Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
Илмий-техник ҳамкорликка кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон-ҳиндистон марказини тузиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати (бундан кейин «Томонлар» деб юритилади),
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 1992 йил 12 октябрда тузилган Савдо, иқтисодий ва илмий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро Комиссия тўғрисида Битимини эътиборга олган ҳолда;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида фан ва техника соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида 1993 йил 29 июлда имзоланган Битимга мувофиқ;
фан ва техника соҳасидаги ҳамкорликни бундай буён ҳам ривожлантиришда ҳар икки томоннинг ўзаро манфаатдорлигини ҳисобга олган ҳолда;
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ушбу билан илмий-техник ҳамкорликка кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон Марказини (бундан кейин «Марказ» деб юритилади) таъсис этадилар.
2-модда
Марказ Тошкент шаҳрида жойлашади ва юридик шахс мақоми ва ҳуқуқига эга бўлади. Ўзбекистон Томони Марказ инфраструктураси, шу жумладан иш учун зарур бинолар, хизмат кўрсатиш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун зарур маблағларни ажратади.
Ушбу Битим юзасидан мажбуриятларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси фан ва техника Давлат комитети ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати фан ва технология Департаментига топширилади.
3-модда
Марказнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида илмий-техник ҳамкорликка кўмаклашиш учун марказий агентлик вазифасини бажариш;
б) Ҳамкорликдаги ўзбек-ҳинд илмий-техник лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ҳар икки мамлакатнинг олимлари ва илмий ташкилотларини аниқлаш йўли билан ҳамкорликни ривожлантириш;
в) Келишув йўли билан танланган тадқиқот соҳаларида ўзаро фойдали асосда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида олимлар билан алмашинишни ташкил этиш;
г) Илмий ва муҳандис-техник ходимлар тайёрлаш ва уларнинг малакаларини оширишда кўмаклашиш;
д) Ўзаро манфаатли семинарлар, амалий учрашувлар ва кўргазмалар ташкил этиш;
е) Ўзбекистон ва Ҳиндистон олимлари, илмий-техника ташкилотлари, шу жумладан университетлари бўйича, шунингдек мавжуд технологиялар бўйича маълумотлар базасини таъминлаш ва яратиш;
ж) Илғор ахборот технологияси системаларидан фойдаланиб, илмий-техник ахборот билан алмашинишга кўмаклашиш;
з) Ҳар икки томон учун манфаатли қўшма корхоналар ташкил этиш учун илмий-техника соҳасидаги фаолиятдан фойдаланишга интилиш.
4-модда
Марказ қуйидагиларга эга:
а) Марказнинг умумий фаолиятини амалга ошириш учун тузилган Раҳбар Орган, у ўз ичига Ўзбекистон ва Ҳиндистон томонидан ҳукумат органларининг уч нафардан лавозимли шахсини олади. Ўзбекистон Республикаси фан ва техника Давлат комитети Раиси ва Ҳиндистон ҳукуматининг фан ва технология Департаменти Котиби Раҳбар Органнинг Ҳамраислари бўладилар.
Раҳбар Орган устувор йуналишларни ишлаб чиқиш ва Орган фаолиятига раҳбарлик қилиш, шунингдек Марказ ишларига доир бошқа масалаларни ҳал қилиш учун йилда бир марта йиғилади.
б) Илмий Кенгаш, у илмий-техник ҳамкорликнинг асосий соҳаларини белгилаш, ишга доир учрашувлар, семинарлар ва ҳоказони ташкил этиш ҳамда Ўэбекистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида Марказ томонидан қўллаб-қувватлаш учун таклифларни танлаб олиш учун Ўзбекистон ва Ҳиндистондан уч нафар олимдан иборат таркибда тузилади:
Илмий Кенгаш, шунингдек муайян вақт оралиғида лойиҳа ва дастурларнинг бажарилишини баҳолайди ва тегишли чораларни кўради.
Илмий Кенгаш аъзолари табиий ва ижтимоий фанлар, техника фанларининг вакилларидан иборат бўлади. Илмий Кенгашнинг ҳар бир учрашувида қабул қилувчи Томон вакили раислик қилади. Илмий Кенгаш бир йилда икки марта, навбати билан Ўзбекистон ва Ҳиндистонда йиғилади.
Илмий Кенгаш томонидан тавсия этилган лойиҳалар Раҳбар Органнинг ҳар иккала Ҳамраиси томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади, сўнгра Раҳбар Органга тақдим этилади.
в) Раҳбар Орган ва Илмий Кенгаш аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарадилар.
5-модда
Ҳар икки Томон ҳамкорликдаги илмий-техник лойиҳаларнинг харажатларини тенг кўтаради. Йўлловчи Томон хизмат сафарига юборилаётган олимларнинг қабул қилувчи Томон пойтахтига етиб бориш ва ундан қайтиш харажатларини қоплайди, қабул қилувчи Томон эса расмий дастур асосидаги келишувга мувофиқ, хизмат сафарига юборилган олимнинг мамлакат ичкарисидаги харажатларини, шу жумладан аэропортдан келиш ва бориш харажатларини, йуловчилардан олинадиган солиқларни (солиқ тўланадиган ҳолларда) тўлайди ва яшаш, овқатланиш, транспорт ва майда сарфиётлар учун суткалик пул тўлайди. Суткалик тўланадиган пул университет профессори ёки қабул қилувчи Томондаги шунга тенг лавозим ойлик маоши миқдорида ҳар икки Томон ўртасида ўзаро келишув асосида ўрнатилган даражада белгиланади.
6-модда
Марказ, имконият борича, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларига Тошкентдан транзит билан ўтаётган ҳинд олимларига, шунингдек бу мамлакатлардан Ҳиндистонга транзит йўли билан Тошкент орқали ўтадиган олимларга ёрдам кўрсатади.
Ушбу протокол Деҳли шаҳрида, 1994 йил 5 январда, ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида, икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил ва тенг кучга эга.
(имзолар)