Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати бундан кейин «Томонлар» деб аталадилар,
иккала давлатлар халқлари ўртасидаги умумий тарихий илдизларни ва анъанавий дўстона муносабатларни эътиборга олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни бундан кейин ҳам ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилиб,
бундай ҳамкорлик иккала давлатлар халқларининг туб манфаатларига жавоб беришига, давлатлараро алоқани кенгайтириш ва мустаҳкамлашга, умуминсоний қадриятларни қарор топтиришга, иккала мамлакатлар маданиятини бойитишга ёрдам беришига ишонч ҳосил қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар анъанавий маданий алоқаларни сақлаш ва ривожлантириш, театр, мусиқа, тасвирий санъат, эстрада ва цирк санъати, кино, телевидение ва радио эшиттириш, кутубхона ва музей иши, тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш, халқ бадиий ҳаваскорлиги, халқ ҳунармандчилиги ва маданий фаолиятнинг бошқа турлари соҳаларидаги алмашиш ва ҳамкорлик учун қулай шароитларни яратишга ёрдам берадилар.
2-модда
Томонлар иккала мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ўртасидаги, шунингдек, жамоат ташкилотлари, ижодий бирлашмалар, уюшмалар, фондлар орқали амалга ошириладиган ҳамкорликни ва бевосита алоқаларни рағбатлантирадилар.
3-модда
Томонлар бошқа давлат фуқароларига ўз мамлакатлари халқларининг маданий бойликларига ва жумладан, тарихий қарор топган бутунлигини ўзлари тасдиқлайдиган маданий бойликлар коллекциялари билан кенг танишиш имкониятини таъминлайдилар.
4-модда
Томонлар икки томонлама маданий ҳамкорликни ўзаро фойдали асосда ривожлантиришга ёрдам берадилар.
Бу мақсадда улар мамлакатлардан ҳар биридаги маданий ҳаёт тўғрисидаги ахборот алмашишларни рағбатлантирадилар, фестиваллар, гастролларни ўтказишга, бошқа мамлакат муаллифлари мусиқа ва театр асарларини саҳналаштиришга, делегациялар алмашиш, ижодий учрашувлар ўтказиш, бадиий кўргазмалар алмашишга ёрдам берадилар.
5-модда
Томонлар иккала давлатлар маданий бойликларини, шу жумладан тарихий, маданий ва диний ёдгорликларини сақлаш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
У ёки бу маданий ёки тарихий бойликка эгалик қилиш масалаларида баҳслар юзага келганда Томонлар уларни иккала давлатда амалда бўлган қонунчилик асосида музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал қилишни зиммаларига оладилар.
6-модда
Томонлар маданият моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, янги технологияларни алмашиш, маданият ва санъат муассасалари учун асбоб-ускуна ва техника воситаларини ўзаро фойдали асосда етказиб беришни ташкил этиш масалаларидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
7-модда
Томонлар маданият ва санъат соҳасидаги халқаро ташкилотлар линияси бўйича ўз фаолиятларини мувофиқлаштирадилар.
8-модда
Томонлар кинофестиваллар ўтказиш, кинофильмларни, делегациялар ва мутахассисларни алмашиш, биргаликда саҳналаштиришларни амалга ошириш, кино архивлари ўртасида ҳамкорлик, кинематография соҳасида адабиётлар ва материаллар алмашишга ёрдам берадилар.
9-модда
Томонлар телевидение ва радиоэшиттириш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
10-модда
Томонлар китоб нашр қилиш соҳасидаги алмашишларни рағбатлантирадилар, кутубхоналараро алоқаларга, ёзувчилар, журналистлар ва ноширлар делегацияларини алмашишга, сиёсий, иқтисодий, маданий ва илмий ҳаёт тўғрисидаги материалларни чоп этишга, газета ва журналларни нашр қилишга ҳар томонлама ёрдам берадилар.
11-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасининг ва Туркманистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга ёрдам берадилар.
12-модда
Томонлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги алоқаларни, энг аввало спорт ташкилотлари, жамиятлари ва клублари ўртасидаги бевосита ҳамкорликни ривожлантириш, спортчилар ва устозлар, илмий-методик ахборот ва халқаро мусобақаларда қатнашиш тажрибасини алмашиш йўли билан ривожлантиришга ёрдам берадилар.
13-модда
Мазкур Битимни бажариш мақсадида алмашишлар давлат дастурлари ва тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ишчи режалари (протоколлари) ишлаб чиқилади ҳамда имзоланади.
14-модда
Мазкур Битимда назарда тутилган соҳалардаги ҳамкорликнинг аниқ шакллари ва шартлари тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ўртасидаги алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
15-модда
Томонлар зарур бўлган ҳолларда мазкур Битимни бажариш, Томонлар ўзаро алоқаси бўйича тавсиялар тайёрлаш учун Қўшма Комиссия ташкил этишлари мумкин.
16-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил мобайнида амалда бўлади ҳамда Томонлардан бири бошқа Томонни тегишли муддат тугашидан камида олти ой олдин унинг амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисидаги мақсадини ёзма шаклда хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилаверади.
1996 йил 16 январда, Чоржўй шаҳрида ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди. Бунда иккала матн бир хил кучга эга.
Мазкур Битимни талқин қилиш учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)