Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Украина Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истагига амал қилиб,
дўстона алоқаларни чуқурлаштиришнинг омили сифатидаги халқаро туристик алоқаларни кенгайтириш учун қулай шароит яратиш мақсадида,
бу муносабатларни туризм бўйича ҳукумат органлари, миллий, минтақавий ва бошқа туристик ташкилотлар ўртасидаги кенг ҳамкорлик йўли билан ривожлантириш истагидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар, иккала мамлакатнинг тегишли ташкилотлари ижтимоий-иқтисодий, фан ва маданият соҳаларидаги тажриба, шунингдек, ўз давлатлари халқларининг тарихий ёдгорликлари, туристик ва табиий диққатга сазовор жойлари, маданий ва тарихий анъаналари билан ўзаро таништириш мақсадида туризм соҳасида иш олиб борувчи ташкилотлар ўртасида ишчан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар иккала мамлакатда туристик ваколатхоналар, ахборот ва сервис хизматлари очилишига ёрдам беришга аҳдлашдилар.
Бир Томон ҳудудида ахборот ва хизмат кўрсатиш муассасалари очилгунига қадар бошқа Томон туристларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатишга кўмаклашади.
3-модда
Томонлар туристик ташкилотларнинг фойдали иш юритишлари учун иккала давлат туристик ваколатхоналарига зарур шароит яратиб беришга аҳдлашдилар.
4-модда
Томонлар амалдаги қонунлар ва қоидалар асосида туристларнинг давлат ҳудудига кириши ва ҳаракат қилиши учун қулай шароитлар яратишга аҳдлашдилар.
5-модда
Томонлар иккала давлат ҳудудида туристик кўргазма ва ярмаркалар ташкил қилишга кўмаклашадилар.
6-модда
Томонлар туризмнинг турли (туризм бўйича давлат идоралари, туристик ва транспорт корхоналари ва ташкилотлари ва туристик хизматнинг бошқа бўлинмалари) соҳаларида мутахассислар алмашишга кўмаклашадилар.
Мутахассислар билан алмашиш шартлари Томонларнинг ваколатли идоралари ўртасидаги Битимлар билан келишиб олинади.
7-модда
Томонлар ахборот, ўқув ва реклама материаллари, шунингдек, илғор тажриба алмашишни фойдали деб ҳисоблайдилар.
8-модда
Томонлар туристик алоқаларнинг аҳволини аниқлаш ва бу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш учун туризм раҳбарларининг ҳар йилги учрашувларини ўтказиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар.
9-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил муддатга тузилади. Агар Томонлардан бири иккинчи Томонни кўрсатилган муддат тугашидан камида 6 ой аввал дипломатик йўли бўйича унинг амал қилишини тўхтатиш истаги ҳақида ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиши ўз-ўзидан кейинги бир йиллик даврларга узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 1995 йил 20 июнда, ўзбек, украин ва рус тилларидаги икки нусхада тузилди, барча матнларнинг мазмуни бир хил.
Келишмовчиликлар юзага келган ҳолда рус тилидаги матн устувор бўлади.
(имзолар)