Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
1996 йил Чоржўйда тузилган Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Шартнома қоидаларига амал қилиб,
туризм соҳасидаги икки томонлама алоқаларнинг муҳимлигини англаб ва уларга иккала давлат халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг муҳим ҳамда зарур омили сифатида қараб,
тенглик ва ўзаро фойдали асосда Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида туристик айирбошлашни янада такомиллаштириш учун ҳуқуқий асос яратиш истагини билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар иккала давлат қонунчилигига, мазкур Битимга ва Томонлар қатнашаётган бошқа халқаро битимларга мувофиқ иккала давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар ва рағбатлантирадилар.
2-модда
Томонлар туристларга хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг қўшма тадбиркорликни амалга оширувчи ташкилотлари, уюшмалари билан амалий алоқалар ўрнатишга, ҳам гуруҳ ҳолидаги, ҳам якка тартибдаги туризмни ривожлантиришга, ихтисослаштирилган гуруҳлар билан тажриба алмашишга, шу жумладан, Томонлардан ҳар бири давлатлари ҳудудида туризм масалалари бўйича ўтказиладиган кўргазмаларга, ярмаркаларга, анжуманларга, симпозиумлар ва семинарларга бориш учун кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар бошқа мамлакатларга боришаётган туристларга тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ҳудуди орқали транзит тартибида ўтишида кўмаклашадилар, ушбу битимнинг қатнашчиси бўлган бошқа давлат ҳудудида бўлган учинчи мамлакатлар туристлари сафарини расмийлаштиришда Томонлар ички қонунчиликка, халқаро ва давлатлараро битимларга амал қиладилар.
4-модда
Томонлар ўзларининг миллий (давлат) туристик ташкилотлари ўртасида туризм соҳасидаги ахборотларни айирбошлашни рағбатлантирадилар.
5-модда
Томонлар ўзаро ҳамжиҳатлик асосида туризм соҳаси учун профессионал кадрлар тайёрлашда бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар, туризм соҳасида мутахассислар ва илмий ишланмаларни айирбошлашни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон туристик ресурсларини реклама қилиш мақсадида матбуот, радио ва телевидение вакиллари билан айирбошлашни рағбатлантирадилар.
6-модда
Томонлар ўз давлатлари миллий (давлат) туристик ташкилотлари, уюшмалари ва корхоналарининг туристик кўргазмалар, ярмаркалар ва салонларда қатнашишларига кўмаклашадилар.
7-модда
Томонлар ҳам ўзларининг, ҳам учинчи мамлакатларнинг ҳудудларида Буюк Ипак йўлида туризмни ривожлантириш бўйича ВТО/ЮНЕСКО лойиҳасини биргаликда амалга ошириш юзасидан олдиндан чоралар кўрадилар.
8-модда
Ҳар қайси Томон бошқа Томон ҳудудида туризм ишлари бўйича расмий ваколатхона очиши мумкин.
Ваколатхоналар очиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби иккала мамлакат миллий (давлат) туристик ташкилотлари ўртасида келишиб олинади, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон қонунчилиги билан тартибга солиб борилади ва тегишли протоколлар билан расмийлаштирилади.
9-модда
Томонлар Жаҳон туристик ташкилоти ҳамда ҳукуматга қарашли ва ҳукуматга қарашли бўлмаган бошқа халқаро туристик ташкилотлар доирасида ўзларининг миллий (давлат) туристик ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштирадилар.
10-модда
Томонлар ўзларининг миллий (давлат) туристик ташкилотларига мазкур Битимни бажарувчи ва икки томонлама ҳамкорлик қилиш дастурларини ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳи ташкил этишни топширадилар.
11-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради, беш йил давомида амалда бўлади ва Томонлардан бири Битимнинг амалда бўлишини тўхтатиш ҳақидаги ўз ниятидан ёзма равишда навбатдаги давр тугашидан олти ой олдин бошқа Томонни хабардор қилмаса, унинг амалда бўлиш муддати ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврга узаяверади.
Ушбу Битимнинг амалда бўлишини тўхтатиш у амалда бўлган даврда туризм соҳасида келишиб олинган дастурлар ва лойиҳаларнинг бажарилишига тўсқинлик қилмайди.
Битим 1996 йил 16 январда Чоржўй шаҳрида, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимни талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)