фаолиятининг устидан назорат қилишнинг муҳим усули бўлиб, у судлар йўл қўйган хатоларни айниқса тезроқ тузатишга имкон беради, жиноят-судлов ишларини юргизиш вазифаларини бажаришга ва республикада қонунчиликни мустаҳкамланишига ёрдам беради.
Судлар ишларни кассация тартибида кўриб чиқиш сифатини яхшиладилар, лекин шу билан биргаликда кассация инстанцияси судларининг ишида суд фаолиятини ва одил судловни амалга оширишда салбий таъсир кўрсатувчи жиддий камчиликлар бор.
Биринчи инстанция судлари томонидан жиноят ва жиноят процессуал қонунларини тўғри қўлланишига айрим ҳолларда эътибор берилмайди. Натижада айрим қонунсиз ва асослантирилмаган суд ҳукмлари ва ажримлари ўзгартирилмасдан ва бекор қилинмасдан қолдирилади, шу билан бир вақтда, қонуний ва асослантирилган ҳукм ва ажримларни бекор қилиш фактлари учраб туради.
Кассация инстанциялари дастлабки тергов ва суд мажлисида йўл қўйилган қонун бузилишларига қарши хусусий ажрим чиқаришга кам эътибор бермоқдалар.
Ишларни кассация тартибида кўриш учун тайёрлашда ва иш материалларини тўла текширишда хатоларга йўл қўйилмоқда.
Кассация инстанцияларида ишларни кўриш тартиби ва шартларини белгиловчи қонунларни бузиш ҳолларига барҳам берилмаган.
Айрим ҳолларда, ҳукм ва ажримлар бекор қилиниб, ишларни қайта судга жўнатиш пайтларида, айбни тасдиқланганлиги масаласи олдиндан ҳал қилиб қўйилади, ёки биринчи инстанция судларига қайси далилларни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик, ёки қайси қонунни қўллашга кўрсатмалар берилади.
Айрим ҳолларда биринчи инстанция судлари, ишларни кассация тартибида кўриш учун жўнатилишида, уларни қонун талаби бўйича расмийлаштирмайдилар, бунинг натижасида, камчиликларни тўлдирмоқ учун ишлар судларга қайтарилиб, сансалорликка йўл қўйилмоқда. Айрим ишлар қонун томонидан белгиланган муддатда кўриб чиқилмайди. Ишларни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақида асослантирувчи ажримлар чиқарилмайди, ишларни кўрилиш куни тўғрисида кассация инстанциясида қатнашувчи шахсларга ўз вақтида хабар қилинмайди.
Айрим кассация инстанция судларининг ажримларида кассация шикояти берган маҳкумларнинг судланганлиги тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилмайди, шикоят ва протестларнинг мазмуни, прокурорнинг фикри ва хулосаси, суд муҳокамаси қатнашчиларининг илтимосномалари, изоҳлари ва фикрлари баён этилмайди.
Ҳимоя ҳуқуқни бузилишига йўл қўйилмоқда, суд практикасида учраб турадиган айрим масалаларни ҳал қилишда бир хиллик йўқ.
Кассация инстанцияларининг айрим ажримлари қонун белгилаб қўйган муддатда ижро этиш учун юборилмайди.
Натижада, ана шундай ишлар бўйича чиққан ҳукм ва ажримлар назорат инстанцияси судлари томонидан қайта кўриб чиқилади, ишларни ҳал қилишда сансалорликка йўл қўйилади.
Кассация тартибида ишларни кўришдаги камчиликларни бартараф қилиш ва бу масалаларни бир хилда ҳал этилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қуйидаги раҳбарлик тушунтиришларини беришга қарор қилади:
1. Жиноят ишларини кассация тартибида синчиклаб, тўғри ва ҳартомонлама текшириб кўриб ҳал қилиш катта аҳамиятга эга, ваҳоланки қонунсиз ва асослантирилмаган ҳукм, ажрим ва қарорларни кучга киришининг олди олинади, ҳамда одил судловнинг олдига қўйилган мақсад ва вазифаларини амалга ошириш таъминланади.
