Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Можористон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдо-иқтисодий алоқалар ва илмий-техника ҳамкорлиги тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Можористон Республикаси Ҳукумати, қуйида «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Можористон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар ва илмий-техника ҳамкорлигининг муҳим аҳамиятини англаб,
Ўзбекистон Республикаси ва Можористон Республикаси сиёсий ва иқтисодий тузумларида юз бераётган чуқур ўзгаришларни ҳисобга олиб,
иккала томон ўртасида ўзаро фойдали ҳар томонлама муносабатларни ўрнатиш истагидан келиб чиқиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Можористон Республикаси иқтисодиётининг аста-секин жаҳон хўжалиги билан ўзаро боғланишига интилиб,
ўзаро иқтисодий алоқаларни амалга оширишда тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойдалилик принципларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар тўғридан-тўғри ўзаро савдо-иқтисодий ва илмий-техника алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирадилар.
Ўзаро товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилигига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолият юритишга вакил қилинган Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ва жисмоний шахслари билан Можористон хўжалик фаолияти субъектлари ўртасида тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.
Ташқи иқтисодий муносабатларнинг ўзбекистонлик ва можористонлик иштирокчилари ҳисоб-китоблар ва тўловларни эркин алмаштириладиган валютада амалга оширадилар, Ўзбекистон Республикаси билан Можористон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва илмий-техника алоқаларининг бутун комплекси бўйича халқаро савдода қабул қилинган жорий жаҳон нархлари ва шартларини қўллайдилар.
Ушбу Битим бўйича ҳисоб-китоблар халқаро банк амалиётида назарда тутилган исталган шаклда амалга оширилиши мумкин.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ҳар иккала томон ўртасидаги савдо-сотиқни енгиллаштириш мақсадида бир-бирларига исталган учинчи мамлакатга бериладиган мумкин қадар қулайлик туғдириш режимларини яратадилар.
Битим ушбу моддасининг қоидаси қуйидаги афзалликларга нисбатан татбиқ этилмайди:
а) Аҳдлашувчи Томонлардан бири томонидан чегара савдосини енгиллаштириш мақсадида бошқа қўшни мамлакатларга бериладиган ёки берилиши мумкин бўлган афзалликларга;
б) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг эркин савдо зоналарида, божхона иттифоқларида ёки минтақавий битимларда иштирок этиши натижасида бериладиган ёки берилиши мумкин бўлган афзалликларга.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг вакил қилинган давлат органлари амалдаги ҳуқуқий нормалар ва қоидаларга мувофиқ ўз ҳуқуқлари доирасида ташқи иқтисодий алоқаларнинг ўзбекистонлик ва можористонлик иштирокчилари томонидан тузилган шартномалар бўйича товарлар етказиб беришга лицензияларни, агар бундай лицензиялар зарур бўлса, ўз вақтида берадилар.
4-модда
Томонларнинг вакил қилинган банклари ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб икки ой муддат ичида ушбу битимдан келиб чиқувчи операциялар банк таъминотининг зарур техник тартибини келишиб оладилар ва ўрнатадилар.
5-модда
Шаклланган савдо-иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш ва ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон учун зарур бўлган алоқаларни ўрнатиш мақсадида индикатив рўйхат тузилади. Индикатив рўйхатлар Томонларнинг ваколатли органлари томонидан товарлар, хизматларнинг номлари рўйхати ва ҳажми бўйича келишиб олинади.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий ва илмий-техника ҳамкорлигининг чуқурлашувига кўмаклашадилар. Бундай ҳамкорликнинг йўналишлари ўзаро савдо-сотиқдан ташқари ишлаб чиқаришни кооперативлаштиришни кенгайтиришни, қўшма корхоналар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар тузишни, туризмни ривожлантиришни, ярмаркалар, кўргазмалар, савдо ваколатхоналари ташкил этишни уз ичига олади.
Ўзаро келишувга мувофиқ Томонлар ташқи иқтисодий ва молиявий фаолият соҳасида мутахассислар тайёрлаш дастурини тузадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Можористон Республикаси вилоятлари ва корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш учун қулай шароитлар яратадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли вакиллари ушбу Битим қандай бажарилаётганини қуриб чиқиш учун зарурат бўлганда навбати бўлан Тошкентда ва Будапештда учрашиб турадилар.
9-модда
Ушбу Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг келишувига мувофиқ ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири ўзининг унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида камида олти ой олдин ёзма шаклда маълум қилгунига қадар амал қилади.
Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилгандан кейин унинг қоидалари мажбуриятлари Битим амал қилган даврда пайдо бўлган ва унинг амал қилиши тўхтатилган пайтда бажарилмаган барча шартномаларга нисбатан қўлланилади.
1992 йил 2 мартда Будапешт шаҳрида ўзбек, можор ва рус тилларида икки асл нусхада имзоланди, ҳар уччала нусха матни бир хил кучга эга.
(имзолар)