Ўзбекистон Республикаси ва Австрия Республикаси ўртасида
Битим
Икки томонлама ташқи иқтисодий ҳамкорликка доир
Қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси ва Австрия Республикаси,
икки томонлама ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, мустаҳкамлаш истагига амал қилиб,
тенглик ва ўзаро манфаатдорлик негизида товар айирбошлашни, иқтисодиёт, саноат ва фан-техника соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашишга интилиб,
ушбу Битим икки томонлама ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қулай замин ва мустаҳкам асос барпо этишига комил ишонч билан,
бозор иқтисодиёти қоидаларига асосланиб,
халқаро ҳуқуққа мувофиқ ва иккала давлатда амалда бўлган қонунлар доирасида,
қуйидаги битимга келдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар иккала давлатда амалда бўлган қонунлар доирасида қуйида «Корхоналар» деб аталувчи икки мамлакатнинг корхоналари, ташкилотлари, жамиятлари ва муассасалари ўртасида икки томонлама ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда
1) Ўзбекистон Республикаси ва Австрия Республикаси бож тўловларини ҳамда йиғимлар, шунингдек товарларни импорт ва экспорт қилишда бож тўловлари ундириш ҳамда бошқа йиғимлар олиш услуби борасида бир-бирларига энг мақбул шарт-шароит яратиб берадилар.
2) Аҳдлашувчи Томонлар энг мақбул шарт-шароит яратиб бериш шарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири:
а) Чегара савдо-сотиғи соҳасида қўшни давлатларга;
б) Ўзи аъзо бўлган мавжуд ёки келажакда тузилиши мумкин бўлган бож иттифоқлари, эркин савдо чегараси ёки иқтисодий ҳамкорлик бўйича минтақавий уюшмаларга кирган давлатлар;
в) Бошқа Аҳдлашувчи Томон қатнашмаган кўп томонлама шартномалар доирасида давлатларга бераётган, келгусида бериши мумкин бўлган имтиёзлар ва афзалликларга дахл қилмаслиги хусусида келишиб олдилар.
3-модда
1) Аҳдлашувчи Томонлар ўз имкониятларига асосланиб ва ҳар бир давлатда амалда бўлган қонунларга мувофиқ иқтисодиёт, саноат, техника ва фан-техника соҳасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар.
2) Аҳдлашувчи Томонлар истиқболли ҳамкорликнинг имкониятлари, хусусан:
қўшма корхоналар ва уларнинг филиалларини барпо этиш;
савдо ваколатхоналарини очиш;
иқтисодиётнинг барча соҳаларида бевосита сармоя қўйиш;
технологиялар бериш, ноу-хау қилиш, шу жумладан амалий тадқиқотлар олиб боришга кўмаклашиш-лицензия ва патентлар айирбошлаш;
қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги;
машинасозлик, шу жумладан ирригация тизимлари, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш;
мавжуд ишлаб чиқаришни таъмирлаш, янгилаш, кенгайтириш ва автоматлаштириш, шунингдек мудофаа саноати корхоналарини конверциялаш;
енгил саноат, шу жумладан юқори сифатли рақобатга қобилиятли тўқимачилик, кўнчилик, мўйна буюмлари, пойабзал ва мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
турмушда фойдаланиладиган электр приборлари ва техникалар ишлаб чиқариш;
электроника ва электротехника саноати;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шу жумладан, биологик ҳимоя воситалари ишлаб чиқариш;
маъдан хом ашёси қидириб топиш, қазиб олиш, унга ишлов бериш ва уни сотиш;
бинокорлик саноати, шу жумладан, бинокорлик материаллари ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш;
энергетика саноати, нефть, табиий газ ва бошқа энергия манбалари қидириб топиш, қазиб олиш, уларни қайта ишлаш, ташиш, етказиб бериш ва сотиш;
энергетика тизимларини, шу жумладан, электр станциялари ва электр узатиш тармоқларини кенгайтириш ҳамда таъмирлаш;
саноат, банк, молия ва маркетинг хизмати кўрсатиш;
ярмарка, кўргазма ва биргаликдаги семинарлар, конференциялар, симпозиумлар ўтказиш, ўзаро делегациялар ва экспертлар айирбошлашни ташкил қилиш;
саноат, статистика, ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга доир ахборотлар, ҳужжатлар ва нашрлар айирбошлаш борасида истиқболли ҳамкорликнинг имкониятлари борлиги тўғрисида келишиб олдилар.