Юқори судлар қуйи судларга нисбатан, улар чиқарадиган ҳукм, ажрим ва судья қарорларининг қонунга тўла мувофиқ бўлишига эришиш учун талабчанликни оширишлари керак. Биринчи инстанция судлари ишларни кассация тартибида расмийлаштиришда, кассация шикоятлари ва протестлари берилгани тўғрисида маълум қилишни ва суд мажлиси протоколи билан таништиришни тартибга солувчи жиноят-процессуал қонунларига қаттиқ амал қилишга мажбурдирлар.
Судларга шуни эслатиб ўтиш керакки, дастлабки кассация шикояти қонунда кўрсатилмаган.
Кассация инстанция судлари ишни ўзига қабул қилиб олишдан олдин маҳкум, оқланган, жабрланувчи ва бошқа суд муҳокамаси қатнашчиларининг манфаатларига тааллуқли протест ёки шикоят тушганлиги тўғрисида ушбу шахсларга маълум қилинганлигини аниқлашлари керак.
Биринчи инстанция судлари шуни назарга тутмоқлари керакки, қонунга биноан /Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 304, 305, 332-моддалари/, суд муҳокамаси қатнашчилари тушган шикоят ва протестлар билан танишишга ва бу протест ва шикоятларга ўз эътирозларини билдиришга ҳақлидирлар. Лекин, уларга бу мажбуриятларни юклаш қонунга зиддир.
2. Кассация шикоятлари ва протестларига чуқур мулоҳаза, диққат-эътибор билан ёндошиш керак. Уларда кўрсатилган важлар жавобсиз қолмаслиги учун, бу важларни синчиклаб ўрганиб ва анализ қилиб, ишдаги мавжуд ва қўшимча берилган материаллар билан солиштириб кўриш шарт.
Жиноят ва жиноят-процессуал қонун нормаларига амал қилинишига жиноий ҳаракат квалификацияси тўғрилигига, тайинланган жазони асослантирилганлигига қонуний ва адолатли бўлишига алоҳида эътибор бериш керак.
3. Кассация инстанцияси суди жиноят ишини тўла текширади. Ҳукм, ажрим ва қарорларнинг қонунийлиги ва асослантирилганлигини текшираётиб, кассация инстанцияси суди, биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган моддий ва процессуал қонун бузилишларини, бу ҳақда шикоят ёки протестда кўрсатилишидан қатъий назар, бартараф қилишга мажбур. Кассация инстанцияси чиқарилган хусусий ажрим қонунийлигини, унинг ҳукм ва иш материалларига мослигини текшириши шарт. Агар, асослар бўлса, хусусий ажримни бекор қилиш ёки ўзгартириш мумкин.
4. Бир неча кишига нисбатан жиноят иши кўрилаётганда, суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 308-моддасига биноан, кассация шикояти бермаган, ёки жабрланувчи кассация шикоят ва прокурор протести келтирилмаган шахсларга нисбатан ҳам иш тўла ҳажмда текширилади. Агар асослар бўлса, юқорида кўрсатилган маҳкумларнинг аҳволини оғирлаштирмаслик шарти билан, суд ҳукмига керакли ўзгартишлар киритиш, ёки уни бекор қилиш мумкин.
Агар ҳукмга ўзгартириш киритиш ёки уни бекор қилиш учун асослар бўлмаса, ушбу маҳкумларга нисбатан иш текширилганлиги ва ҳукм ўзгартирилмасдан қолдирилганлигини кўрсатиш керак эмас.
5. Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси 308, 333-моддаларининг мазмунига кўра, айрим маҳкумларга нисбатан кассация шикоятлари ёки прокурор протести берилиб иш бўйича ҳукм юқори суд томонидан бекор қилинмаса, бу ҳукм иш ҳамма маҳкумларга нисбатан кассация тартибида кўриб чиқилганидан сўнг кучга киради.
6. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунларнинг жиддий бузилишлари аниқланиб, бу ҳукмни бекор бўлишига олиб келадиган бўлса ва йўл қўйилган бузилишлар ҳамма маҳкумларга тааллуқли бўлса, улардан қайси бири кассация шикоят берганидан ёки қайси бирига прокурор протест келтирилганидан қатъий назар, кассация инстанцияси ҳукмни бутунлай, ҳаммага нисбатан бекор қилишга мажбур. Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 321-моддаси 2 қисмида кўрсатилган қонун бузилишларидан ташқари, бошқа жиноят ва жиноят-процессуал қонунларининг бузилишлари, айбланувчи, судланувчи ёки бошқа суд муҳокамаси иштирокчиларининг қонуний гарантияланган ҳуқуқлари камситилганлиги ёки бу ҳуқуқлардан маҳрум қилинганлиги, суднинг иш ҳолатларини тўла ва холисона аниқланишига, қонуний ва асослантирилган ҳукм чиқаришга таъсир қилган, ёки таъсир қилиши мумкин бўлса /ишда судга бериш тўғрисидаги қарор ёки ажримнинг йўқлиги, айблаш фикрининг тасдиқланмаганлиги, айблаш фикрининг топширилмаганлиги, қонунда кўрсатилган ҳолларда ҳимоялаш билан таъминланмаганлик, қонун бўйича ўтказилиши мажбуран бўлган экспертизанинг ўтказилмаганлиги, судланувчига охирги сўз берилмаганлиги ва бошқалар/, ушбу талабга риоя қилиниши керак.
7. Агар бирор сабаб билан айрим маҳкумларга нисбатан ўз муддатида берилган кассация шикояти ёки протест, ишни бошқа маҳкумларга нисбатан кўриб чиқилганидан сўнг келиб тушса, ёки Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 306-моддасига биноан, шикоят ёки протест келтириш муддати тикланган бўлса, шунингдек маҳкум ва унинг ҳимоячисининг кассация шикояти, бошқа суд процесси иштирокчисининг кассация шикояти, ёки прокурор кассация протести билан ушбу маҳкумга нисбатан иш кўрилиб чиқилганидан сўнг келиб тушса, кассация инстанция суди, чиқарилган ажримни бекор қилиниши ва ҳамма шикоят ва протестларни бир вақтда кўриб чиқилиши учун, ишни назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган суд раисига юборади.
Назорат тартибида кассация суди ажрими бекор қилиниб, ишни қайтадан кўриш учун юбориладиган бўлса, шу ишни иккинчи марта кўрадиган кассация инстанция суди, қонун томонидан ўрнатилган процесс иштирокчиларига маълум қилиш талабига амал қилиб, шикоят ёки протест берган шахсларга ишни кассация инстанциясида кўрилиши тўғрисида хабар бериши шарт /Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал Кодексининг 304, 332-моддалари/. Бу талабни бажармаслик қонунни жиддий бузиш деб ҳисобланади.
8. Судланувчининг ҳимоячиси ўз ташаббуси билан кассация шикояти бериш ҳуқуқига эга. Агар ушбу ҳимоячи, маҳкумнинг розилиги билан бошқа ҳимоячи билан алмаштирилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 305-моддаси 4-қисмига биноан у қўшимча шикоят /қўшимча важлар/ келтириши мумкин.
Агар маҳкум иккинчи суд инстанциясида ҳимоядан воз кечса, бошқа кассация шикояти ёки протести бўлмаган тақдирда иш кўрилмасдан қолдирилади. Лекин, судлар шуни назарда тутмоқлари лозимки, маҳкумнинг ҳимоядан воз кечиши суд учун мажбурий бўлмаган ҳоллар Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 45-моддасида кўзда тутилган.
Кассация инстанцияси ҳимоядан воз кечишни қабул қилмасдан, ишни мазмунан кўриши мумкин. Ҳимоядан воз кечишни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида коллегиал равишда қарор қабул қилинади ва бу қарор ажрим матнига киритилади.
9. Маҳкумнинг ёки жабрланувчининг яқин қариндоши, агар у амалдаги қонун асосида жабрланувчи ёки маҳкумнинг қонуний вакили сифатида ишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлса, унинг келтирган шикояти кассация шикояти деб ҳисобланади ва ишни кассация тартибида кўриш учун асос бўлади (Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 224, 230-1-моддалари).
Кассация инстанция суди ишларни кўриш пайтида суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар томонидан жиноят-судлов ишларини юргизишда жабрланувчининг қатнашувини тартибга солувчи қонун талабларини тўғри қўлланилганлигини синчиклаб текшириши керак ва йўл қўйилган қонун бузилишини эътиборсиз қолдирмаслик лозим.
Жабрланувчининг ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки уларнинг бу ҳуқуқларини қисиш, агар ишни ҳар томонлама кўришга халақит берган бўлса, қонуний ва асослантирилган ҳукм чиқаришга таъсир қилган бўлса, бу ҳукмни бекор бўлишига олиб келадиган жиноят процессуал қонунини жиддий бузилиши деб танилиши керак /Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 321-моддаси/.
