Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Электр ва почта алоқаси соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталадилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси халқлари ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган мавжуд алоқаларни ривожлантиришга интилишга амал қилишиб,
алоқа соҳасидаги икки томонлама муносабатлар Жаҳон почта иттифоқи ҳужжатлари қоидаларига ҳамда Халқаро электр алоқаси иттифоқи тавсияномаларига, шунингдек бошқа халқаро шартномаларга қатъий мувофиқ равишда ўрнатилишини эътиборда тутишиб,
алоқа соҳасидаги ўзаро ҳаракат ва ҳамкорлик ўзаро ёрдам асосида ривожланиши керак, деб ҳисоблашиб,
Томонлар ўртасида алоқа воситаларининг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий, иқтисодий ва технологик муносабатлар ўрнатилишини исташиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар, ўз ваколатлари ва имкониятлари ҳажмида, халқаро ҳуқуқнинг умумий равишда қабул қилинган нормалари ва принципларига, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси қонунчилигига, Жаҳон почта иттифоқи ҳужжатлари қоидаларига ҳамда Халқаро электр алоқаси иттифоқи тавсияномаларига мувофиқ равишда ҳаракат қилишиб, электр ва почта алоқаси соҳасидаги ҳамкорликни давом эттирадилар ва кенгайтирадилар.
2-модда
Томонлар почта ва электр алоқасини ташкил этишдаги барча ўзгартиришлар тўғрисида, шунингдек алоқа хизмати кўрсатганлик учун ўзаро ҳисоб- китоблар тартиби тўғрисида бир-бирларини ушбу ўзгартиришлар бошланиши тавсия этиладиган санадан 3 ой олдин хабардор қиладилар.
Томонлар электр алоқасининг, почта жўнатмаларининг, махсус алоқанинг, телевидение ва радиоэшиттиришларни узатишнинг барча турларини ўзаро фойдали шартларда ўз давлатлари ҳудуди орқали эркин транзит йўли билан амалга оширилишини кафолатлайдилар.
3-модда
Ушбу Битимни бажаришдан келиб чиқадиган ҳисоб-китоблар ва тўловлар Томонларнинг алоқа Маъмуриятлари ўртасида амалда бўлган битимларга мувофиқ амалга оширилади.
Алоқа хизматлари кўрсатиш бўйича барча ўзаро ҳисоб-китоблар ўзаро ҳисоб-китоб марказлари ва ваколатли банклар орқали марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.
4-модда
Томонлар бир-бирларига нисбатан учинчи давлатларда ва тегишли халқаро ташкилотларда Томонларнинг алоқа Маъмуриятлари фаолиятига тўсқинлик қилувчи ёки уни қийинлаштирувчи камситиш чораларини қўлламайдилар.
5-модда
Томонлар ўз давлати ҳудудида бошқа Томоннинг радио ва телевизион дастурларини ҳамда вақтли нашрларини обуна ва чакана савдо бўйича Томонларнинг Ҳукуматлари ва тегишли идоралари ўртасидаги шартнома ва битимлар билан белгиланган ҳажмларда тарқатишни ташкил этишда бир-бирларига кўмаклашадилар.
6-модда
Томонлар шунга келишиб олдиларки, хизмат кўрсатишда қатнашувчи барча алоқа корхоналари ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш юзасидан истеъмолчилар олдида баб-баравар жавоб берадилар, халқаро алоқаларнинг сифатсиз иши юзасидан шикоятларни кўриб чиқиш тартиби Жаҳон почта иттифоқи ҳамда Халқаро электр алоқаси иттифоқи ҳужжатлари билан белгиланади.
7-модда
Томонлар алоқа корхоналарининг телефончилари, телеграфчилари, техник ва почта ходимлари ўртасида хизмат ахборотларини айирбошлаш, шунингдек, хизмат ҳужжатларини айирбошлаш учун рус тилидан фойдаланиш тўғрисида келишиб олдилар.
Томонларнинг мамлакатлари юборадиган почта жўнатмалари ва телеграммаларнинг манзилгоҳлари рус тилида ёки лотин ҳарфларида расмийлаштирилади.
8-модда
Томонлар алоқа корхоналарида давлатлараро хабарлар ва ахборотларни узатиш технологик жараёнларида ягона ҳисобга олиш — ҳисобот вақтини — Москва вақтини, фойдаланувчилар билан ишлашда — маҳаллий вақтни қўллашади.
9-модда
Томонлар оператив-техник бошқариш тизимининг амалдаги технологик жараёнларга мувофиқ ўзаро ҳамкорликда ишлаши тўғрисида келишиб олдилар.
Томонлар фавқулодда вазиятларда хабарларнинг алоқа воситалари орқали устуворлик билан узатилишини таъминлайдилар.
Томонлар давлатлараро алоқа линияларидаги аварияларни бартараф этишда бир-бирларига ўзаро ёрдам берадилар.
Тиклаш ишларини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини Томонларнинг алоқа Маъмуриятлари ишлаб чиқадилар ва келишиб оладилар.
10-модда
Томонлар давлатлараро аҳамиятга эга бўлган алоқа объектларини қуриш ҳамда ишлатиш норма ва қоидаларини мувофиқлаштириб боришга келишиб олдилар.
11-модда
Томонлар чегара районларининг кучли радиотелевизион воситалари ишлаётганда рўй бериши мумкин бўлган икки томонлама бузилишларга йўл қўймаслик мақсадида радиочастота спектридан фойдаланиш режаларини мувофиқлаштиришни амалга оширадилар.
12-модда
Томонлар шуни белгилаб қўйдиларки, агар Томонларнинг давлатлари ўртасидаги битимларда алоқа соҳасидаги муносабатларда келиб чиқадиган баҳсларни ечиш тартиби келишиб олинмаган бўлса, Томонларнинг алоқа маъмуриятлари ушбу тартибни улар ўртасида тузилган шартномаларда мустақил равишда белгилайдилар.
13-модда
Томонлар шу тўғрида келишиб олдиларки, зарурат бўлганда, ушбу Битимга иккала Томоннинг розилигига кўра ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар мазкур Битимнинг узвий қисми ҳисобланадиган протокол билан расмийлаштирилади.
14-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим Томонлардан бири бошқа Томонни ўзининг уни бекор қилиш истаги тўғрисида дипломатик йўл билан ёзма равишда хабардор қилмагунгача амал қилади. Мазкур Битимда қатнашишдан воз кечиш тўғрисидаги билдиришнома олингандан кейин уч ой ўтгач Битим ўз кучини йўқотади.
1996 йил 4 сентябрда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Битимни талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)