Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Алоқа соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
алоқа соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, иккала давлатдаги электр ва почта алоқаси тармоқлари ва воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлашга, шунингдек бу соҳадаги ҳуқуқий тартибни такомиллаштиришга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар алоқа соҳасидаги ўз муносабатларини халқаро ҳуқуқнинг ҳамма тан олган нормалари ва принциплари, Жаҳон почта уюшмаси актлари қоидалари ва Халқаро электр алоқаси уюшмаси тавсияларига мувофиқ қурадилар.
Ушбу Битим билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси иштирокчи бўлган халқаро битимлар билан ҳал қилинмаган масалалар, давлатлар ҳар бирининг қонунчилигига мувофиқ ўзаро келишилган ҳолда ҳал қилинади.
2-модда
Томонлар ўзларининг ваколатлари ва имкониятлари ҳажмида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Латвия Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ иш тутган ҳолда, почта ва электр алоқаси соҳасидаги ҳамкорликни давом эттирадилар ва кенгайтирадилар.
Томонлар ўз давлатларининг ҳудудларида барча юборилаётган почта жўнатмалари ва ҳужжатли хабарларни узлуксиз қабул қилиш, ишлаб чиқиш, ташиш ва эгаларига етказиб беришни таъминлайдилар ва шунингдек, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган вақтли нашрларни тарқатиш бўйича ўзаро хизмат кўрсатадилар.
3-модда
Томонлар ўзаро манфаатли шартлар асосида электр алоқаси, почта жўнатмалари ва махсус алоқанинг барча турларининг, телевидение ва радио дастурларининг ўз давлатлари ҳудудлари орқали эркин транзит қилинишини кафолатлайдилар.
4-модда
Ушбу Битимнинг бажарилишидан келиб чиқадиган ҳисоб-китоб ва тўловлар Томонларнинг Алоқа маъмуриятлари ўртасида амалда бўлган битимларга мувофиқ амалга оширилади.
5-модда
Давлатлараро ахборот ва маълумотлар бериш технологик жараёнларида Томонлар алоқа корхоналарида ҳисобга олиш ҳисобот бериш учун ягона вақт —Москва вақтини қўллайдилар.
6-модда
Томонлар оператив-техник бошқариш системаларининг амалдаги технологик жараёнларга мувофиқ биргалашиб ҳаракат қилиши тўғрисида келишиб олдилар.
7-модда
Томонлар фавқулодда вазиятларда алоқа воситалари бўйича ахборотларнинг устуворлик билан берилишини таъминлайдилар.
Томонлар давлатлараро алоқа линияларида юз берган фалокатлар оқибатларини бартараф қилишда бир-бирларига ёрдам берадилар. Тиклашишларини олиб боришда бир-бирларига ёрдамлашиш тартиби Томонларнинг Алоқа маъмуриятлари томонидан ишлаб чиқилади ва мувофиқлаштирилади.
8-модда
Томонлар бир-бирларига нисбатан Томонлар Алоқа маъмуриятларининг учинчи давлатлар билан муносабатларидаги ва тегишли халқаро ташкилотлардаги фаолиятига тўсқинлик қиладиган ёки қийинлаштириб қўядиган камситиш чораларини қўлламайдилар.
9-модда
Ҳар бир Томон почта ва электр алоқасини ташкил қилишга, шунингдек кўрсатилган хизматлар учун ўзаро ҳисоб-китоб тартибига ҳар қандай ўзгартириш киритмоқчи бўлса, бу ҳақда уч ой илгари бошқа Томонни хабардор қилади.
10-модда
Томонлар ўзаро хизматларнинг йўналишларини ва ҳажмларини ҳамда ҳисоб-китоб тартибини белгилаш ва аниқлаб олиш учун Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси Алоқа маъмуриятлари ва корхоналари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатишга кўмаклашадилар.
11-модда
Томонлар хизмат кўрсатишда иштирок этаётган барча алоқа корхоналарининг ўз вақтида ва сифатли хизмат учун истеъмолчи олдида тенг жавобгар бўлиши тўғрисида келишиб олдилар ва халқаро алоқанинг сифатсиз иши устидан тушган шикоятларни Жаҳон почта уюшмаси ва Халқаро почта уюшмаси норматив актларига мувофиқ кўриб чиқиш тартибини ўрнатиш зарурлигини тан олдилар.
12-модда
Томонлар телефонистлар, телеграфистлар, техник хизматчилар, алоқа корхоналарининг почта ходимлари ўртасида хизмат билан боғлиқ бўлган маълумотлар алмашиш учун, шунингдек, хизмат билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар алмашиш учун рус тилидан фойдаланишга келишиб олдилар.
Томонлар давлатлари ўртасида юборилаётган почта жўнатмалари ва телеграммалар адреслари рус тилида ёки лотин ҳарфларида расмийлаштирилади.
Телеграммалар матнлари лотин ҳарфларида қабул қилиниши ва юборилиши мумкин.
13-модда
Агар Томонлар давлатлари ўртасидаги Битимларда алоқа соҳасидаги муносабатларда пайдо бўладиган мунозараларни бартараф қилиш тартиби кўрсатилмаган бўлса, Томонлар Алоқа маъмуриятлари бу тартибни мустақил равишда уларнинг ўрталарида тузилган шартномаларда белгилашга келишиб олдилар.
14-модда
Ушбу Битим Томонлар тузган бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилмайди.
15-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томонга унинг амалини тўхтатиш нияти тўғрисида дипломатик йўл билан билдириш хати юборгандан кейин 90 кун ўтгунга қадар амал қилади.
Тошкент шаҳрида 1996 йилнинг 23 майида ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар тенг кучга эга.
Матнлар турлича талқин қилинганда Битимнинг рус тилидаги матни асос қилиб олинади.
(имзолар)