Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб номланадилар,
иқтисодий ва савдо муносабатларида техникавий тўсиқларни бартараф қилиш мақсадида;
халқаро ташкилотлар қабул қилган принцип ва меъёрлардан келиб чиқиб, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни истаган ҳолда;
иккала Томоннинг иқтисодий манфаатини кўзлаб;
қуйидагилар ҳақида келишдилар:
1-модда
Томонлар:
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришнинг амалдаги давлат тизимларини ўзаро тан оладилар;
келишилган шартларда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича меъёрий ва маълумот ҳужжатларни ўзаро тақдим қилишни таъминлайдилар;
Томонлар тасдиқлаган давлат эталонларини, материаллар ва моддалар таркиби ва хоссаларининг стандарт намуналарини, моддалар ва материалларнинг физик константлари ва хоссалари ҳақидаги стандарт ахборот маълумотларни тан оладилар;
бошқа Томон ўтказган ўлчов воситаларининг давлат синовлари, намунани тасдиқлаш, текшириш, калибрлаш ва метрологик аттестациядан ўтказиш натижаларини тан оладилар;
текшириш ва синаш лабораторияларини аккредитациядан ўтказадиган ташкилотларни, шунингдек ушбу ташкилотлар аккредитациядан ўтказган ўзаро келишилган тартиблар бўйича ўлчов воситаларини текширувдан ўтказувчи, синовчи ва калибрловчи лабораторияларни ва марказларни тан оладилар;
бошқа Томоннинг сертификатлаштириш идораларини, синаш лабораториялари ва марказларини, шунингдек ўзаро келишилган тартиблар бўйича уларнинг фаолияти натижаларини тан оладилар.
2-модда
Ҳар қандай Томон, бошқа Томоннинг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатларини, агар уларнинг талаблари давлат қонунларига зид бўлмаса, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича миллий ташкилоти киритган тартибда қўллаши мумкин.
3-модда
Томонлар:
маҳсулотни сертификатлаштириш идоралари берадиган мувофиқлик сертификатларини тан олишнинг ўзаро келишилган тартибларини;
физикавий катталик бирликларининг миллий эталонларини яратиш, мукаммаллаштириш ва солиштиришни;
моддалар ва материаллар таркиби ва хоссаларининг стандарт намуналарини, шунингдек моддалар ва материалларнинг физикавий константлари ва хоссалари ҳақидаги стандарт ахборот маълумотларни яратиш ва қўллашни;
ходимларни тайёрлаш ва малакасини оширишни кўзда тутувчи қўшимча битимлар, баённомалар ва дастурлар асосида ҳамкорлик қиладилар.
4-модда
Мазкур Битимда кўзда тутилган ишларни мувофиқлаштириш ва уларни бажариш учун масъулият қуйидагиларга юкланади:
Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш Ўзбекистон давлат марказига;
Литва Республикасида Литва стандартлаштириш департаментига.
5-модда
Агар маълумот бераётган Томон уларнинг махфийлигини олдиндан айтиб қўйган бўлса, Томонлар, мазкур Битим доирасида олинадиган ҳужжатлар ва ўтказиладиган ишлар ва эришилган илмий-техникавий натижалар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайдилар. Бу маълумот учинчи давлатга фақат ушбу маълумотни тақдим этган Томон розилиги билан берилиши мумкин.
6-модда
Мазкур Битим Томонлар қатнашадиган бошқа халқаро битимлар асосида вужудга келадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилмайди.
7-модда
Мазкур Битимни бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ бўлган Томонлар ўртасидаги барча мунозаралар ўзаро маслаҳатлашувлар ва турли даражадаги музокаралар йўли билан ҳал қилиниши керак.
8-модда
Мазкур Битим 5 йил муддатга тузилади ҳамда Томонлар қонунчиликда кўзда тутилган халқаро битимлар кучга кириши учун зарур бўлган барча тартиблар бажарилганлиги ҳақида ёзма хабарномалар билан алмашилган кундан кучга киради. Агар Томонлардан бири мазкур Битим муддатининг тугашидан 6 ой илгари уни бекор қилиш нияти ҳақида хабар бермаса, Битим кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяди. Битимнинг амал қилиш муддати шундай хабар олингандан кейин 6 ойдан сўнг тўхтатилади.
Тошкент шаҳрида 1995 йил 15 декабрда икки аслига тўғри нусхада, ҳар бири ўзбек, литва ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил ҳуқуқий кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин этишда тафовутлар юзага келса, Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)