Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида
1-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
«хориждан маблағ жалб қилиш» — Ўзбекистон Республикаси ёки унинг резиденти томонидан хорижий давлатлар ёки норезидентлар активларининг (кредитлар, заёмлар ва бошқаларнинг) мазкур хорижий давлатга ёки норезидентга ёхуд уларнинг талабига кўра учинчи шахсга шартлашилган даврда адекват активларни, шу жумладан активлардан фойдаланганлик учун тўловларни тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган ҳолда жалб этилиши;
«давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши» — активларни чет эл манбаларидан (хорижий давлатлар, уларнинг юридик шахсларидан ва халқаро ташкилотлардан) жалб этиш ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи резидентларнинг ўз кредитлари (заёмлари)ни тўлашига кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келиши;
«резидентнинг ташқи қарзи» — унинг хориждан маблағ жалб қилиши натижасида юзага келган мажбуриятлари йиғиндиси;
«давлат ташқи қарзи» — давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши натижасида юзага келган Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари йиғиндиси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
«умумий ташқи қарз» — резидентларнинг давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарзлари ҳамда давлат ташқи қарзи суммаси;
«қарз олувчи» — хориждан маблағ жалб қилган ёхуд хориждан маблағ жалб қилиш ниятини ҳужжат билан тасдиқлаган Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўрувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки резидент;
«кредит берувчи» — хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартнома бўйича активлар берган ёки активлар бериш ниятида бўлган хорижий давлат ёки норезидент (хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари). Агар норезидентлар бир нечта бўлса, у ҳолда кредиторлар гуруҳидаги ваколатли бошқарувчи вазифасини бажарувчи норезидент кредит берувчи ҳисобланиши мумкин.
2-модда. Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Хориждан маблағ жалб қилиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида Ўзбекистон Республикасининг хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида баён этилганидан кўра бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Хориждан маблағ жалб қилиш
Хориждан маблағ қуйидаги йўллар билан жалб қилинади:
давлат ёки Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлмиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан заёмлар, товарлар ёки хизматларни импорт қилиш шаклида кредитлар жалб этилиши;
норезидентлар маблағларининг Ўзбекистон Республикаси молия институтлари томонидан депозитларга жалб этилиши;
лизинг операциялари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва резидентларнинг облигациялар, векселлар ҳамда бошқа хил қимматли қоғозлар чиқариб, чет эл бозорларида жойлаштириши;
бошқа тур ва шакллардан фойдаланиш.
4-модда. Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартнома
Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси номидан шартномалар тузиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган эгадир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат навбатдаги молия йили учун хориждан жалб қиладиган маблағнинг энг кўп миқдори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисидаги шартномаларни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари
Қарз олувчи резидент хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартномага биноан ўз тўлов мажбуриятларини бажармаган тақдирда унинг қарзини тўлаш ҳақида олинган мажбурият Ўзбекистон Республикасининг кафолати ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси номидан кафолатни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у вакил қилган орган қарз олувчи билан тузилган шартнома шартлари асосида беради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўзи берган кафолатлар билан боғлиқ тўловларни амалга оширгач, ана шу тўловлар суммаси ҳамда у билан боғлиқ харажатларни қарз олувчидан сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқига эга.
Қарз олувчи кафил олдидаги ўз шартнома мажбуриятларини бажармаса, у кафил билан келишмасдан фойдани тақсимлашга ҳамда бошқа қарзлар бўйича тўловларни амалга оширишга ҳақли эмас.
Кафолатларни бериш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Агар резидентларнинг қарз мажбуриятлари кафолатланган бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси улар юзасидан жавобгар бўлмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-модда. Кафолат фонди
Давлатнинг ташқи қарзи бўйича қарз мажбуриятлари юзасидан тўловларни бажариш учун кафолат фонди тузилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўзи кафолатлаган ташқи қарз бўйича мажбуриятлари билан боғлиқ барча тўловлар кафолат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Кафолат фондининг маблағлари етишмаган тақдирда, етишмаётган сумма давлат бюджети ҳисобидан тўлдирилади.
Кафолат фондини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7-модда. Қарз олувчининг мажбуриятлари
Қарз олувчи қуйидагиларни бажариши:
ўзи тузган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариши;
хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида тузилган шартномалар ҳамда улар юзасидан операциялар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига, кафолатланган қарзлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳам ҳисоботлар тақдим этиши;
ҳар бир алоҳида ташқи қарз бўйича қарзнинг тўлиқ тўланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига хабар бериши шарт.
8-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ваколатлари
Хориждан маблағ жалб қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ваколатларига қуйидагилар киради:
хориждан маблағ жалб қилиш масалалари юзасидан халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар олиб бориш;
давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши бўйича лойиҳаларни баҳолаш;
давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши бўйича шартномаларни ва кафолатларни рўйхатга олиш;
давлат ташқи қарзини ҳисобга олиш ва кузатиб бориш;
давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши бўйича тўловлар балансини юритиш, жалб этилган маблағлардан фойдаланиш ва уларни тўлаш устидан назоратни амалга ошириш;
давлат ташқи қарзи тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ахборот тақдим этиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ваколатлари
Хориждан маблағ жалб қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ваколатларига қуйидагилар киради:
хориждан маблағ жалб қилиш масалалари бўйича халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар олиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланмаган хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатга олиш;
хориждан маблағ жалб қилишга доир операцияларни ҳисобга олиш ва кузатиб бориш;
умумий ташқи қарзнинг ҳисобини юритиш;
давлат ташқи қарзларига ҳисоб-китоб-банк хизмати кўрсатилишини ташкил этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланган хориждан жалб қилинган маблағларга ҳисоб-китоб-банк хизматлари кўрсатиш юзасидан ваколатли банкларга агентлик ваколатларини бериш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
хориждан маблағ жалб қилиш бўйича маълумотлар базасини яратиш;
Вазирлар Маҳкамасига резидентларнинг ташқи қарзи бўйича ахборотлар тақдим этиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Халқаро молия ташкилотларига ахборот тақдим этиш
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки халқаро молия ташкилотларига Ўзбекистон Республикасининг тузилган шартномаларга мувофиқ хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисида ахборот тақдим этади.
11-модда. Хориждан маблағларни жалб қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан баҳсларни ҳал этиш
Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартномалар билан боғлиқ масалалар юзасидан қарз берувчи билан қарз олувчи ўртасида чиққан баҳслар, агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, суд тартибида ёки тарафларнинг келишувига кўра — холислар текшируви тартибида ҳал этилади.
12-модда. Қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 29 август,
263-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 9-сон, 126-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 52-сон, 686-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 01.05.2023 й., 03/23/836/0232-сон)