Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Ҳукумати ўртасида
Битим
Элчихоналар фаолияти билан боғлиқ бўлган масалаларни ўзаро тартибга солиш тўғрисида
Қуйида «Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Украина Ҳукумати,
иккала мамлакат суверенитети принциплари, шунингдек БМТ Низоми принциплари ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларини тан олган ҳолда,
ҳурмат, тенглик ва ўзаро манфаат руҳидаги икки томонлама дўстона муносабатларни ривожлантиришга интилиб,
Ўзбекистон Республикасининг Киев шаҳридаги ва Украинанинг Тошкентдаги элчихоналари фаолияти билан боғлик масалаларни тартибга солишга ўзаро интилиб, ўзаро маслаҳатлашувлар асосида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасининг Киев шаҳридаги ва Украинанинг Тошкент шаҳридаги элчихоналарининг фаолиятини таъминлаш масалаларини умумий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда тенг ҳуқуқлик асосида ҳал қиладилар.
2-модда
Томонлар бир-бирига элчихоналар, элчилар қароргоҳларини жойлаштириш учун умумий майдони 3000 кв. м. гача бўлган биноларни, шунингдек ходимларнинг яшашлари учун турар-жойлар ажратишни таъминлайдилар.
3-модда
Томонлар мазкур Битимга мувофиқ фойдаланишга бериладиган барча бино ва ер майдонлари учун ижара ҳақидан бир-бирларини озод қиладилар.
4-модда
Томонлар элчихоналар ходимларини дипломатик ваколатхоналар учун даволаш муассасаларида бепул тиббий хизмат билан таъминлашга кафолат берадилар.
5-модда
Мазкур Битим Томонлар давлат ичкарисида бунинг учун зарур бўлган тадбирларни бажаргани тўғрисида билдиришномалар билан алмашилган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битимга ўзгартишлар иккала Томоннинг ёзма равишдаги розилиги билан киритилади.
Тошкент шаҳрида 1995 йил 20 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим моддаларини талқин қилишда тафовутлар юзага келганда, рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)