Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Ҳукумати ўртасида
Битим
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
1996 йил 28 май, Тбилиси
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Ҳукумати кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
иккала давлат ўртасида тарихан шаклланган муносабатларни эътиборга олиб,
иқтисодий ва савдо муносабатларидаги техник тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотларнинг ўзаро мослигини, ўзаро бир-бирини алмаштиришини таъминлаш, уларнинг одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсизлигини, атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш мақсадида,
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб, бунда халқаро ташкилотлар томонидан ушбу соҳада қабул қилинган принциплар ва нормалардан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар, жумладан стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш миллий тизимларини ушбу соҳада халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган тизимлар билан бир хиллаштирадилар.
2-модда
Томонлар, зарурат бўлганда, Ўзбекистон давлат стандартлари Грузия ҳудудида ва тегишлича, Грузия давлат стандартлари Ўзбекистон ҳудудида қўлланилишига кўмаклашадилар. Томонлар, зарурат бўлганда, стандартлар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қўллаш масалалари бўйича бир-бирларига ташкилий, методик ва амалий ёрдам кўрсатадилар.
3-модда
Томонлар сертификатлаштириш органларини, синов лабораториялари (марказлари)ни, синов ва сертификатлаштириш натижаларини ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотларга сертификатларни ва мувофиқлик белгиларини «Ўздавстандарт» маркази билан «Грузстандарт» ўртасида қўшимча равишда келишиладиган шартларда ўзаро тан оладилар.
Томонлар миллий тизимларда аккредитация этиш мўлжалланаётган сертификатлаштириш бўйича органлар, синов лабораториялари рўйхати тўғрисидаги ахборотни мунтазам айирбошлайдилар ҳамда уларни аккредитация қилишда қатнашишлари мумкин.
4-модда
Томонлар сертификатлаштириш халқаро тизимларида мустақил қатнашадилар. Мазкур Битим Томонларнинг сертификатлаштиришнинг халқаро тизимлари қоидаларидан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
5-модда
Томонлар:
модда ва материалларнинг таркиби ва хоссаларининг стандарт намуналарини, буюмлар ва моддаларнинг физик константлари ва хоссалари тўғрисидаги стандарт маълумотларни, синовлар ва турларни тасдиқлаш, метрологик аттестациялар, ўлчов воситаларини текшириш ва калибрлашнинг давлатларда тасдиқланган катталик бирликлари давлат эталонларини ўзаро тан оладилар;
давлатларда аккредитация қилинган синов, текшириш, калибрлаш ва ўлчаш лабораториялари (марказлари)ни, сертификациялаш органларини, сертификатларни ва ўзаро етказиб бериладиган ўлчов воситаларига мувофиқлик белгилари натижаларини тан оладилар.
6-модда
Томонлар кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда, мутахассислар айирбошлашда, норматив-техник ҳужжатлар тайёрлаш, метрология ва сертификатлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича корхоналар, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишига кўмаклашадилар ҳамда ушбу ўзаро ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратадилар.
7-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича турли халқаро ташкилотларда ҳамкорлик қиладилар ва уларнинг иши тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар, сўровлар бўйича халқаро стандартлар матнлари билан белгиланган тартибда ўзаро таъминлайдилар.
Томонлар, агар уларнинг махфий тусдалигидан Томонлардан бири хабардор қилинган бўлса, олинган ҳужжатнинг ва мазкур Битим доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ахборотнинг ҳамда эришилган илмий-техник натижаларнинг махфийлигини таъминлайдилар.
8-модда
Ҳамкорлик давомида Томонлардан бири томонидан олинадиган илмий-техник ахборот ушбу ахборотни берган Томоннинг розилиги билангина учинчи Томонга берилиши мумкин.
9-модда
Мазкур Битим қоидалари зарурат бўлганда «Ўздавстандарт» маркази билан «Грузстандарт» ўртасида тузиладиган қўшимча битимлар ва (ёки) протоколлар билан аниқлаштирилади.
10-модда
Мазкур Битимда назарда тутилган ишларни мувофиқлаштириш ва уларни амалга ошириш:
Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат стандартлаш, метрология ва сертификация марказига;
Грузияда — Грузия Республикаси давлат стандартлаш, метрология ва сертификация Департаментига юклатилади.
11-модда
Мазкур Битим Томонлар томонидан стандартлаштириш, метрология ва сертификациялаш соҳасида илгари тузилган шартномалардан келиб чиқувчи мажбуриятларга дахл қилмайди.
Мазкур Битимни бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ бўлган барча низолар музокаралар йўли билан ҳал этилади.
12-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради, беш йил давомида амал қилади ва агар Томонлардан ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўз нияти тўғрисида Битимнинг амал қилишининг навбатдаги даври тамом бўлишидан камида олти ой олдин иккинчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
1996 йил 28 майда Тбилиси шаҳрида ўзбек, грузин ва рус тилларида икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур битимнинг қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)