10. Агар адвокат билан тузилган шартнома бўлмасдан, маҳкум суд мажлиси протоколи билан адвокат иштирокида таништириш тўғрисида талаб қўйса, унга қонунда кўрсатилган, протокол билан танишиш тартибини тушунтириш керак.
Суд мажлиси протоколининг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, суд протокол билан танишиш муддатини белгилашга ҳақлидир.
Суд мажлиси протоколининг имзоланган куни тўғрисида раислик этувчи протоколда кўрсатиб ўтишга мажбурдир. Узрли сабаблар бўлган тақдирда ишни кўришни бошқа кунга қолдиришга йўл қўйилади. Агар ишда қатнашувчи шахсларга ишни кўрилиши тўғрисида тегишли равишда маълум қилинган бўлса, аммо у шахслар судга келмасалар, кассация инстанцияси, келмаслик сабабларини текшириб кўриб, ишни уларсиз кўриш масаласини ҳал қилиши керак, бу ҳақда суд ажримида кўрсатиб ўтиш зарур.
11. Ишни кассация тартибида кўриш пайтида, келтирилган ёки суднинг ташаббуси билан талаб қилиб олинган қўшимча материаллар судда текширилган ҳолатларга тааллуқли бўлса ва янги очилган ҳолатлар борлиги тўғрисида далолат бермаса, бу материаллардан фойдаланиш мумкин.
Қўшимча материалларга ишдаги барча мавжуд далиллар билан бирга баҳо берилади ва шулар билан бир қаторда ҳукм, ажрим ва қарорни бекор қилиб, ишни янги терговга янги судга юбориш қарорига асос бўлиб киритилиши мумкин.
Суд муҳокамасининг қайси босқичидан ишни янгидан кўрмоқлик учун юбориш масаласини ҳал қилаётиб, суд иш ҳолатларини тўла ва ҳартомонлама текшириш, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш заруриятига асосланиши, қўшимча материаллар дастлабки текшириш предмети бўлмаганлиги ва қонун бўйича айбланувчига эълон қилинмаганлигини назарда тутиши керак.
Қўшимча тақдим қилинган материаллар билан аниқланган факт, биринчи инстанция суди томонидан текширув ўтказиш ва баҳо беришни талаб қилмайдиган ҳолдан ташқари /кассация шикояти берилганидан сўнг маҳкумнинг ўлиб қолиши, маҳкумнинг жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмаганлиги, илгари судланмаганлиги ва бошқалар/ бошқа ҳолларда, ушбу материаллар асосида ҳукмни ўзгартиришга уни бекор қилиб, ишни ҳаракатдан ётқизишга йўл қўйилмайди. Судларнинг эътибори шу нарсага қаратилсинки, қўшимча материаллар тергов йўли билан қўлга киритилиши мумкин эмас, чунки қонун мазмунига кўра, иш бўйича ҳар қандай қўшимча тергов ҳаракатлари /айбланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиш, тинтув ўтказиш, олиб кетиш /вьемка/, зкспертиза ўтказиш, воқеа жойида кўргазмаларни текшириш ва бошқалар/ фақат ҳукм бекор қилиниб, ишни қўшимча тергов ўтказиш учун юборилганда ўтказилиши мумкин.
12. Ишларни кассация тартибида кўрилиши, судланувчи айбдор деб топилган ёки оқланган айб доирасида бўлиши мумкин. Агар, маҳкумнинг аҳволи оғирлаштирилмаса ёки унинг ҳимоя ҳуқуқи бузилмаса, айбни ўзгартириш мумкин, жумладан, бу ўзгартириш маҳкумнинг ҳукмда мужассамлаштирилган айбидан жиддий равишда фарқ қилмаса, ёки оғирроқ жазо тайинланишига олиб келмаса, суд содир этилган жиноятни бошқа енгилроқ қонун моддасига ёки моддаларига қайта квалификация қилишга, айбнинг бир қисмини /эпизодини/ ёки маҳкум жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқариб ташлашга, алоҳида квалификация қилинган ҳукмнинг бир қисмини бекор қилишга ва бу қисми бўйича ишни ётқизишга, ҳукмни бекор қилмасдан ва бу қисми бўйича ишни ётқизмасдан, қилинган жиноятга хато баҳо бериш натижасида икки жиноятнинг идеал йиғиндиси сифатида эълон қилинган қонун моддасини чиқариб ташлашга ҳақли.
