Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати,
Ўзбекистон Республикаси ва Литва Республикаси халқлари ўртасида маданий ва санъат соҳасидаги дўстона алоқалар ва ҳамкорликни келгусида ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилишларини билдириб,
иккала давлат халқларининг маданий мулоқот ва дўстона муносабатлар анъаналарини эътиборга олиб,
маданият ва санъат соҳасидаги алоқалар иккала мамлакат халқларининг туб манфаатларига жавоб беради ва дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг келгуси ривожига кўмаклашади деб ишониб,
Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ҳудудларида яшовчи иккала давлат фуқароларининг манфаатларини эътиборга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон ва Литва халқларининг маданий алоқаларига таяниб, улар орасида маданият ва санъат соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга бундан кейин ҳам кўмаклашадилар.
2-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлатининг фуқароларига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати маданиятининг ютуқларига кенг йўл очиб беради.
Аҳдлашувчи Томонлар давлат муассасалари ўртасида бевосита ҳамкорлик ва тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга ва мустаҳкамлашга, манфаатдор ташкилотлар ўртасида тажриба алмашишга кўмаклашадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданий ҳамкорликнинг икки томонлама программалари ва лойиҳалари асосида профессионал ва ҳаваскор бадиий коллективлар, гуруҳлар, ансамбллар, алоҳида ижрочилар билан алмашишга кўмаклашадилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар санъат арбобларининг, ижодий жамоаларнинг мусиқий, театр, қўшиқ ва фольклор конкурслар, фестивалларга бир-бирларига таклифини рағбатлантирадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар театр, эстрада, цирк, кино санъати, тарихий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ҳаваскор халқ ижоди, халқ ҳунармандчилиги соҳасида мутахассислар билан алмашиш ва ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратадилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар кутубхона ишида китоблар, нашрлар, каталоглар ва бошқа ахборот материаллари билан алмашиш орқали ҳамкорлик қиладилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданият ва санъат муассасаларининг ўқитувчилари, олимлар, аспирантлар, шунингдек мутахассислар билан алмашишни амалга оширадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар музей иши соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар, тасвирий, декоратив-амалий санъат кўргазмалари билан алмашишга кўмаклашадилар.
9-модда
Ушбу Битимни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ва Литва Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ўртасида икки томонлама алмашув программалари ишлаб чиқилади.
10-модда
Ушбу битим унинг имзоланган дақиқасидан бошлаб кучга киради.
Ушбу битим 5 йил муддатга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан биттаси унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни тегишли муддат тугашидан олти ой илгари ёзма равишда хабардор қилмагунича ҳар сафар кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши унинг доираларида бошланган ва ушбу Битим амал қилишининг тугатилиш дақиқасига қадар тўлиқ бажарилмаган ҳар қандай ўзаро фаолиятнинг тугатилишига таъсир қилмайди.
Вильнюс шаҳрида 1995 йил 7 июнда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, литва ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин этишда ҳар қандай келишмовчиликлар юзага келган тақдирда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)