3) Аҳдлашувчи Томонлар ҳамкорликнинг барча соҳаларидаги лойиҳалар экологиянинг энг юқори талабларига жавоб берувчи илғар технологияларга мувофиқ амалга оширилиши лозимлиги хусусида келишиб олдилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий фойдали ва экология жиҳатидан хавфсиз инфраструктура яратиш зарурлигига асосланиб:
энергетика,
йўл қурилиши,
чиқиндиларга қайта ишлов бериш ва улардан фойдаланиш,
темир йўл транспорти,
ҳаво йўллари,
транспорт тизими,
телекоммуникациялар,
сув хўжалиги
соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор бериш ҳақида келишиб олдилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар саноат мулкини муҳофаза қилишга ва ўз ваколатлари ва ҳар бир давлатда амалда бўлган қонунлари доирасида, айниқса, саноат мулкини муҳофаза қилиш Париж конвенцияси асосида буни амалга оширишга кўмаклашадилар, шунингдек бу соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш чораларини кўришга келишиб олдилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар туризм икки томонлама ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга катта ҳисса қўшиши мумкин деган фикрда якдилдирлар.
1) Аҳдлашувчи Томонлар амалдаги қонунлар доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро туризм ва саёҳат бўйича конференциясининг (Рим, 1963 йил)тавсиялари, шунингдек Хартияси ва Турист кодекси (София, 1985 йил) асосида ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2) Ташкилотлар ва мутахассисларнинг туризм соҳасидаги иқтисодий ва техникавий ҳамкорлиги, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва туризмни юқори даражада ташкил этиш қоидалари асосида амалга оширилади.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар кичик ва ўрта корхоналарнинг икки томонлама ташқи иқтисодий алоқаларида фаол қатнашишлари фойдали бўлиши ва зарур эканлигини амалда эътироф этиб, булар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш учун иккала мамлакатда амал қилаётган қонунлар доирасида ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа жиҳатлардан мақбул шароитлар яратишга зарур чоралар кўрадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз имкониятлари доирасида ва иккала давлатда амалда бўлган қонунларга мувофиқ мутахассислар ҳамда менеджерлар, аввало ташқи савдо, иқтисодиётни бошқариш, сайёҳлик, патентшунослик, банк, молия ва суғурта ишлари соҳасида мутахассислар ҳамда менеджерлар тайёрлаш ва уларга таълим беришга кўмаклашадилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги барча ҳисоб-китоб ва тўловлар ҳар бир мамлакатда амал қилаётган қонунлар доирасида эркин муомаладаги валютада амалга оширилади.
10-модда
1) Ушбу Битим доирасидаги мол айирбошлаш, шунингдек иқтисодиёт, саноат, техникавий ва фан-техникага доир ҳамкорлик тижоратчилик асосида амалга оширилади.
2) Иккала давлат корхоналари ўртасидаги савдо-сотиқ башарти, корхоналар ўзгача келишиб олмаган бўлсалар, жаҳон бозорининг жорий нархлари асосида амалга оширилади.
3) Аҳдлашувчи Томонларнинг корхоналари иккала давлатда амалда бўлган қонунлар доирасида мол айирбошлашни кўпайтириш ва ўзаро етказиб берилаётган моллар номенклатурасини кенгайтириш мақсадида халқаро савдо ва молия ишида қабул қилинган қонун-қоидалар ва меъёрлар асосида жаҳон амалиётига мувофиқ келувчи исталган шаклдаги савдо-сотиқни ташкил этишлари мумкин.
11-модда
1) Аҳдлашувчи Томонлар ўз корхоналарига ўзаро низоли ҳолатларга йўл қўймасликка интилишни тавсия қиладилар. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро савдода бирор молни мамлакатни ўзидаги айни шундай ёки бевосита рақобатлашадиган молларни ишлаб чиқарувчиларга катта зарар етказадиган ёки етказиш хавфи бўлган миқдорда ёки нархларда, ёхуд шартларда ташиб келтириш кузатилса маслаҳатлашиб олишга киришадилар. Маслаҳат ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этаётган Аҳдлашувчи Томон иккинчи Томонга вужудга келган вазиятни ўрганиш учун барча маълумотларни беради.
2) Агар маслаҳатлашувлар пайтида Аҳдлашувчи Томонлар 1-бандида кўрсатиб ўтилган ҳолат юз бераётганини аниқласа, экспорт чекланиши ёхуд зарар етишнинг олдини олиш ёки бартараф этишга қаратилган бошқа чоралар кўрилиши зарур.