Ҳукмга киритилган ўзгартиришлар ажримнинг резолютив-хулоса қисмида кўрсатилиши керак.
13. Агар ишни кўриш натижасида кассация инстанцияси маҳкум ҳаракатларини амнистия акти бўйича, ёки жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги учун, жиноят иши қўзғатилмайдиган жиноятга квалификация қилиш зарур деган хулосага келса, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 5 моддаси 1, 2, 3, 4-бандларига риоя қилган ҳолда, биринчи инстанция суди қабул қилиши мажбурий бўлган, лекин қабул қилмаган қарор чиқариши лозим, яъни, қилинган жиноят қонунининг тегишли моддасига қайта квалификация қилиб, ушбу модда билан жазо тайинлаб, маҳкумни жазодан озод қилиши керак.
Агар айбдорни жиноий жавобгарликдан озод қилувчи амнистия актига зид равишда жиноий иш қўзғатилган бўлса, ё жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган бўлса, маҳкум, гарчан жазо ўташдан озод қилинган бўлсада, айблаш ҳукми бекор қилиниб, иш ҳаракатдан ётқизилади.
14. Маҳкум ёки унинг ҳимоячиси шикояти билан ишни кўраётиб, бир томонлама, ёки тўла бўлмаган суриштирув, дастлабки тергов ва суд тергови натижасида ҳукмни бекор қилаётиб, кассация инстанцияси биринчи инстанция суди аниқламаган ёки рад этган, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи ҳолатларни ўз ажримига киритиши мумкин эмас.
15. Ишнинг бошқа эпизодлари билан бирга умумий квалификация олган бир ёки бир нечта эпизодли ҳолатлари қисмини тўлиқ текширилмаганини аниқлаб /масалан, шахсни бир неча марта пора олганликда айбдор деб топиш/, кассация инстанцияси эълон қилинган айб бўйича тўла миқдорда ҳукмни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориши керак ёки, асослар бўлганда, ҳукмни ўзгартириб, кўрсатиб ўтилган эпизодларни чиқариб ташлаб, ҳукмни бу қисмини ҳаракатдан ётқизиши лозим.
Агар маҳкум бир қанча жиноятларни қилганликда айбдор деб топилган бўлса ва жиноятларнинг ҳар бири қонундаги тегишли модда билан квалификация қилинган бўлиб, алоҳида кўрилиши мумкин бўлса, кассация инстанцияси суди, ҳукмни бир жиноят ёки бир неча жиноят қисми бўйича бекор қилиб, маҳкумга нисбатан ҳукмнинг бошқа қисмини ўзгартирмасдан қолдириб, ишни янгидан кўриш ёки қўшимча тергов ўтказиш учун юборишга ҳақли.
16. Кассация ажримларининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олиб, уларнинг мазмуни тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 327-моддаси талабини сўзсиз бажарилиши заруриятига судларнинг диққат-эътибори қаратилсин.
Ажрим хулосалари тегишли моддий ёки процессуал қонун манбаларига таяниши керак.
Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасида кўрсатилган барча масалалар шундай ҳал қилиниши ва баён этилиши керакки, ҳукмни ижро қилишда, ёки ҳукм ва ажримни назорат тартибида ўрганишда қийинчиликлар туғилмаслиги лозим.
Ҳукмни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун судга юбораётиб, кассация инстанция суди ўз ажримида ҳукмни бекор қилишга қандай бузилишлар сабаб бўлганини ва уларни қандай тузатиш йўлини кўрсатиши керак.
Лекин, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексини 328-моддасига биноан, кассация инстанцияси суриштирув, дастлабки тергов ва суд хулосаларини олдиндан ҳал қилувчи кўрсатмалар беришга ҳақли эмас, чунки ишни янгидан кўриш пайтида биринчи инстанция суди судланувчининг айбдор ёки айбдор эмаслик масаласини жиноят қонунини қўллаб, жазо тайинлашда далилларга ўз ички ишончи билан баҳо бериб, иш бўйича ҳамма ҳолатларни ҳар томонлама, тўла ва объектив кўриш асосида, ҳуқуқий онг ва қонунларга таяниб уни ҳал қилишга мажбурдир.
