Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Украина Ҳукумати ўртасида
Битим
Фармацевтика саноати соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида
Бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчи, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Украина Ҳукумати,
аҳолини дори-дармонлар, вакциналар ва бошқа иммунобиологик воситалар, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари билан таъминланишига алоҳида аҳамият берган ҳолда,
фармацевтика саноати соҳасидаги ўзаро муносабатларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришга интилиб,
ўзаро тенг ҳуқуқлилик, мустақилликни ҳурмат қилиш, ўзаро манфаатдорлик ва ўзаро ёрдам қилиш тамойилларига содиқ қолган ҳолда,
қуйидагилар хусусида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар дори-дармонлар, вакциналар ва бошқа иммунобиологик воситалар, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари ишлаб чиқарадиган саноат корхоналарига ўзаро ёрдам кўрсатиб борадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар дори-дармонлар, вакциналар ва бошқа иммунобиологик воситалар, тиббиёт воситалари ва тиббиёт техникалари билан таъминлашни Аҳдлашувчи Томонлар қонунчилигига ва барча мулкчилик турларидаги хўжалик субъектлари орасида тузиладиган контрактлар (шартномалар) асосида амалга оширадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришда зарур бўладиган хом-ашё, воситалар, ярим тайёр маҳсулотлар, асбоб-ускуналар билан таъминлашдаги кооперациялашган алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришга келишиб олдилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Украина давлат эҳтиёжлари учун мўлжалланган тиббий маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга моддий-техника ресурсларини ажратиб боришга кўмак бериб борадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар илмий-текшириш ва тажриба-ижодкорлик ишларида ўзаро фойдали ҳамкорликни систематик ривожлантиришга келишиб олдилар, дори-дармонларни стандартлаштириш, рўйхатдан ўтказиш ва сифат назорати соҳаларида ҳамкорлик қилиш мажбуриятини оладилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар фармацевтика саноатида ишловчи мутахассисларни шартномалар асосида тайёрлаш ва малакаларини ошириш учун шароит яратиб беришда кўмаклашадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар давлат қонунчилиги асосида, ўзаро келишилган рўйхатларга кўра, ўткир юқумли касалликлар эпидемиялари бошланишини олдини олиш, диагностика қилиш ва даволашда ишлатиладиган иммунобиологик воситалар ва бошқа дори-дармонларни олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш учун рухсат берадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли ташкилотларининг махсус ёзма розиликларисиз дори-дармонлар, вакциналар ва бошқа иммунобиологик воситалар, тиббиёт жиҳозлари ва тиббиёт техникаларини учинчи мамлакатларга, шу жумладан, хорижий жисмоний ва юридик шахсларга ёки халқаро ташкилотларга реэкспорт қилинмайди.
9-модда
Зарурат туғилганда, Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро розилигига кўра ушбу Битимга қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши мумкин.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар хўжалик юритиш субъектлари орасида ушбу Битим асосида амалга оширилаётган товар етказиб беришда туғилиши мумкин бўлган саволлар ташқи савдо контрактлари (шартномалари)да кўзда тутилган шартларда ҳал этилади.
11-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил муддатга тузилгандир. Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бири унинг амалда бўлишини тўхтатиш истаги тўғрисида ёзма билдиришномани ушбу муддат тамом бўлишига камида олти ой олдин тақдим этмаса, у кейинги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
Ушбу Битим қоидалари унинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, Битим амал қилиш вақтида ижро этилмаган икки мамлакат корхона ва ташкилотлари ўртасида тузилган контрактларга нисбатан қўлланилади.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 5 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадларида рус тилидаги матн қўлланилади.
(имзолар)