Жиззах вилояти Халқ депутатлари Зафаробод тумани Кенгашининг
Қарори
Туман маҳаллий бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, мақсадли давлат жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 2014 йил 22 октябрдаги 991-II-сонли, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, мақсадли давлат жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 2014 йил 13 ноябрдаги СҚ-453-II-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Зафаробод тумани маҳаллий бюджетининг 2014 йилги даромадлари ва харажатлари ҳажмлари бўйича асосий кўрсаткичларидан кутилаётган ижроси ҳамда 2015 йилга белгиланган маҳаллий бюджетини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни 24-моддасига биноан, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Туман маҳаллий бюджетининг 2014 йилги даромадлар ва харажатлар ҳажмлари бўйича асосий кўрсаткичларининг кутилаётган ижроси тўғрисидаги туман ҳокимининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман маҳаллий бюджети 2015 йил асосий кўрсаткичларининг даромадлар қисми 11 млрд. 284,5 млн. сўм, харажатлар ҳажмлари қисми 23 млрд. 917,4 млн. сўм, мақсадли субвенция миқдори 12 млрд. 632,9 млн. сўм қилиб белгиланганлиги маъқуллансин.
3. Туман ҳокимининг ўринбосари С. Болқибоев, туман давлат солиқ инспекцияси (Ў. Турдиев) ва молия бўлими (А. Назарқосимов) биргаликда туман маҳаллий бюджети даромадлар қисмини солиқ турлари бўйича белгиланган режаларини ошириб бажаришни таъминласин.
4. Туман ҳокимлиги молия бўлими (А. Назарқосимов)га:
2015 йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши муносабати билан туман маҳаллий бюджетининг 2015 йил биринчи чораги, ярим йиллик ва тўққиз ойлик ижроси якунларига мувофиқ режадан ортиқча тушадиган даромадлар ҳисобидан туман аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган зарурий тузатишларни киритиб бориш;
бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг асоссиз сарфланишини бартараф этиш юзасидан ғазначилик ижроси тизими воситасида қатъий назорат қилинишини таъминлаш вазифалари юклатилсин.
5. Туман ҳокими ўринбосари С. Болқибоев, тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига:
бюджет даромадларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш,
ҳудудларнинг солиқ солиш базаси кенгайтирилиши ва молиявий салоҳияти мустаҳкамланиши юзасидан зарурий чора-тадбирлар кўриш,
бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифалари топширилсин.
6. Мазкур қарор «Зафар йўлидан» газетасида эълон қилинсин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу қарор 2015 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Р. ЭРГАШЕВ
Зафаробод ш.,
2014 йил 28 декабрь,
142/30-04-сон