Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси кенгашининг
Қарори
ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИДА САЙЛОВ ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига ҳамда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, 1998 йил ноябрь—декабрь ойларида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари раисларининг (оқсоқолларининг) ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгаши қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига 1998 йил ноябрь—декабрь ойларида фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказишни ташкил этиш, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг айрим ваколатларини фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига аста-секин ўтказа бориш тўғрисидаги концепциядан келиб чиқиб, фаоллар, манфаатдор мансабдор шахслар ва мутахассисларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқларини кенгайтириш масалаларига доир таклифларини ўрганиш тавсия этилсин.
2. Туман ва шаҳар ҳокимлари фуқаролар йиғинларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда, кадрлар танлашда кўмаклашсинлар.
3. Фуқаролар йиғинларига, туман ва шаҳар ҳокимларига йиғинлар раислари ва уларнинг маслаҳатчилари вазифасига ташкилотчилик қобилиятига ва катта обрў-эътиборга, етарли билим даражасига эга бўлган, янги демократик қадриятларни тез ўзлаштира олувчи, фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ва уларни амалга оширишни таъминлашга қодир одамларни танлаш тавсия этилсин.
4. Олий Мажлис Котибияти:
сайлов билан боғлиқ ташкилий тадбирлар ўз вақтида ўтказилишини, қонун ҳужжатлари бир хилда қўлланилишини, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқларини кенгайтириш масалаларига доир таклифлар тўпланиши ва умумлаштирилишини таъминласин;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида сайлов ўтказишни ташкил этишга доир тавсияларни, шунингдек зарур ҳужжатларнинг нусхаларини жойларга жўнатсин;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида сайлов ўтказишга тайёргарлик кўришда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларга Котибият ходимларини юборишни назарда тутсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 3 ноябрь,
698-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 10-11-сон, 217-модда)