17. Биринчи инстанция суди томонидан маҳкумга амнистия қўлланиши мумкин бўлмасада, лекин қўлланилган бўлса, жазо енгиллиги тўғрисида прокурорнинг протести ёки жабрланувчининг шикояти бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодекси 316-моддаси 2-қисмига асосланиб, кассация инстанцияси, амнистияни қўлламасдан жазо тайинлаш учун ҳукмни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборади.
Агар кассация инстанцияси тайинланган жазо миқдорини тўғри деб топса /амнистия қўлланилгани билан/, амнистия қўлламасдан маҳкум учун жазо етарли деб ҳисобласа, ишни янгидан кўришга юбормасдан, ҳукмни ўзгартириши, яъни амнистия қўлланишини чиқариб, ҳукмнинг биринчи тайинланган, якунлов жазо миқдорига алмаштириши мумкин,
Агар кассация инстанцияси бирор сабаб билан /амнистия қўлланиши тўғрисидаги тушунтиришнинг йўқлиги ва бошқалар/ амнистия қўлламаган бўлса, зарур ҳужжатлар мавжуд бўлса амнистияни қўллаш тўғрисида қўшимча ажрим чиқариши мумкин.
18. Биринчи инстанция суди томонидан қўшиб жазо тайинлаш принципи ўрнига /Жиноят кодексининг 41-моддаси/, енгилроқ жазони оғирроқ жазо билан қоплаш принципини нотўғри қўлланганини аниқлаб, тайинланаётган жазо миқдори, агар ҳукм билан белгиланган жазо миқдоридан ошиб кетмаса, кассация инстанцияси, қўшиб жазо тайинлаш принципига ўтиши мумкин.
Жиноятлардан бирини енгилроқ оғир жиноят бўйича қонун моддасига қайта квалификация қилиб, ўша модда билан янги, енгилроқ жазо тайинлаётиб, юқори суд, биринчи инстанция суди томонидан қўлланилган, тайинланган жазоларни қоплаш принципидан, қўшиб жазо тайинлаш принципига ўтиши мумкин, шунингдек, тайинланадиган жазо ҳукм билан белгиланган жазо миқдоридан ошиб кетмаслик шарти билан, жами жиноятлар учун шу принциплардан исталгани билан белгиланиши мумкин бўлган ҳолда ҳам /Жиноят процессуал кодексининг 40 моддаси/, қўшиб жазо тайинлаш принципига ўтиши мумкин.
Биринчи инстанция суди қонунининг бир моддаси билан квалификация қилинадиган айбдорнинг икки ёки ундан ортиқ жиноятларидан бирига тўғри юридик баҳо бериб, бошқа жиноятларга хато равишда, янада оғирроқ жиноят қонуни моддасини қўллаб, уларни икки модда билан нотўғри квалификация қилган бўлса, кассация инстанцияси мазкур жиноий ҳаракатларни нотўғри квалификация қилинган моддадан енгилроқ моддага қайта квалификация қилиб, шу модда санкция чегарасида оғирроқ жазо тайинлашга ҳақли, лекин бу жазо ҳукм бўйича тайинланган жазо миқдоридан ошиб кетмаслиги керак.
Агар ҳукм бўйича колония режими тури тайинланмаган бўлса, кассация инстанцияси бу камчиликни тузата олмайди, бу ҳолда қонунни бузган суд адресига хусусий ажрим чиқарилади. Биринчи суд инстанцияси эса, Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 344, 345-моддаларига биноан колония турини тайинлайди.
Агар, колониянинг режим тури унинг енгилроқ тури билан нотўғри тайинланган бўлса, прокурорнинг протести ёки жабрланувчининг шикояти билан иш кўрилаётганда, кассация инстанцияси ишда бошқа жиддий камчиликлар топмаса, Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал Кодексининг 344, 345-моддалари қоидаларига мувофиқ, ҳукмнинг режим тайинлаш қисмини бекор қилиб, ишни ўша қисмини янгидан кўриш учун юборади. Агар биринчи суд инстанцияси, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 23-1-моддасида кўрсатилган асосларга қарамасдан, шахсни алоҳида хавфли рецидивист деб таниш масаласини ҳал қилмаган бўлса ё алоҳида хавфли рецидивист деб танимаган бўлса, кассация инстанция суди, прокурор протести ёки жабрланувчи шикояти билан, иш ҳолатларини назарга олиб, ҳукмни бекор қилиши ва ишни янгидан кўриш учун судга юбориши мумкин.
