Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан Россия Федерацияси Табиий ресурслар ва экология вазирлиги ўртасида
Битим
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Россия Федерацияси Табиий ресурслар ва экология вазирлиги, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
давлат суверенитети принципларига асосланиб,
барқарор ривожланишга бўлган эҳтиёжни англаган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги дўстона муносабатлар ва стратегик ҳамкорликни юқори баҳолаб,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш истагида,
атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг кўпгина масалалари ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик асосида ҳал этилиши мумкинлигини англаган ҳолда,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашишига ишонч билдириб,
БМТнинг атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича Конференцияси (Рио-де-Жайнеро, 1992 йил), шунингдек барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги Учрашувда (Йоханнесбург, 2002 йил) қабул қилинган принциплар ва тавсияларга таянган ҳолда,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки давлат манфаатлари йўлида ўз давлатлари қонунчилиги ҳамда мазкур Битимга мувофиқ, глобал ва минтақавий атроф-муҳит муаммоларини биргаликда ҳал қилиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни амалга оширадилар.
2-модда
Томонлар атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қиладилар:
а) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий воситалари ҳамда уни иқтисодий тартибга солиш соҳаларида давлат назоратини такомиллаштириш;
б) атмосфера ҳавоси, сув ресурсларини ифлосланишдан муҳофаза қилиш, шу жумладан трансчегаравий доирада, шунингдек ресурсларни тежашга қаратилган экологик тоза, самарали технологияларни жорий этиш;
в) сувли-ботқоқ ҳудудларни, биринчи навбатда, 1971 йил 2 февралдаги Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги Конвенцияга (Рамсар конвенцияси) мувофиқ халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқ ҳудудларни асраш ва улардан оқилона фойдаланиш;
г) экологик фалокат ҳудудларида атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш бўйича глобал ва минтақавий муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш;
д) ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларининг кўпайишини ўрганиш, сақлаб қолиш ва тиклаш;
е) атроф-муҳит ифлосланиши устидан назорат қилиш, шу жумладан чиқиндилар (радиоактив чиқиндилар бундан мустасно) билан муомала қилиш соҳасида экологик мониторинг тизимларини ривожлантириш ва технологиялар билан алмашиш;
ж) алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар) тизимларини ривожлантириш, миллий боғлар ва бошқа алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар) фаолиятини бошқариш;
з) экологик таълим-тарбия;
и) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида қонунчиликни қўллаш, экологик назоратни ташкил этиш ва амалга оширишда тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш;
к) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тажриба, давлат сири бўлмаган илмий-техник маълумот ва янги технологиялар билан алмашиш.
Ҳамкорлик мазкур Битимни амалга ошириш жараёнида келишилган бошқа йўналишларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
3-модда
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик Томонларнинг ўзаро келишувига кўра қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
а) таълимга оид, илмий ва амалий мақсадларда олимлар, мутахассислар ва делегациялар билан алмашиш;
б) мазкур Битим Томонларининг вакиллари иштирокида конференциялар, симпозиумлар, экспертлар муҳокамаларини ташкил этиш;
в) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш;
г) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида (табиий муҳитнинг барча таркиби бўйича), шу жумладан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар бўйича маълумот ва тажриба алмашиш.
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг бошқа шакллари ҳақида ҳам келишиб олишлари мумкин.
4-модда
Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш учун Томонлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг бошқа манфаатдор идоралари вакилларидан иборат бўлган Ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳ йиғилишлари йилига камида бир маротаба навбати билан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида ўтказилади.
Ишчи гуруҳнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) мазкур Битим ва муайян лойиҳалар бўйича ҳаракатлар режасини амалга ошириш юзасидан икки йиллик дастур ва/ёки иш режаларини тузиш ҳамда келишиш;
б) лойиҳавий таклифларни кўриб чиқиш;
в) Мазкур Битим доирасида Томонлар амалга оширадиган дастур ва/ёки иш режалари, шунингдек ҳамкорлик лойиҳаларининг бажарилиш жараёнини кузатиб бориш.
Томонлар мазкур Битим доирасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш учун масъул бўлган шахслар тўғрисида ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб 30 кун мобайнида бир-бирларини хабардор қиладилар.
Тегишли масъул шахслар ўзгарган ҳолларда Томонлар мазкур ўзгаришлар ва янги масъул шахслар тўғрисида бир-бирларини 30 кун мобайнида хабардор қиладилар.
5-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш жараёнида олинган ҳамкорлик натижалари учинчи давлатларга, уларнинг юридик ёки жисмоний шахсларига фақатгина Томонларнинг олдиндан берилган ёзма розиликлари асосида тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси давлат сири бўлган маълумотлар мазкур Битим доирасида тақдим этилмайди.
6-модда
Башарти ҳар бир алоҳида ҳолатда бошқа тартиб келишилмаган бўлса, ҳар бир Томон мазкур Битимни амалга оширишда юзага келадиган харажатларни мустақил равишда ўз зиммасига олади.
7-модда
Мазкур Битимни қўллаш ва талқин қилишда Томонлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низолар маслаҳатлашув ва музокара ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
8-модда
Мазкур Битим қоидалари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг улар иштирокчиси бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг келишувига асосан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил мобайнида амал қилади ҳамда Томонлардан бири дастлабки ёки навбатдаги беш йиллик муддатнинг тугашидан камида олти ой олдин расмий дипломатик каналлар орқали Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни хабардор қилмаса, ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши Битим доирасида амалга оширилаётган ҳамда унинг тугатилишига қадар якунланмай қолган лойиҳа ва дастурларни амалга оширишнинг якунланишига олиб келмайди.
Москва шаҳрида 2013 йил 11 апрелда ҳар бири икки нусхада бўлган ўзбек ва рус тилларида тузилди. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчилик юзага келса, Томонлар рус тилидаги матнга таянадилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2013 й., 1-2-сон)