ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИ РАЁСАТИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ РЎЗНОМАЛАРИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раисининг шу масалага доир хатини муҳокама этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг рўзномалари таъсис этилиб, «Халқ сўзи»—«Народное слово» рўзномалари тугатилсин. Янги рўзномаларнинг номига доир масала ҳал этилгунга қадар улар Олий Кенгаш матбаа нашрининг аввалги номи билан чиқариб турилсин.
Янги рўзномаларни нашр этишнинг даврийлиги ҳафтасига бешта сон деб белгилансин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг асосан расмий материалларини эълон қилиш учун ҳафталик Иловалар чиқариш кўзда тутилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси рўзномалари бош муҳаррирининг вазифаларини ижро этувчи қилиб Ўзбекистон Республикаси халқ депутати Расул Раҳмонович Раҳмонов тайинлансин.
3. Янги рўзномалар бош муҳаррирининг вазифаларини ижро қилувчи ўртоқ Р.Р. Раҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Котибиятининг Матбуот ва ахборот бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, оммавий ахборот воситалари ва туризм бўлими Олий Кенгашнинг Ошкоралик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда икки ҳафта муддат ичида янги рўзномаларнинг тузилиши, штатлари, харажатлари сметаси, таҳрир ҳайъати тўғрисидаги таклифларни, шунингдек Уставлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг тасдиғига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раисининг ўринбосари ўртоқ Б.И. Бугров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари ўртоқ Э.С. Самандаров тугатилаётган муҳарририятларнинг мол-мулкини муҳарририятларга ўтказиш бўйича комиссия тузсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси (ўртоқ Э.С. Самандаров) янги рўзномаларнинг моддий-техника таъминоти ва хоналарини жиҳозлаш, ходимларига транспорт хизмати кўрсатиш масалаларини ҳал этсин.
6. Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. МУТАЛОВ
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 6 март,
547-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 5-сон, 234-модда)