3) Агар маслаҳатлашувлар бошлангандан кейин, лекин 3 ойдан ошмаган даврда, Томонлар бир битимга келмасалар, маслаҳатлашувларни ўтказиш тўғрисида ариза берган Аҳдлашувчи Томон тегишли моллар келтирилишини зарарнинг олдини олиш ёки бартараф этиш учун зарур бўлган даражада ва даврга чеклаб қўйиш ҳуқуқига эга бўлади. Бошқа Томон бу ҳолда биринчи Томон олдидаги ўз мажбуриятидан савдонинг тахминан эквивалент ҳажми миқдорларида воз кечиш ҳуқуқига эга бўлади.
4) Кейинга қолдириш катта зарар етказадиган ҳолларда, дастлабки маслаҳатлушувларсиз муваққат чоралар кўрилиши мумкин. Бу ҳолда ушбу чораларни кўллаган Аҳдлашувчи Томон бошқа Томонни зудлик билан ёзма равишда хабардор қилади, шундан кейин маслаҳатлашувлар дарҳол бошланиши лозим.
5) Аҳдлашувчи Томонлар ушбу моддага мувофиқ чораларни танлашда мазкур Шартноманинг бундан буён амал қилишига энг кам даражада салбий таъсир кўрсатадиган тадбирларга афзалликлар берадилар.
12-модда
1) Аҳдлашувчи Томонлар корхоналарга низоларни аввало дўстона, ўзаро келишиб ҳал этишни тавсия қиладилар.
2) Иккала давлатда амалда бўлган қонунлар чегарасида ва корхоналар ўртасида битимларда мавжуд келишувларга мувофиқ. Аҳдлашувчи Томонлар:
а) Иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг корхоналари ўртасидаги савдо ва кооперация олди-соттиси, шунингдек, қўшма корхоналар тузишда ва тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга оширишда рўй берадиган олди-соттилар билан боғлик низоли масалаларни ҳал этишда ҳакамлик судини кўллашни;
б) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро савдо ҳуқуқи бўйча комиссия (ЮНСИТРАЛ) томонидан ҳакамлик қоидаларини қўллаш, ҳамда ажнабий ҳакамлик қарорларини тан олиш ва ижро этиш конвенцияси (Нью-Йорк, 1958 йил) қатнашчилари бўлган давлатлардан бирининг ҳакамлик судини жалб қилишни тавсия қиладилар.
13-модда
Ушбу Битим тўхтатилиши ёки ўзгартирилиши мазкур Битимнинг амал қилиши Аҳдлашувчи Томонларнинг корхоналари ўртасидаги юзага келган мажбуриятларга таъсир этмайди.
14-модда
1) Ушбу Битимга мувофиқ аралаш комиссия тузилади. Бу комиссия Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг таклифига биноан навбати билан Ўзбекистон ва Австрияда йиғилади.
2) Аралаш комиссияга ташқи иқтисодий алоқаларнинг аҳволи ва уларни ривожлантириш, таҳлил этиш:
а) истиқболга мўлжалланган иқтисодий алоқаларнинг аҳволи ва уларни ривожлантириш, таҳлил этиш;
б) иккала давлат корхоналари ўртасида иқтисод, саноат, техника ва фан-техника соҳасидаги ҳамкорлик шароитларини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
в) ушбу Битимни кўллаш юзасидан тавсиялар тақдим этиш вазифалари киради.
3) Ушбу Битимни кўллаш ва талқин этишга оид низолар аралаш комиссия доирасида музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
15-модда
1) Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимнинг Европа ҳамжамиятининг амалдаги ҳуқуқий мақомига зид бўлган қисмига боғлиқ бўлмайдилар.
2) 1-хатбошини талқин қилиш ва қўллаш бўйича тафовутлар келиб чиққанда Аҳдлашувчи Томонлар маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
16-модда
1) Ушбу Битим 2 йил муддатга тузилди ва башарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири Битимнинг амал қилиш муддати тугашига уч ой қолгунга кадар уни бекор қилиш ниятида эканлигини дипломатик йўллар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонга маълум қилмаса, кейинги ҳар бир йилга ўз-ўзидан узаяверади.
2) Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар ноталари айирбошлаш йўли билан бир-бирларини ушбу Битим кучга киришига тааллуқли иккала давлатда амалда бўлган қонунларда назарда тутилган тегишли давлат ички тартиботлари бажарилганлиги тўғрисида хабардор қилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб кучга киради.
Вена шаҳрида, 1995 йил 7 августда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва немис тилларида тузилди, бунда ҳар иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)