Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон ҳукумати бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
иккала давлат ўртасида тарихан қарор топган муносабатларни эътиборга олишиб,
иқтисодий ва савдо муносабатларидаги техникавий тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотнинг мос келишини, ўзаро алмашинувчанлигини, унинг инсон ҳаёти ва саломатлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун хавфсизлигини таъминлаш мақсадида,
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни исташиб, бунда халқаро ташкилотлар томонидан ушбу соҳада қабул қилинган принциплар ва нормалардан келиб чиқишиб,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукумат бошлиқлари томонидан 1992 йил 13 мартда имзоланган стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида келишилган сиёсат ўтказиш тўғрисидаги Битим қоидаларига амал қилишиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар, чунончи: стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш миллий тизимларини халқаро ташкилотлар томонидан ушбу соҳада қабул қилинган тизимлар билан бирхиллаштирадилар.
2-модда
Томонлар, зарурат бўлганда, Ўзбекистон давлат стандартларини Туркманистон ҳудудида ва тегишли равишда, Туркманистон давлат стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллашга кўмаклашадилар.
Томонлар, зарурат бўлганда, стандартлар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш масалалари бўйича бир-бирига ташкилий, методик ва амалий ёрдам кўрсатадилар.
3-модда
Томонлар сертификациялаш бўйича органларни, синов лаборатория-(марказ)ларини, синаш ва сертификатлаштириш натижаларини, «Ўздавстандарт» ҳамда «Туркманбошдавинспекция» томонидан қўшимча равишда келишилган шартлар бўйича ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотлар сертификатларини ва мувофиқлик белгиларини ўзаро тан оладилар.
Томонлар миллий тизимларда аккредитация қилиш мўлжалланаётган сертификатлаштириш бўйича органлар, синов лабораториялари рўйхати тўғрисидаги ахборотлар билан мунтазам алмашиниб турадилар ва уларни аккредитация қилишда қатнашишлари мумкин.
4-модда
Томонлар сертификатлаштириш халқаро тизимларида мустақил равишда қатнашадилар. Ушбу Битим Томонларнинг сертификатлаштириш халқаро тизимлари қоидаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
5-модда
Томонлар:
модда ва материаллар таркиби ва хоссаларининг стандарт намуналарини, моддалар ва материалларнинг физик константлари ва хоссалари тўғрисидаги стандарт справочник маълумотларни, синовлар ва турларни тасдиқлаш, метрологик аттестациялар, ўлчов воситаларини текшириш ва калибрлаш натижаларини, давлатларда тасдиқланган катталик бирликларининг давлат эталонларини ўзаро тан оладилар;
давлатларда аккредитация қилинган синов, текшириш, калибрлаш ва ўлчаш лаборатория(марказ)ларини, сертификатлаштириш органларини, ўзаро етказиб бериладиган ўлчов воситаларининг сертификатларини ва мувофиқлик белгиларини тан оладилар.
6-модда
Томонлар кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишда, мутахассислар алмашишда, корхоналар, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари ўртасидаги норматив-техник ҳужжатларни тайёрлашда, метрология ва сертификатлаштиришга доир ишларни ташкил этиш бўйича тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишда ўзаро ҳамкорлик қиладилар ҳамда ушбу ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратадилар.
7-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича турли халқаро ташкилотларда ҳамкорлик қиладилар, Томонлардан бири аъзо бўлган халқаро ташкилотларда қатнашиш ёки уларга аъзо бўлиб киришда ўзаро бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар ўзлари аъзо бўлган стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича халқаро ташкилотлардаги ишлар тўғрисида бир-бирини хабардор қилиб турадилар, сўровлар бўйича халқаро стандартлар матнлари билан бир-бирини белгиланган тартибда ўзаро таъминлаб турадилар.
Томонлар, агар уларнинг махфий тусдалигидан Томонлардан бири хабардор қилинган бўлса, олинган ҳужжатнинг ва ушбу Битим доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ахборотнинг ҳамда эришилган илмий-техникавий натижаларнинг махфийлигини таъминлайдилар.
8-модда
Ҳамкорлик давомида Томонлардан бири олган илмий-техникавий ахборот учинчи томонга фақат ушбу ахборот берган Томоннинг розилиги билангина берилиши мумкин.
9-модда
Ушбу Битимнинг қоидалари зарурат бўлганда «Ўздавстандарт» ва «Туркманбошдавинспекция» ўртасида тузиладиган қўшимча битимлар ва (ёки) протоколлар билан аниқлаштирилиши мумкин.
10-модда
Ушбу Битим Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида илгари тузишган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларга дахл қилмайди.
Ушбу Битимни бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ баҳслар музокаралар йўли билан ҳал этилади.
11-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради, беш йил мобайнида амал қилади ва агар Томонлардан бири ўзининг мазкур Битимнинг амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисидаги ниятидан бошқа Томонни Битимнинг навбатдаги амалда бўлиш даври тугагунгача олти ойдан кечикмай ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амалда бўлиш муддати ўз-ўзидан узаяди.
1996 йил 16 январда, Чоржўй шаҳрида, ўзбек, туркман, рус тилларида, икки асл нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битимни талқин қилиш учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)