Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
РОССИЯ КОРХОНАЛАРИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОРХОНАЛАРИНИНГ 1992—1993 ЙИЛЛАРДАГИ КРЕДИТЛАР ВА КООПЕРАцИЯЛАШГАН ТАРЗДА МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРГАНЛИК УЧУН ҲИСОБ-КИТОБЛАРИ БИЛАН БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР ТЎҒРИСИДА
Олий Мажлис Россия корхоналари билан Ўзбекистон Республикаси корхоналарининг 1992-1993 йиллардаги кредитлар ва кооперациялашган тарзда маҳсулот етказиб берганлик учун ҳисоб-китоблари юзасидан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Битимларни ўрганиш юзасидан 1998 йил 13 мартда Олий Мажлиснинг Кенгаши томонидан махсус тузилган комиссиянинг хулосасини кўриб чиқиб, шуни таъкидлайдики, СССР парчаланиб кетганидан кейин собиқ Советлар мамлакати ҳудудида 1992 йилнинг бошларида Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерациясининг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги ҳисоб-китобларни ягона пул бирлиги — рублда собиқ СССР Давлат банки белгилаган қоидалар бўйича амалга ошириш давом эттирилди.
МДҲ қатнашчилари бўлмиш давлатларнинг бошлиқлари 1992 йил 15 майда тузилган «Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлмиш мамлакатларнинг хўжалик ташкилотлари ўртасидаги ҳисоб-китоблар яхшиланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Битим асосида ҳисоб-китобларни давлатларнинг марказий (миллий) банклари муассасалари авизони тасдиқлаши шарти билан амалга ошириш тартибини тасдиқладилар.
Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясининг 26-моддасини ва МДҲ қатнашчилари бўлмиш давлатлар бошлиқларининг 1992 йил 15 майда тузилган пул-кредит сиёсатини келишилган ҳолда амалга оширишни назарда тутувчи Битими нормаларини бузиб, Россия Федерацияси Марказий банки 1992 йил 1 июлдан бошлаб Россия ва Ўзбекистоннинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги барча ҳисоб-китобларни Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкларининг вакиллик ҳисобварақлари орқали амалга ошириш тўғрисида бир томонлама тартибда қарор қабул қилди. Натижада Россия Федерациясининг нақд пулсиз рубль обороти Ўзбекистон Республикасининг нақд пулсиз рубль оборотидан сунъий равишда ажратиб қўйилди.
МДҲ қатнашчилари бўлмиш давлатлар бошлиқларининг 1992 йил 9 октябрдаги «Рубль муомаласининг ҳар қандай чекланишига йўл қўйилмайди» деган қоидани назарда тутувчи «Рублни қонуний тўлов воситаси сифатида сақлаб қолган давлатларнинг ягона пул тизими ҳамда келишилган пул-кредит ва валюта сиёсати тўғрисида»ги Битими нормаларига қарамай, Россия Марказий банки томонидан жорий этилган ҳисоб-китоб қилиш тартиби бекор қилинмади.
Шу билан бирга Россия тарафидан пул-кредит ва валюта сиёсати соҳасида МДҲ қатнашчилари бўлмиш бошқа мамлакатларнинг манфаатларига даҳл қилувчи ва ҳамкорликнинг тенг ҳуқуқли бўлмаган шартларини келтириб чиқарувчи қонун ҳужжатлари қабул қилиш юзасидан бир томонлама чора кўрилди.
Бундай бир томонлама ҳаракатлар Ўзбекистон корхоналарини Россия корхоналарига нисбатан тенг ҳуқуқли бўлмаган шароитга солиб қўйди ва бу билан илгари маҳсулот етказиб бериш тўғрисида ўзаро тузилган шартномалар қўпол равишда бузилди.
Шунга қарамай, Ўзбекистон Ҳукумати бу масалада принципиалликка бормади. Модомики, маҳсулот етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар иккала давлатнинг корхоналари ўртасида имзоланганлигига ва бунда Ўзбекистон ҳукумати асло жавобгар тараф сифатида ўрин тутмаганлигига қарамай, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг хўжалик юритувчи субъектларининг мажбуриятлари юзасидан давлат жавобгар бўлмаслиги назарда тутилган талаблари инобатга олинмай, икки мамлакат хўжалик юритувчи субъектларининг 1992-1993 йиллардаги савдо-иқтисодий муносабатлари натижасида ҳосил бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Россия Федерацияси Марказий банкидаги вакиллик ҳисобварағи бўйича (техникавий кредит шаклидаги) қарз Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасига берган давлат кредити этиб қайта расмийлаштирилди. Бу ҳақда 1993 йил 19 майда ва 1993 йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси Ҳукуматлари ва Марказий банклари ўртасида Битимлар тузилган эди.
Мазкур Битимларнинг мазмунидан Россия корхоналари Ўзбекистон Республикаси корхоналарига етказиб берган маҳсулот ҳақини тўлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг бир томонлама мажбурияти келиб чиқади, айни пайтда Россия Федерацияси ҳукумати уқтириб ўтилган маҳсулот етказиб бериш юзасидан ўз зиммасига шартномавий-ҳуқуқий жавобгарлик олмаган.
Юқорида айтиб ўтилган Битимлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида тасдиқлатиб олишдан иборат давлатнинг ички расмий тартиботидан ўтказилмаган. Шунга қарамай, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси томонидан 1993 йил 9 июлда Россия тарафига 1993 йил 19 майда тузилган Битим 1993 йил 1 июлдан эътиборан кучга кириши тўғрисидаги хабарнома берилган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида 1997 йил 14 мартда тузилган Россия Федерацияси томонидан берилган давлат кредитлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарзларини реструктуризациялаш тўғрисидаги Битим унинг 9-моддасида мазкур Битимнинг кучга кириши учун Тарафлар ўз давлатларининг ички тартиботларини амалга оширганликлари тўғрисида бир-бирларини хабардор қилишларини назарда тутувчи талаблари Тарафлар томонидан бажарилмаганлиги муносабати билан кучга кирмаган ҳисобланади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Парламентида ҳамда, 1993 йил 19 майдаги Битимдан бошқалари, Россия Федерацияси Парламентида ратификациядан ўтмади.
1993 йил 15 октябрдаги ва 1997 йил 14 мартдаги Битимларда назарда тутилган мажбуриятлар бўйича фоизлар тўлаш ғайриқонуний амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Қуйидагилар ғайриқонуний деб топилсин:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида 1992 йилнинг ва 1993 йил январь — апрель ойларининг якунлари бўйича техникавий кредитлар юзасидан қарзларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига давлат кредити этиб қайта расмийлаштириш тўғрисида 1993 йил 19 майда тузилган Битим;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида 1993 йилдаги техникавий кредитлар бўйича қарзларни Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига давлат кредити этиб қайта расмийлаштириш тўғрисида 1993 йил 15 октябрда тузилган Битим;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси томонидан берилган давлат кредитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қарзларини реструктуризация қилиш тўғрисида 1997 йил 14 мартда тузилган Битимнинг 1993 йил 19 май ва 1993 йил 15 октябрдаги Битимларда назарда тутилган қарзларни реструктуризациялашга доир қисми.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўрсатиб ўтилган Битимлар юзасидан тўловларни тўхтатиш ҳамда ушбу масалаларни тартибга солиш учун Россия Федерацияси Ҳукуматига мурожаат этиш топширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 1 май,
632-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 113-модда)