Ўзбекистон Республикаси билан Украина ўртасида
Битим
Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Украина, бундан кейин «Томонлар» деб аталадилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Украина халқлари ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилиб,
иккала давлат халқларининг маданий алоқалари ва дўстлик муносабатлари анъаналарини эътиборга олиб,
маданият ва санъат соҳасидаги алоқалар иккала мамлакатнинг туб манфаатларига жавоб беришига ва дўстлик муносабатларини, яхши қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорликни янада ривожлантиришга ёрдамлашишига ишониб,
ўзларининг миллий давлат тузилмаларидан ташқарида яшовчи фуқароларнинг маънавий эҳтиёжлари ва манфаатларини эътиборга олиб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар Ўзбекистон ва Украина халқларининг кўп асрлик маданий ва маънавий алоқаларига таяниб, улар ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни бундан кейин ҳам ривожлантиришга кўмаклашадилар. Шу мақсадда Украинада Ўзбекистон маданияти кунлари ва Ўзбекистонда Украина маданияти кунлари ўтказилади.
2-модда
Ҳар икки Томон ўз фуқароларига бошқа Томоннинг маданияти билан танишиш учун кенг йўл очиб беришни таъминлайди.
Томонлар маданият давлат муассасалари ва жамоат ташкилотлари ўртасида бевосита ҳамкорлик ва тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга, уларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, манфаатдор идоралар ўртасида тажриба алмашишга кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар икки томонлама дастурлар ва маданий ҳамкорлик қилиш лойиҳалари асосида бир республикадан иккинчи республикага профессионал ва ҳаваскорлик жамоаларини, алоҳида ижрочиларни таклиф қилишга кўмаклашишга тайёр эканликларини изҳор этадилар.
4-модда
Ижрочилик санъати соҳасида Томонлар бадиий фестиваллар, жамоалар ва солистларнинг гастроллари ўтказилишига, ўзбек ва украин авторларининг мусиқали ва драматик саҳна асарларининг қўйилишига ёрдам кўрсатадилар.
5-модда
Томонлар мусиқа, эстрада ва цирк санъати, тарихий-маданий мерос объектларини, ҳаваскорлик халқ ижодиёти, халқ ҳунармандчилигини муҳофаза қилиш соҳасида ўзаро маданий алмашувлар ва ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини оладилар.
Тасвирий санъат соҳасида Томонлар бадиий кўргазмаларни, шу жумладан, умумжаҳон қимматига эга бўлган коллекциялардан иборат кўргазмаларни ўзаро алмашишга кўмаклашадилар.
6-модда
Томонлар иккала мамлакатнинг маданий ва бадиий бойликларини, шу жумладан, тарихий, маданий ва диний ёдгорликлар ва объектларни сақлаш ҳамда таъмирлаш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
7-модда
Томонлар маданий акцияларни ташкил этадилар ва ўтказадилар, маданият ва санъат соҳасидаги давлат ва жамоат бирлашмалари ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштиришга қаратилган дастурларни, керакли лойиҳаларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар.
8-модда
Томонлар кутубхоначилик иши соҳасида А. Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат кутубхонаси ва Украина Миллий парламент кутубхонаси, Ўзбекистон Республика болалар кутубхонаси ва Болалар учун Украина миллий кутубхонаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик ўрнатиш мажбуриятини оладилар.
Томонлар Ўзбекистон ва Украина кутубхоналари ўртасидаги мавжуд китоб алмашишларни давом эттириш, иккала мамлакат кутубхоналарни адабиётлар билан бутлашда ёрдам кўрсатиш ниятидадирлар.
9-модда
Санъат ва маданият соҳаси ходимларининг юқори малакали кадрларини тайёрлашга муҳим аҳамият бериб, Томонлар маданият ва санъат ўқув юртлари мутахассисларини ўзаро ўқитиш ҳамда тайёрлашга кўмаклашиш мажбуриятини оладилар, бунда талабалар ва аспирантларни ўқитиш мажбуриятлари ва шартлари икки томонлама асосларда белгиланади.
10-модда
Томонлар музей иши соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар, иккала мамлакатнинг давлат тўпламларида, коллекцияларида ва фондларида сақланаётган тарихий-маданий бойликлар тўғрисида тўлиқ ахборотлар олишни таъминлайдилар.
Айирбошлашга оид бадиий кўргазмалар мавзуи икки томонлама маданий ҳамкорликнинг ҳар йилги дастурларида ва лойиҳаларида белгилаб олинади.
11-модда
Мазкур Битимни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ва Украина Маданият вазирлиги ўртасида алмашишнинг икки томонлама дастурлари ва ҳамкорликнинг ишчи режалари ишлаб чиқилади ва тайёрланади.
12-модда
Ушбу Битим 5 йил муддатга тузилади ва агар Томонлардан бири унинг амалда бўлишини тўхтатиш ҳақида жорий давр тугашидан олти ой олдин иккинчи Томонни ёзма ҳолда хабардор қилмаса, ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврларга узайтирилаверади.
Киев шаҳрида 1994 йил 10 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
(имзолар)