Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳокимининг
Қарори
Туман аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги 4-сонли «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда вилоят ҳокимининг шу мазмундаги 2013 йил 14 январдаги 17-қ-сонли қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда туманда ободонлаштириш ишларини ташкил этиш ва бошқаришни янада такомиллаштириш, шунингдек маҳаллий бюджет харажатларини мақбуллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги 4-сонли «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда вилоят ҳокимининг шу мазмундаги 2013 йил 14 январдаги 17-қ-сонли қарорлари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
* 1 — 3-иловалар берилмайди.
3. Шаҳарсозлик ҳамда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш туман Ободонлаштириш бошқармасининг асосий вазифалари этиб белгилансин. Унинг асосий вазифаларига шу жумладан қуйидагилар:
кўчалар, скверлар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган бошқа кўкаламзор зоналарни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни парвариш қилиш бўйича агротехника тадбирларини ўтказиш, уларнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш;
йўл-кўприк хўжалигини (кўчалар-йўлаклар қатнов қисмининг йўл қопламаси, бекат кўтармалари, ер ости ўтиш жойлари, кўприклар, транспорт чорраҳалари ва йўл ўтказгичлар, ён бордюрлар, сув чиқариб юбориш тармоқлари ва бошқа сунъий иншоотлар) сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;
дренаж хўжалигини (вертикал ва горизонтал қудуқлар, очиқ ва ёпиқ коллекторлар, сунъий ҳавзалар, ер ости ва ёмғир сувларини ҳайдайдиган насос станциялари) ва фаввораларни сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар;
электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда йўллар ва кўчаларнинг ташқи ёритиш тармоқларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар;
назоратсиз, шу жумладан эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда тутиш ва давлат ветеринария бўлимларига олиб келиш;
экология меъёрларига, санитария, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига ҳамда бошқа меъёрлар ва қоидаларга мувофиқ дафн этиш жойлари (қабристонлар) ва қабр устига ўрнатилган ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш;
мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатидан тозалаш киритилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Неъматов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ҳ. ОҚБЎТАЕВ
Ургут т.,
2013 йил 29 январь,
58-қ-сон