Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
иккала давлат халқлари ўртасидаги анъанавий муносабатларни ҳисобга олиб, соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликдан Томонларнинг манфаатдор эканликларини эътиборга олиб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантирадилар:
биринчи ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш;
профилактик тиббиёт ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш;
доришунослик ва тиббиёт техникаси;
санаторий-курортда даволаниш ва саломатликни қайта тиклаш;
фавқулодда вазиятларда пайдо бўладиган тиббий-санитария асоратларининг олдини олиш ва бартараф қилиш;
шошилинч ахборотни айирбошлаш;
Томонлар ҳудудида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишига қарши эпидемиологик назорат ўтказиш.
3-модда
Томонлар беморларнинг аҳволи оғир бўлган ҳолларда текин, беморларни режали усул билан даволашда тижорат асосида тиббий ёрдам кўрсатадилар.
4-модда
Томонларнинг ҳар бири соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришда, тиббиёт ташкилотлари ва муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ташкил этишда, шунингдек мутахассисларни айирбошлашда, конференциялар, симпозиумлар ва семинарлар ўтказишда ўзаро ёрдам берадилар.
5-модда
Томонлар доривор воситалар, тиббиёт жиҳозлари ва техникаси ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этилишига кўмаклашадилар.
6-модда
Томонлар фавқулодда вазиятларда текин шошилинч даволаш-маслаҳат ёрдами кўрсатадилар.
7-модда
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг аниқ шакллари ва шартлари Томонлар давлат бошқаруви тегишли органлари ўртасида тузиладиган алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
8-модда
Томонлар зарурат туғилганда мазкур Битимни амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорлик юзасидан тавсиялар тайёрлаш учун қўшма комиссия тузишлари мумкин.
9-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради, беш йил давомида амал қилади ва агар томонлардан ҳеч бири тегишли муддат тамом бўлишидан камида олти ой олдин битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда иккинчи Томонга маълум қилмаса ўз-ўзидан навбатдаги беш йиллик даврларга узайтирилади.
1996 йил 16 январда, Чоржўй шаҳрида, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир. Талқин этишда келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда рус тилидаги матн асосий матн ҳисобланади.
(имзолар)