Битим
Иқтисодий маълумотлар алмашинуви тўғрисида
Мазкур Битимга аъзо давлатлар ҳукуматлари, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар, 1991 йил 8 декабрдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини ташкил этиш тўғрисидаги Битим ва ягона ахборот маконини шакллантириш истагига таянган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимни имзолаган Келишувчи Томонлар ўзларининг иқтисодий, молиявий ва бошқа органлар, илмий муассасалар ва ахборот агентликлари орқали тегишли давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини, иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш, Келишувчи Томонлар ва ташқи дунё билан иқтисодий муносабатларни ривожлантиришни тавсифловчи ахборот алмашинувини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга оширадилар ва зарур ҳужжатларни тақдим этадилар.
2-модда
Мазкур Битимни имзолаган Аҳдлашувчи Томонларнинг иқтисодий, молиявий ва бошқа органлари, илмий муассасалари ва ахборот агентликлари давлатларда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ икки ёки кўп томонлама асосда иқтисодий ахборот алмашишни таъминлайдилар ва ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар ўтказадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида статистик ахборотлар алмашинуви Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги статистика хизматини ташкил этиш тўғрисидаги Битимга ҳамда услубий ва статистик ишларнинг йиллик дастурларига мувофиқ, шунингдек бевосита миллий статистика хизматлари томонидан икки ёки кўп томонлама асосда Ҳамдўстлик статистика қўмитаси орқали амалга оширилади.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг вазирликлари (идоралар, ташкилотлар) қуйидагиларни қамраб олувчи ўзаро ахборот алмашув пакетини шакллантирадилар:
давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлиги тўғрисидаги йиллик битимларда назарда тутилган кўрсаткичлар;
Ҳамдўстлик статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган материалларда мавжуд бўлмаган маълумотлар;
ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа материаллар.
5-модда
Иқтисодий ахборот ўзаро келишув асосида, қоида тариқасида, бепул тақдим этилади ва уни қабул қилувчи давлат органлари томонидан расмий тарзда фойдаланилади ва фақат Аҳдлашувчи Томонлар билан келишилган ҳолда очиқ матбуотда эълон қилиниши мумкин.
6-модда
Мазкур Битим қоидалари уни имзолаган Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишуви билан тўлдирилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.
7-модда
Мазкур Битим Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ва бошқа давлатлар томонидан имзоланиши учун очиқ бўлиб, имзоланган кундан бошлаб имзоловчилар учун кучга киради. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимдан чиқиш тўғрисидаги ёзма хабарномани депозитарийга юборган санадан олти ой ўтиб чиқиб кетиши мумкин.
1992 йил 26 июнь куни Минск шаҳрида рус тилидаги бир асл нусхада имзоланди. Асл нусха Беларусь Республикаси Ҳукумати архивида сақланади, мазкур Битимни имзолаган давлатларга тасдиқланган нусхани юборади.
(имзолар)