Ҳукмни бекор қилиш, иш қўшимча тергов ўтказиш учун юборилаётганда, ёки ишни қўшимча терговга юбориш тўғрисидаги ажрим бекор қилинаётганда, кассация инстанцияси ажримда судланувчиларнинг эҳтиёт чорасини кўрсатиб ўтишга мажбур.
Кассация инстанция суди зарурат туғилганда, ҳукм моҳиятига даҳл қилмайдиган ва маҳкум аҳволини оғирлаштирмайдиган, ҳукм камчиликлари натижасида пайдо бўлган шубҳа ва ноаниқликларни, Ўзбекистон Республикаси жиноят-процоссуал кодексининг 344, 345-моддаларида кўрсатилган тартибда ҳал қилади.
Кассация инстанция судлари ҳукмни тузишда йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўз муносабатини билдириб, бу камчиликларни бартараф қилишга эришишлари керак.
19. Маҳкум ёки бошқа процесс қатнашчилари томонидан кассация шикояти ёки протести берилгандан сўнг, иш ҳали кассация тартибида кўрилмасдан маҳкум ўлиб қолса, агар ишни текшириш натижасида марҳумни оқлаш /реабилитация қилиш/ асоси бўлса, ушбу маҳкумга нисбатан ишни кўриш давом этиши мумкин. Акс ҳолда, Ўзбекистон Республикаси жиноят процессуал кодексининг 5-моддаси 8-банди билан иш ҳаракатдан ётқизилади.
Лекин, шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал Кодексининг 62-моддаси ва гражданлик процессуал кодексининг 5-моддаси, 2-бандига биноан прокурор даъвоси бўйича, ёки жабрланувчи шикояти билан мулкни давлат фойдасига ҳал қилиш масаласини гражданлик ишларини судда кўриш тартибида ҳал қилинишини, судлар назарда тутмоғи керак. Марҳумнинг ҳаракатларидан етказилган зарарни қоплаш масаласи эса, жабрланувчининг ёки прокурорнинг даъвоси билан унинг меросхўрларига ёки мулкини идора этишни ўз жавобгарлигига олган шахсларга нисбатан кўриб чиқилади.
Иш бўйича далилий ашёларнинг тақдири кассация инстанцияси қарори билан аниқланиб, ишни ҳаракатдан ётқизиш тўғрисидаги ажримга киритилиши керак, агар мулк кимга тегишлилиги тўғрисида келишмовчилик мавжуд бўлса, гражданлик ишларини кўриш тартибида ҳал қилинади.
20. Ишни кассация тартибида кўриш пайтида суд қонунсиз ва асослантирилмасдан ҳукмни бекор қилаётиб, хато ҳукм чиқариш суриштирув, дастлабки терговни ўтказган шахслар ва судьяларнинг ўз вазифаларини ижро этишдаги бепарволик натижаси эканлигини аниқлаб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси 331-моддасига биноан, бу нуқсонларга эътиборни қаратиши лозим.
Кассация инстанция суди шунингдек, ўз ажрими билан суриштирув ва дастлабки тергов ўтказган мансабдор шахсларни, ёки биринчи инстанция бўйича ишни кўрган суднинг эътиборини, ҳукмни бекор қилишга ёки ўзгартиришга олиб келган бузилишлар бўйича ҳам қаратиши мумкин.
Лекин суд, ҳукм томонидан рад қилинган фактларни аниқлашга ёки исботланган деб ҳисоблашга, ёки ўзгартирилмасдан қолдирилган ҳукмни қонунийлигини ва асослантирилганлигини мазмунан рад этувчи хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эмас.
21. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари ва Тошкент шаҳар суди жиноят ишларини суд назорати тартибида кўраётиб, ушбу ишларни кассация тартибида кўрилганида қонуннинг ҳамма талабларига риоя қилинганлигига жиддий эътибор бериши ва шу билан биринчи ва кассация инстанцияси судлари фаолиятида қонунчиликка қаттиқ риоя қилинишини таъминлашга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг раиси У. МИНГБОЕВ
Пленум котиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг аъзоси А. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 13 ноябрь,
5-6-ПЛ-92-сон